Logo

«Хатолар тўғриланди»: «IMAN Holding» компанияси атрофидаги можаро юзасидан расмий баёнот берди

Кеча 22:297 дақиқа

«IMAN Holding» Кузатув кенгаши «Islamic Finance Consulting Board» эълон қилган 20 млн долларлик камомад, автомобиллар хариди ва муаммоли қарзлар бўйича расмий баёнот берди. Компания асосчиси Рустам Раҳматов бошқарувни топшириб, Кузатув кенгашига ўтади.

«Хатолар тўғриланди»: «IMAN Holding» компанияси атрофидаги можаро юзасидан расмий баёнот берди © Kollaj: Vaqt.uz

«IMAN Holding» Кузатув кенгаши компанияда 20 миллион АҚШ доллари миқдорида зарар ёки камомад мавжудлиги ҳақидаги даъволар асоссиз эканини билдириб, компания асосчиси Рустам Раҳматов ижрочи бошқарувни мутахассисларга топшириши ва фаолиятини Кузатув кенгаши аъзоси сифатида давом эттиришини эълон қилди. Бу ҳақда «IMAN Holding» Кузатув кенгашининг «Islamic Finance Consulting Board» МЧЖ (IFCB) эълон қилган ҳужжатлар ва эътирозлар юзасидан берган расмий баёнотида маълум қилинди.

Баёнотда келтирилишича, IFCB томонидан эълон қилинган ҳужжатлар 2026-йилнинг июлида компаниянинг ўз ташаббуси билан ва маслаҳат компанияси вакиллари иштирокида ўтказилган навбатдаги аудит натижаларига оид ҳисобланади. Мазкур текширувда аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун тафтиш комиссияси тузилган.

Компаниянинг тушунтиришича, аудитда кўтарилган масалаларнинг аксарияти амалдаги оферта асосида қабул қилинган бизнес қарорларига тегишли бўлган, ўша вақтда бу қарорларнинг шариат нуқтаи назаридан тўғри эмаслиги ҳақида тушунча бўлмаган ва аудит хулосасидан сўнг тегишли амалиётлар тўхтатилган.

Кузатув кенгаши видеомурожаатларда тилга олинган 20 миллион доллар миқдоридаги зарар ҳақидаги даъволарни рад этиб, ушбу сумма реал камомад эмас, балки учта молиявий кўрсаткич йиғиндиси эканини қайд этди ва ҳар бир банд бўйича IFCB эътирозлари ҳамда ўз позициясини очиқлади:

1.     BNPL портфелидаги муаммоли қарзлар (NPL): IFCB эътирозида 2026-йил 31-май ҳолатига коммандит ширкатининг муддати ўтган муаммоли қарзлари 9,5 миллион долларни (портфелнинг 17–18 фоизи) ташкил этиши ва кредит хавфи яширилгани кўрсатилган. «IMAN» баёнотига кўра, компания амалиётида муддати ўтган қарзлар ва умуман қайтмайдиган деб топилган қарзлар (NPL) ўзаро фарқланади ҳамда қарзлар 300 кундан кейин умидсиз деб баҳоланади. Қайд этилишича, 31-май ҳолатига NPL кўрсаткичи 58,79 миллиард сўмни (618,41 миллиард сўмлик портфелнинг 9,5 фоизи), 2026-йил 1-октябр ҳолатига эса 71,65 миллиард сўмни (1 105,78 миллиард сўмлик портфелнинг 6,5 фоизи) ташкил этган. Ушбу рискларни қоплаш учун 31,91 миллиард сўмлик кутилаётган савдо йўқотишлари захираси (ECL) шакллантирилган бўлиб, захира билан қопланмаган риск жорий портфелнинг 3,5 фоизига (3,5 миллион доллар) тенг экани ва ушбу кўрсаткични 3 фоизга тушириш мақсад қилингани билдирилган.

2.     Бошқарув компаниясининг фонд олдидаги мажбуриятлари: IFCB «Iman Halal Investments» МЧЖ ўз операцион харажатларини қоплаш учун коммандит ширкатидан мунтазам қарз олгани, 31-май ҳолатига қарз қолдиғи 2,97 миллион долларга етгани ҳамда бу «Хўжалик ширкатлари тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддасига зид равишда операцион рискларни инвесторларга юклашини таъкидлаган. Компания жавобида 2,97 миллион долларлик фоизсиз қарз фонддаги ликвидлик учун ушлаб туриладиган бўш пуллар (жорий портфелнинг тахминан 3 фоизи) ҳисобига ва IFCB томонидан тасдиқланган 2025-йил 28-январдаги оммавий офертанинг 4.2-банди асосида амалга оширилгани қайд этилган. Шунингдек, бошқарув компанияси ҳам узоқ вақт фонддан роялти олмагани ва имтиёзли тарифлар қўллагани қўшимча қилинган. Тафтиш комиссияси бу амалиётни нотўғри деб топганидан сўнг, июл ойида қарз бериш тўлиқ тўхтатилган. Мавжуд қарзлар «IMAN Holding» акциялари орқали кафолатланган бўлиб, ноябр ойидан бошлаб 6 ой ичида фондга тўлиқ қайтарилиши маълум қилинди.

3.     Даромадни тан олиш ва дивидендлар (140 миллиард сўмлик фарқ): IFCB мижозлар томонидан тўлов амалга оширилишидан олдин тан олинган фойда (маржа) ойлик дивидендларни ҳисоблаш учун асос бўлгани ва инвесторларга ҳали олинмаган пул маблағлари ҳисобидан дивиденд тўланганига эътироз билдирган. Компания изоҳига кўра, июл ойидан бошлаб халқаро молиявий ҳисобот стандартларига (IFRS) ўтилган, аввалги даврларда эса Ўзбекистон миллий бухгалтерия стандартлари асосида ҳисоб юритилиб, муробаҳа шартномалари бўйича даромад ва харажатлар савдо қилинган ойнинг ўзида, молиявий ижарада эса ойма-ой тан олинган. Компания ташкил этилганидан буён жами 2,04 триллион сўмлик савдо қилинган ва 285 минг 952 та шартнома имзоланган бўлиб, шундан 195 минг 61 таси (11 минг 252 та молиявий ижара ва 183 минг 809 та муробаҳа) фаол ҳолатда экани билдирилди. Ушбу шартномалар 1 105,77 миллиард сўмлик насия савдо портфелини ташкил этиши, инвесторлар портфели (965,02 миллиард сўм) билан ўртадаги 140,75 миллиард сўмлик тафовут камомад эмас, балки келажакда тушадиган даромад (савдодаги маржа) экани таъкидланди.

Шахсий харидлар, фонд харажатлари ва бошқарувдаги ўзгаришлар

1.     Расмий баёнотда инвесторлар маблағлари шахсий харидлар ва фондга алоқадор бўлмаган тадбирларга сарфлангани ҳамда захира фондига ортиқча маблағ ушлаб қолингани ҳақидаги эътирозлар бўйича ҳам маълумот берилди:

2.     «Mercedes-Benz S500» хариди: IFCB 2026-йил 10-апрелда коммандит ширкати ҳисобидан компания ходимига тегишли «FOUNDERS TRUST 1» МЧЖга 9-апрелдаги шартнома асосида Рустам Раҳматов учун автомобил олишга 128 минг доллар ўтказилганини манфаатлар тўқнашуви сифатида баҳолаган. «IMAN» баёнотида ушбу МЧЖ фаол ходимларнинг харидларини имтиёзли молиялаштириш учун очилгани, автомобил Рустам Раҳматов ташаббуси билан бизнес эҳтиёжлари учун фонд номидан харид қилиниб, унга йиллик 12 фоиз (АҚШ долларида) устама билан ижарага берилиши кўзда тутилгани айтилади. Маслаҳат кенгаши 2025-йил 28-январдаги офертанинг 4.2-бандидаги имтиёз компания улушдорларига эмас, фақат ходимларга тегишли эканини кўрсатгач, битим ножоиз деб топилган ва ижара ставкаси йиллик 17 фоиз этиб қайта белгиланган. Тасдиқловчи маълумот сифатида 2026-йил 31-июлда Рустам Раҳматов 6-июлдаги ижара шартномаси бўйича 85,33 миллион сўм тўлагани, 12-августда эса автомобил сотилиб, харид суммаси ва ижара тўловлари фондга тўлиқ қайтарилгани ҳамда офертадан тегишли банд олиб ташлангани қайд этилган.

