
Трамп режасидаги Путин ваъдаси: у қайта Украинага ҳужум қилмайди
Вашингтонда тайёрланган тинчлик режаси Украинадан улкан ён беришлар, Путиндан эса «қайта ҳужум қилмаслик» ваъдасини талаб қилмоқда.

The Wall Street Journal манбасига кўра, АҚШда Доналд Трамп атрофидаги шахслар — давлат котиби Марк Рубио, Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва зяти Жаред Кушнер Украина учун янги тинчлик режасини ишлаб чиққан.
Режа 28 банддан иборат бўлиб, унда Киев томонидан жиддий ён беришлар назарда тутилган. Масалан, Украина Донбассни тўлиқ тарк этиши, армиясини икки баробар қисқартириши ва НАТОга аъзо бўлиш уринишларини чеклаши керак бўлади.
Ушбу ташаббус Россиянинг тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриев билан ҳам муҳокама қилинган. Москва эса бунинг эвазига Украина ва Европага қайта ҳужум қилмасликни ваъда қилади ва бу мажбуриятни қонун билан мустаҳкамлайди.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, бундай «ваъда» жуда шубҳали — чунки Россия аввал ҳам Будапешт меморандумига ва халқаро ҳуқуқ нормаларига зид равишда Қримни аннексия қилган ва 2022 йилда тўла ҳужумни бошлаган. Шунингдек, Путин вазиятга қараб Россия Конституциясини бир неча бор ўзгартиргани билан ҳам танилган.
The Telegraph хабарига кўра, режа Донбасс бўйича ижара шартномаси шаклидаги «тўлов»ни ҳам назарда тутади. Ҳуқуқий мулк Украинада қолади, аммо Россия «фойдаланиш» учун тўлов амалга оширади. Бу орқали референдум ўтказиш ва халқ қаршилигидан қочиш кўзда тутилмоқда.
Оқ дом бу режа ҳақида на Украина, на Европа давлатларини огоҳлантирган. Европа Иттифоқи расмийлари эса бу режа қаттиқ қаршиликка учраши мумкинлигини таъкидламоқда.





