Валуевнинг калласини жойига қўядиган Чагаев, Тинчлик кенгашига бадалсиз аъзолик ва БААдаги 8 нафар ўзбекистонлик тақдири — 23 январ дайжести

23.01.2026 | 22:494 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Валуевнинг калласини жойига қўядиган Чагаев, Тинчлик кенгашига бадалсиз аъзолик ва БААдаги 8 нафар ўзбекистонлик тақдири — 23 январ дайжести

Қор сабаб бир нечта рейслар Наманган аэропортига қўна олмади

Фарғона водийси ҳудудида кузатилган ноқулай об-ҳаво шароити, жумладан кучли қор ёғиши авиақатнов хавфсизлигига таъсир кўрсатди. Шу сабаб бир қатор авиарейслар белгиланган манзилга қўна олмай, муқобил аэродромларга йўналтирилган. Uzbekistan airports маълумотларига кўра, қуйидаги йўналишларда ўзгариш бўлган:

— Air Samarkand авиакомпаниясининг Жидда - Наманган йўналишидаги 9S5010 рейси экипажи Самарқанддаги муқобил аэродромга йўналишга қарор қилди (маҳаллий вақт билан соат 00:27 да қўнди);

— Ural Airlines авиакомпаниясининг Екатеринбург - Наманган йўналишидаги U62963 рейси экипажи Самарқанддаги муқобил аэродромга йўналишга қарор қилди (маҳаллий вақт билан соат 00:40 да қўнди);

— Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Самара - Наманган йўналишидаги HY9806 рейси экипажи Тошкентдаги муқобил аэропортга йўналишга қарор қилди (маҳаллий вақт билан соат 04:11 да қўнди);

— FlyOne Asia авиакомпаниясининг Мадина - Наманган йўналишидаги 7Q рейси экипажи Тошкентдаги муқобил аэропортга йўналишни ўзгартиришга қарор қилди (маҳаллий вақт билан соат 06:05 да қўнди).

Россиялик собиқ боксчи Валуев ҳам Марказий Осиёга таҳдид қилди

Россия Давлат думаси депутати, собиқ боксчи Николай Валуев файласуф Александр Дугиннинг ғояларини қўллаб-қувватлаб, Марказий Осиё давлатларида ҳам «махсус ҳарбий операциялар» ўтказиш зарурлигини таъкидлади. У собиқ иттифоқ давлатларига нисбатан «қамчи» сиёсатини қўллаш вақти келганини айтиб, ёшларни бўлажак можароларга тайёр туришга чақирди. Бу баёнот минтақа давлатларининг суверенитетига нисбатан очиқ таҳдид сифатида қабул қилинди.

Ўзбекистонлик машҳур боксчи Руслан Чагаев Валуевнинг ушбу чиқишига кескин муносабат билдириб, уни рингга — жангга чақирди. Чагаев Валуевнинг гапларини икки давлат ўртасидаги дўстона алоқаларга путур етказувчи ҳақорат деб баҳолади ва ушбу жанг орқали «Валуевнинг калласини жойига қўйиб қўйишга» тайёрлигини маълум қилди.

«Менимча, бу сунъий интеллект бўлса керак. Агар унақа бўлмаса, ўзбек халқидан узр сўрайман, унга ўша пайтда теккан зарбаларим энди таъсир қиляпти, шекилли. Валуевнинг калласини жойига қўйиш учун битта жанг керак бўлса, мен тайёрман. Бу сафар, Худо хоҳласа, жангдан кейин у бутун Марказий Осиёни яхши кўради ва бунақа бемаза гаплар гапирмайди», — деди Руслан Чагаев.

Ўзбекистонга бизнес мақсадида келган хорижликлар сони 2 баробар ошди

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонга тижорат мақсадида ташриф буюрган хорижликлар сони кескин ортиб, 446,8 минг нафарни ташкил этди. Бу 2024 йилга нисбатан 247,8 минг нафарга кўп демакдир. Энг катта бизнес оқими Афғонистон (415,5 минг киши), Тожикистон (17,9 минг киши) ва Туркманистон (9 минг киши) ҳиссасига тўғри келмоқда. Шунингдек, Россия, Қозоғистон ва Туркиядан ҳам юзлаб тадбиркорлар мамлакатга ташриф буюрган.

Умумий туристик оқим ҳам рекорд даражада ўсган: 2025 йилда Ўзбекистонга жами 11,7 миллион нафар чет эл фуқароси келган, бу аввалги йилга нисбатан 46,8 фоизга кўпдир. Сайёҳлар сони бўйича Қирғизистон (3,3 млн), Тожикистон (2,7 млн) ва Қозоғистон (2,7 млн) етакчилик қилмоқда. Бу рақамлар Ўзбекистоннинг минтақавий савдо-иқтисодий марказ сифатидаги жозибадорлиги ортиб бораётганини кўрсатади.

Ўзбекистон Тинчлик кенгашига 1 млрд доллар бермасдан қўшилди

Ўзбекистон Америка Қўшма Штатлари Президенти Доналд Трамп ташаббуси билан ташкил этилган халқаро тузилма —Тинчлик кенгашига ҳеч қандай молиявий бадал тўламасдан қўшилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов Vaqt.uz'га маълум қилди.

Аввалроқ, Қозоғистон Тинчлик кенгашига қўшилиш учун 1 миллиард доллар миқдоридаги ихтиёрий бадал аъзолик шарти ҳисобланмаслиги, бу ҳар бир иштирокчининг ҳуқуқи эканини айтиб, мамлакат ушбу кенгашга аъзолик бадалисиз қўшилганини маълум қилганди.
«Биз ҳам бадалсиз қўшилдик», - деди Аҳрор Бурхонов.

Маълумот учун, Тинчлик кенгашининг қоидаларига кўра, ташкилотга аъзолик дастлаб уч йиллик муддатни ўз ичига олади. Бироқ, агар бирор давлат ўз ихтиёри билан биринчи йил давомида 1 миллиард доллар миқдоридаги бадални тўласа, унга кенгашда белгиланган муддатдан кўпроқ вақт давомида қолиш имконияти тақдим этилади.

«Охиригича ҳимоя қиламиз»: БААда ўзбекистонликлар ўмрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхоновнинг маълум қилишича, 2025 йил апрел ойида Дубайда юз берган оммавий муштлашувда иштирок этган 8 нафар Ўзбекистон фуқаросига суд ҳукми билан умрбод озодликдан маҳрум қилиш, яна бир фуқарога эса 25 йил қамоқ жазоси тайинланган. ТИВ ва дипломатик ваколатхоналар фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича барча зарур чораларни кўраётганини ва вазиятни охиригача назорат қилишини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу воқеа ўтган йилнинг апрел ойида Дубайдаги ёнилғи қуйиш шохобчасида икки жиноий гуруҳ ўртасидаги тўқнашув натижасида юз берган ва оқибатда икки киши ҳалок бўлган эди. Мазкур ҳолат икки давлат ўртасидаги визасиз режимга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида аввалроқ огоҳлантиришлар берилган.

Теглар

Мавзуга оид