Транспорт имтиёзини олиш тартиби ўзгаради
Қоғоз талонлар бекор қилиниб, имтиёзлардан фойдаланиш ID-карта ва «Барака» иловасига ўтказилади.
© vaqt.uzПрезидент Шавкат Мирзиёев алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш, муайян яшаш жойига эга бўлмаган ҳамда одам савдосидан жабрланган шахсларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, имтиёзли транспорт хизматларини рақамлаштиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Тақдимотда одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш ва реабилитация қилиш механизмларини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Таклифларга кўра, 2026 йил 1 сентябрдан «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари орқали маҳалла ва туман даражасида жабрланган шахсларнинг ҳолатини баҳолаш ҳамда уларни тегишли ижтимоий хизматларга йўналтириш тизими жорий этилади.
Шунингдек, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари Аёллар ва болаларни реабилитация қилиш республика маркази ва ҳудудий марказлари этиб қайта номланади.
Бола савдоси учун алоҳида жавобгарлик белгиланади
Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятидаги ҳудудий марказларда одам савдосидан жабрланган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларини қабул қилиш йўлга қўйилиб, қўшимча 40 та ўрин яратилади.
Шу билан бирга, бола савдоси учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгилаш, одам савдоси билан боғлиқ жиноят содир этган шахсларнинг меҳнат ва ташқи миграция хизматлари билан шуғулланиш ҳуқуқини чеклаш ҳамда мазкур соҳада кўрсатилаётган хизматларни мунтазам мониторинг қилиш таклиф этилди.
Транспорт имтиёзлари рақамлаштирилади
Йиғилишда имтиёзли транспорт хизматларидан фойдаланиш тартибини соддалаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Ҳозирда 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, уларга тенглаштирилган шахслар ҳамда Чернобил АЭС ҳалокати оқибатларини бартараф этишда иштирок этган 48,4 мингдан ортиқ фуқаро ушбу имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга. 2025 йилда улар транспорт хизматларидан 1,7 миллион марта фойдаланган.
Янги тартибга мувофиқ, 11 тоифадаги фуқаролар ҳаво, темир йўл ва шаҳарлараро транспортда бепул юриш ёки 50 фоизлик чегирма олади. Қоғоз талонлар бекор қилиниб, чипта харид қилишда ID-карта ёки биометрик паспортнинг ўзи етарли бўлади. Имтиёз ҳуқуқи «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали текширилади.
2027 йил 1 январдан эса имтиёзли авиа, темир йўл ва шаҳарлараро автобус чипталарини «Барака» ижтимоий карта мобил иловаси орқали онлайн харид қилиш имконияти яратилади.
Давлат раҳбари тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, янги хизматларни жойларда сифатли йўлга қўйиш ва белгиланган чора-тадбирлар ижросини қатъий назорат қилиш бўйича топшириқлар берди.