Варрак учириш учун 37 миллион сўм жарима ёки қамоқ — «Uzbekistan Airports» аҳолини огоҳлантирди
Компания аэропортларга туташ ҳудудларда варрак учириш парвозлар хавфсизлигига жиддий таҳдид солишидан огоҳлантирди.

«Uzbekistan Airports» компанияси баҳорги мавсум бошланиши билан фуқароларни аэропорт ҳудудлари яқинида варрак учиришдан тийилишга чақирмоқда. компания хабарига кўра, баландга кўтарилган варраклар самолётларнинг учиш ва қўниш йўналиши (глиссада) ҳудудига кириб қолиши мумкин.
«Варраклар баландга кўтарилиши ва самолётларнинг учиш ва қўниш йўлларига тушиб қолиши мумкин. Бу самолёт билан тўқнашиш, техникага шикаст етиши ва фавқулодда ҳолатлар юзага келиши хавфини туғдиради. Бундан ташқари, мустаҳкам ёки кучайтирилган иплар ҳаво кемалари ускуналарига зарар етказиши ёки двигателларга тушиб қолиши мумкин», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, «Ўзбекистон Ҳаво кодексининг 17-моддасига мувофиқ, парвозлар хавфсизлигига таҳдид соладиган фаолият турларига аэропорт ва унинг олдидаги ҳудудларда варрак учириш ҳам киради.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 116−2-моддасига кўра, ҳаво ҳудудига рухсатсиз фойдаланиш БҲМнинг 20 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга қамоққа олишга сабаб бўлади.
«Авиация ҳодисаси ёки фалокат юз берганда эса оддий шўхлик жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкин», - дейилади огоҳлантириш хабарида.
Пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари чекловларга риоя қилишга ҳамда ҳордиқ чиқариш учун аэропортдан узоқроқ бўлган хавфсиз жойларни танлашга чақирилди.

