Logo

Тошкент – Нукус тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилади

Бугун 12:302 дақиқа

Қорақалпоғистон Республикасида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва логистика инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқувчи йирик лойиҳалар старт олмоқда.

Тошкент – Нукус тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилади © vaqt.uz

Нукус шаҳрида бўлиб ўтаётган Президент йиғилишида Қорақалпоғистоннинг ҳар бир туманида аҳоли турмуш шароитини яхшилашга хизмат қиладиган лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Хусусан, 384 миллион доллар эвазига А-380 магистрал йўлининг Қўнғиротдан ўтган 240 километри тўлиқ бетон қопламага ўтказилган.

18 сентябр куни йўлнинг Тўрткўл, Элликқалъа ва Берунийдан ўтган яна 92 километрини қуриш бошланган. Мазкур лойиҳанинг қиймати 233 миллион долларга тенг.

Маълум қилинишича, мазкур ишлар натижада транзит 1,5 карра ошади. Тўрткўлга кирган юклар Қозоғистон чегарасига бир сутка ўрнига 10 соатда етиб боради.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, келаси йил март ойидан Тошкент – Нукус тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилиб, сафар вақти 16 соатдан 7 соатга қисқаради.

Шунингдек, «Туямўйин» сув тозалаш иншоотини реконструкция қилиш ва Қўнғиротдан Мўйноққа 100 километр ичимлик сув тармоғини тортиш бошланади.

Саноат харитаси янгиланади

Йиғилишда Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда ер, қазилма бойликлар, қуёш ва шамол энергияси ҳамда катта яйловлар борлигини таъкидлади. Бу имкониятлар асосида «ресурсдан тайёр маҳсулотгача» бўлган занжирни қамраб олувчи янги саноат ва инвестиция харитаси яратилади.

Таъкидланишича, «Қўнғирот – Қораўзак – Тахиатош» йўналиши Қорақалпоғистоннинг «яшил саноат йўлаги» – «интеллектуал иқтисодиёт учбурчаги»га айланади.

Шу билан бирга, сунъий интеллект ва дата марказ лойиҳалари учун ташкил этилган махсус зонада 8 миллиард долларлик 6 та лойиҳа амалга оширилади.

Мутасаддиларга 1-октабргача беш йиллик дастур ишлаб чиқиб, инвесторлар учун 1 гигаватт қувватли барқарор электр таъминотини йўлга қўйиш топширилган.

«Уч йилда Нукус шаҳри, Қўнғирот, Қораўзак ва Тахиатошда 1,5 минг юқори даромадли иш ўрни яратиш, булутли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида йиллик экспортни 600 миллион долларга етказиш вазифаси белгиланди», — дейилади хабарда.

Теглар

Мавзуга оид

Тошкент – Нукус тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилади | Vaqt.uz