add

Трамп режаси: Украина Донбассдан воз кечиши ва армияни қисқартириши керак

Financial Times ва Axios маълумотига кўра, Трамп таклиф этган тинчлик режаси Украина учун деярли тўлиқ таслим бўлиш билан тенг ҳисобланмоқда.

Трамп режаси: Украина Донбассдан воз кечиши ва армияни қисқартириши керак

Financial Times ва Axios манбаларига кўра, АҚШда Доналд Трамп гуруҳи томонидан тайёрланган Украина бўйича янги тинчлик режаси Киевдан Донбассни тўлиқ тарк этишни ва армия сонини икки баробарга камайтиришни талаб қилмоқда. Бу ташаббус ортида Стивен Уиткофф ва Кирилл Дмитриев тургани қайд этилган.

Axios хабарига кўра, режа Украина Қуролли кучларини Донбасс ҳудудининг 14 фоизидан олиб чиқишни ва бу ерни ҳарбий жиҳатдан бетараф ҳудудга айлантиришни кўзда тутади. Бунга жавобан, Кремл Запорижжя ва Херсон фронтидаги ҳужумларни тўхтатиши кутилмоқда. Ҳатто айрим босиб олинган ҳудудларни қайтариш эҳтимоли ҳам тилга олинган, бироқ бу фақат Россия билан музокаралар муваффақиятли кечган тақдирда амалга ошиши мумкин.

Трамп режасида Қрим ва Донбасснинг Россияга қарашли эканини АҚШ ва бошқа мамлакатлар томонидан тан олиниши белгиланган. Украинадан эса бу талаб қилинмаяпти, аммо у рус тилини давлат тили сифатида тан олиши ва Россия православ черковига нисбатан чекловларни бекор қилиши керак бўлади.

Financial Times маълумотига кўра, ушбу режа Украина армиясига айрим турдаги қуроллардан фойдаланишни тақиқлайди, хусусан, узоқ масофали ракеталар етказиб беришни тўхтатиш ҳамда мамлакат ҳудудида хорижий аскарларни жойлаштиришни ман этади.

FT мухбирининг таъкидлашича, бу таклиф Украина учун «таслим бўлишга тенг»дир. Манбаларнинг сўзларига кўра, бу фақат Кремлнинг максимал талабларини расмийлаштиришдан бошқа нарса эмас.

Axios нашрига кўра, АҚШ расмийлари бу режани Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши раҳбари Рустам Умеровга тақдим этган. Стивен Уиткофф ушбу таклифни Анқарада Володимир Зеленский билан муҳокама қилишни режалаштирган, бироқ Украина раҳбари учрашувни бекор қилган. Зеленскийнинг Европа мамлакатлари билан ўз режаси бор ва у Россия томонидан ҳеч қачон қабул қилинмаслиги айтилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Трамп режаси: Украина Донбассдан воз кечиши ва армияни қисқартириши керак | Vaqt.uz