add

Uzbekistan Airways авиапаркни кенгайтирмоқда: яна 4 та Airbus A321neo харид қилинади

Хитойнинг CALC лизинг компанияси билан янги шартнома имзоланди. Улар 2027–2028 йилларда Ўзбекистонга 4 та самолёт етказиб беради.

Uzbekistan Airways авиапаркни кенгайтирмоқда: яна 4 та Airbus A321neo харид қилинади

Uzbekistan Airways авиакомпанияси Хитойнинг CALC (China Aircraft Leasing Group) лизинг компанияси билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Авиакомпания матбуот хизмати хабарига кўра, томонлар 18 ноябр куни 4 та янги Airbus A321neo самолётини етказиб бериш бўйича келишув (LOI) имзолади. Бу самолётлар икки классли компоновкада бўлиб, 2027–2028 йилларда миллий авиакомпания флотига қўшилади.

Янги A321neo самолётлари замонавий Airspace Premium салони, интернетга уланиш имконияти ва рақамли кўнгилочар тизимлар билан жиҳозланади. Бу орқали йўловчилар парвоз давомида юқори даражадаги сервисдан баҳраманд бўлишади. Хабарга кўра, келишувлар Uzbekistan Airways ва CALC ўртасидаги муваффақиятли ҳамкорликнинг мантиқий давоми ҳисобланади. 2025 йилнинг июнида Uzbekistan Airways CALC билан 2026 йилда 2 та A321 neo етказиб бериш бўйича ҳам битим имзолаган эди.

A321neo’лар етказиб берилиши авиакомпаниянинг 2026–2028 йилларга мўлжалланган узоқ муддатли флотни янгилаш стратегиясига мос келади. 2028 йил охиригача Uzbekistan Airways 6 та A321neo’ни қабул қилиб, ушбу турдаги самолётлар сонини 15 тага етказмоқчи. Бу компаниянинг Марказий Осиёдаги етакчи авиаташувчи сифатидаги позициясини мустаҳкамлайди.

Uzbekistan Airways бошқарув раиси Шуҳрат Худойқулов таъкидлашича, «CALC билан ҳамкорлик флотни модернизация қилиш ва рақобатбардошликни оширишда муҳим қадам ҳисобланад»”. У A321neo моделини юқори самарадорлик, замонавий муҳандислик ечимлари ва йўловчиларга қулайлик жиҳатидан энг мақбул учоқ деб атади.

CALC президенти Винни Лю эса Марказий Осиёдаги лойиҳага қўшилганидан мамнунлигини билдириб, «бу келишув минтақадаги мавқеимизни янада мустаҳкамлайди», дея таъкидлади.

Аввалроқ Uzbekistan Airways Вашингтон шаҳрида Boeing билан 22 та Dreamliner келишувини расмийлаштиргани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид