add

Трамп сиёсати АҚШ компанияларни банкрот қилмоқда

Бугун 09:582 дақиқа

2025 йилда АҚШда корпоратив касодликлар сони Буюк рецессия даври даражасига етди, саноат ва истеъмол бозорларидаги босим компанияларни оғир аҳволга солмоқда.

Трамп сиёсати АҚШ компанияларни банкрот қилмоқда

2025 йилда АҚШда корпоратив банкротликлар кескин кўпайиб, Буюк рецессия йилларига яқинлашди. The Washington Post нашрининг маълум қилишича, S&P Global Market Intelligence ҳисоб-китобларига кўра, декабр ойига қадар камида 717 та компания банкротлик ҳақида ариза берган.

Бу кўрсаткич 2010 йилдан бери энг юқори даража ҳисобланади. 2024 йилга нисбатан касодга учраган компаниялар сони 17 фоизга кўп. Корхоналар молиявий қийинчиликларни инфляция, фоиз ставкаларининг юқорилиги ҳамда АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятининг савдо сиёсати билан изоҳламоқда. Айниқса, таъминот занжирларидаги узилишлар ва харажатларнинг ошиши бизнесга жиддий босим қилган.

Нашрга кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида «мега-банкротликлар» сони ҳам кескин ошган. Активлари 1 млрд доллардан ортиқ бўлган компаниялар томонидан январ–июн ойларида 17 та банкротлик аризаси берилган. Бу коронавирус пандемияси авжига чиққан 2020 йилдан бери ярим йиллик кесимда энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Аввалги йиллардан фарқли ўлароқ, банкротликлар ўсиши энг аввало саноат тармоқларида намоён бўлмоқда. Ишлаб чиқариш, қурилиш ва транспорт билан боғлиқ компаниялар энг кўп зарар кўрган. Иккинчи ўринда эса истеъмолчилар учун мажбурий бўлмаган, аммо исталадиган маҳсулот ва хизматлар — мода, уй жиҳозлари каби сегментлар турибди.

University of Michigan ўтказган истеъмолчилар кайфияти сўровномасига кўра, ноябрь ойида бу кўрсаткич йиллик ҳисобда қарийб 28 фоизга пасайган. Бу аҳолининг ортиқча харажатлардан тийилаётганини кўрсатади.

KPMG иқтисодчиси Мартин-Шёнбергернинг фикрича, касодлар сонининг ортиши иқтисодиётдаги ноаниқлик белгисидир. Унинг таъкидлашича, «иқтисодиёт қоғозда кучли кўриниши мумкин, аммо бу барча тармоқларда бирдек акс этмаяпти».

Шу билан бирга, АҚШ иқтисодиёти 2025 йилнинг учинчи чорагида йиллик ҳисобда 4,3 фоизга ўсгани маълум қилинди. Бироқ ушбу ўсиш корпоратив сектордаги қийинчиликларни тўлиқ бартараф этмагани кўриниб турибди.

Теглар

Мавзуга оид