
Уч вилоятда ер савдосига оид жиноятлар фош этилди
Тошкент, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида ер майдони ажратиш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш баҳонасида пора талаб қилган шахслар тезкор тадбирлар чоғида қўлга олинди.

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ўтказган тадбирлар давомида Тошкент, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида ер муносабатларига оид ноқонуний келишувлар амалга оширилгани аниқланди. Ташкил этилган назорат ҳаракатлари натижасида жиноят аломатлари мавжуд бир қатор ҳолатларга чек қўйилди ва айбдорларга нисбатан жиноий жавобгарлик чоралари қўлланди.
Тошкент вилояти Оҳангарон туманида унитар корхона юристи, муқаддам судланган шахс Нурафшон шаҳридаги хусусий корхонага ажратилган 90 сотих бўш ерни 250 минг долларга «сотиш»ни таклиф қилган. Шу билан бирга, кадастр идораларидаги танишлари орқали унда коттежлар қурилишига рухсат олиб беришини ваъда қилиб, бу хизмат учун 30 минг доллар талаб қилган. У тезкор тадбир пайтида 40 минг доллар олаётганида ашёвий далиллар билан ушланган.
Қашқадарё вилоятида туман газ таъминоти бўлими ходими мансабдор танишлари орқали Кўкдала туманидаги давлат захирасидаги 1 гектар ерни 500 миллион сўмга «сотиш»га келишган. У олдиндан 20 минг доллар қабул қилиб олган вақтда назорат органлари томонидан қўлга олинган.
Бухорода эса муқаддам судланган ва маклерлик билан шуғулланувчи шахс фуқаронинг 1 250 квадрат метр майдонга эга кўчмас мулк тоифасини ўзгартириб, унинг кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига 14 минг доллар талаб қилган. У сўралган пулни олган пайтида ДХХ ва департамент ходимлари томонидан ушланган.
Ҳозирда барча жиноят ишлари бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, уларга алоқадор бўлиши мумкин бўлган бошқа шахсларни аниқлаш юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Наманганда ҳоким ёрдамчилари ер савдосида қўлга олинган эди.





