
Қор сабаб бир нечта рейслар Наманган аэропортига қўна олмади
Фарғона водийсидаги ноқулай об-ҳаво шароити (кучли қор ёғиши) туфайли бир нечта рейслар муқобил аэродромларга йўналтирилган.

Фарғона водийси ҳудудида кузатилган ноқулай об-ҳаво шароити, жумладан кучли қор ёғиши авиақатнов хавфсизлигига таъсир кўрсатди. Шу сабаб бир қатор авиарейслар белгиланган манзилга қўна олмай, муқобил аэродромларга йўналтирилган. Бу ҳақда Uzbekistan airports хабар берди.
Компания маълумотларига кўра, қуйидаги йўналишларда ўзгариш бўлган:
— Air Samarkand авиакомпаниясининг Жидда - Наманган йўналишидаги 9S5010 рейси экипажи Самарқанддаги муқобил аэродромга йўналишга қарор қилди (маҳаллий вақт билан соат 00:27 да қўнди);
— Ural Airlines авиакомпаниясининг Екатеринбург - Наманган йўналишидаги U62963 рейси экипажи Самарқанддаги муқобил аэродромга йўналишга қарор қилди (маҳаллий вақт билан соат 00:40 да қўнди);
— Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Самара - Наманган йўналишидаги HY9806 рейси экипажи Тошкентдаги муқобил аэропортга йўналишга қарор қилди (маҳаллий вақт билан соат 04:11 да қўнди);
— FlyOne Asia авиакомпаниясининг Мадина - Наманган йўналишидаги 7Q рейси экипажи Тошкентдаги муқобил аэропортга йўналишни ўзгартиришга қарор қилди (маҳаллий вақт билан соат 06:05 да қўнди).
Айни пайтда Наманган халқаро аэропорти одатий режимда ишламоқда.





