Тошкент бош режаси ўзгарди

Ҳукумат қарори билан пойтахтнинг 2045 йилгача бўлган бош режасига муҳим ўзгартиришлар киритилди.

Тошкент бош режаси ўзгарди

Пойтахт Тошкентда умумий майдони 1512 гектар бўлган ҳудудларда қиймати 14,5 млрд долларга тенг 30 та йирик кўчмас мулк лойиҳаси амалга оширилади. Ушбу рўйхатдан жой олган мажмуалар турар ва нотурар жой объектларини ўз ичига олади. Бу ҳақда 28 феврал куни қабул қилинган «Тошкент шаҳрида комплекс қурилиш тамойили асосида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда яшил ҳудудларни барпо этиш жараёнларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарорида келтирилган.

Янги тартибга кўра, ҳар бир йирик реновация ва реконструкция лойиҳаси доирасида ҳудуднинг камида 30 фоизи яшил майдон сифатида ажратилиши шарт этиб белгиланди. Шу билан бирга, шаҳарда ер майдони 1 гектаргача бўлган кичик ва зич курилишлардан («точечная застройка») бутунлай воз кечилади. Энди қурилиш ишлари факат комплекс тамойил асосида олиб борилади.

9 та парк қурилади

Қарор билан «Toshkent Invest» компанияси томонидан 9 та ҳудудда жами 139,6 гектарлик янги жамоат парклари ташкил этилиши тасдикланди. Ушбу яшил ҳудудларни барпо этиш учун маблағлар қурилишлардан тушадиган инфратузилма тўловлари ҳисобидан йўналтирилади. Бу боғлар шаҳар аҳолиси учун очиқ дам олиш маскани сифатида хизмат қилади.

Саноат салоҳиятини ошириш максадида Янгиҳаёт туманининг Хўжа Учқун ва Янги Гулзор маҳаллаларида 799 гектар майдонда «Янги авлод» саноат зонаси барпо этилади. Ушбу лойиҳанинг қиймати 1,67 млрд доллар бўлиб, ишлаб чиқариш кқувватларини кенгайтиришга хизмат килади. Бу ерда замонавий технологияларга асосланган корхоналар жойлаштирилади.

Қурилиш лойиҳалари учун инфратузилма тўловларига 1,1 дан 3,0 гача бўлган оширувчи коэффициентлар жорий этилди. Шунингдек, барча янги бино ва иншоотларни лойиҳалаштиришда энергия тежамкор технологиялар ва газга муқобил ёкилғи турларидан фойдаланиш мажбурий этиб белгиланди. Бу эса шаҳарнинг энергия таъминотига тушадиган юкламани камайтиришга ёрдам беради.

Хар бир инвестиция лойиҳаси учун алохида мастер-режалар ишлаб чиқилиши лозим. Бу хужжатлар ҳудуднинг архитектура ва муҳандислик кўрсаткичларини инобатга олган ҳолда тасдиқланади.

Теглар

Мавзуга оид