
Тошкентда 46 минг нафар қарздор истеъмолчи сув таъминотидан узилди
Ўзбекистонда йил бошидан бери 62,4 минг нафар қарздор истеъмолчи сув таъминотидан узилди. Қарздорликлар ўтган йилга нисбатан 34 фоизга камайган.

Шу йилнинг январ–октябр ойларида назорат органлари билан ҳамкорликда ичимлик ва оқова сув тармоқларига жами 4 351 та ноқонуний уланиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда «Тошкент шаҳар сув таъминоти» АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳри 488 та ҳолат билан энг юқори кўрсаткични қайд этган. Сирдарё вилоятида 433 та, Қорақалпоғистон Республикасида 425 та ва Хоразм вилоятида 419 та ҳуқуқбузарлик аниқлангани маълум қилинди.
Мазкур қонунбузарликлар жамият манфаатларига 82 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказган. Шу маблағнинг 33,6 миллиард сўмлик қисми тўлиқ қоплаб берилган.
Қарздорликларни қисқартириш мақсадида йил давомида 123,4 минг нафар қарздор истеъмолчига нисбатан фуқаролик ва иқтисодий судларга 358,4 миллиард сўмлик даъво аризалари киритилган. Шунингдек, мамлакат бўйича 62,4 минг жисмоний ва юридик истеъмолчи қарздорлиги учун сув таъминоти тармоғидан узилган. Энг кўп узилишлар 46 мингта ҳолат билан Тошкент шаҳрида қайд этилган.
Таъкидланишича, амалга оширилган чоралар натижасида истеъмолчилар дебитор қарздорлиги 2025 йил бошига нисбатан 203 миллиард сўмга, яъни 22 фоизга камайган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса қарздорликлар 364 миллиард сўм ёки 34 фоизга қисқарган.