3.     «BYD Champion» шартномаси: Тафтиш комиссиясининг 1-сон қарорида Рустам Раҳматов 2023-йил 1-декабрда нақд нархи 420 миллион сўм бўлган «BYD Champion» автомобилини 36 ойга бўлиб тўлаш шарти билан (умумий қиймати 555,13 миллион сўм, бошланғич тўлови 120 миллион сўм) харид қилгани, бироқ 2025-йил 4-майдан кейин ғазначи ва Раҳматовнинг эътиборсизлиги ҳамда техник хато сабаб тўловлар тўхтаб қолгани (муддати ўтган қарздорлик 306,5 миллион сўм, умумий қолдиқ 366,94 миллион сўм) кўрсатилган эди. Компания жавобига кўра, тест тариқасида тузилган ушбу шартнома бўйича кечикиш ички текширувда аниқлангач, 2026-йил 31-июлда Рустам Раҳматов қолган 366 миллион 940,15 минг сўмлик қарздорликни муддатидан олдин «KT IMAN Halal Investments» коммандит ширкати ҳисоб-рақамига тўлиқ тўлаган ва шартнома ёпилган.

4.     Фонд ва бошқарув харажатлари: IFCB коммандит ширкати операцион харажатлари таркибига бошқарув компанияси харажатлари (ойига ўртача 300 минг доллар иш ҳақи, 124 минг долларгача маркетинг, скоринг ва транзакция комиссиялари) киритилиши қонуннинг 29-моддасига зид экани ва инвесторлар дивидендини камайтирганини билдирган. Компания эса қонунда бошқарув харажатлари тўлиқ шерикнинг ўз ҳисобидан қопланиши шартлиги белгиланмагани ва бу оферта билан тартибга солинишини қайд этган. Шунга қарамай, IFCB аудит қароридан сўнг сотув билан боғлиқ бевосита (direct) ва бошқарув билан боғлиқ билвосита (indirect — IT, скоринг моделлари, молия, бренд ва тадбирлар) харажатларни ўзаро шаффоф ажратишга қарор қилингани ҳамда бу жараён ноябр ойидан бошлаб 3 ой ичида тўғриланиши маълум қилинди.

5.     Фондга алоқадор бўлмаган деб топилган харажатлар: IFCB умумий харажатларнинг 60 фоиздан ортиғи ширкат фаолиятига алоқаси бўлмаган йўналишларга, жумладан, «Imanum 5.0» очилиш маросимига 144 минг доллар ва хусусий банкинг (Private banking) учун 187 минг доллар сарфланганини кўрсатган. Компания баёнотига кўра, 2026-йил 18-июнда ўтказилган «IMANUM 5.0» тақдимотининг умумий харажати 833,12 миллион сўмни (тахминан 70 минг доллар) ташкил этган бўлиб, шундан фақат 40,02 миллион сўми (тахминан 3,4 минг доллар ёки 4,8 фоизи) иловани реклама қилиш учун фонд ҳисобидан, қолган 793,1 миллион сўми эса бошқарув компанияси ҳисобидан қопланган. «Private banking» харажатлари эса IFCB билан биргаликда ўрганилгач, бошқарув компаниясига тегишли деб топилган ва бу сумма фонд томонидан бошқарув компаниясига йиллик 20 фоиз устама билан 24 ойга муробаҳа (бўлиб тўлаш) шартномаси сифатида расмийлаштирилган.

6.     «IRR» захира фондига ажратмалар: Инвестор битимига кўра тақсимланадиган даромаднинг 5 фоизидан ортиғи захирага йўналтирилиши мумкин бўлмаса-да, амалда май ойида тахминан 23 фоиз, июн ойида эса 50 фоиз даромад «IRR» захирасига ушлаб қолингани ҳақидаги эътироз тасдиқланди. Компания буни молия ва риск бўлимида қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлган ходимнинг раҳбарият ва шариат кенгаши хабардорлигисиз захирани тезроқ тўлдириш мақсадида йўл қўйган хатоси билан изоҳлади. Мазкур ходим билан август ойи бошида хайрлашилгани ва июл ойидан ажратмалар шартномада белгиланган 5 фоизлик чегарага қайтарилгани билдирилди.

7.     Баёнот якунида «IMAN Holding» Кузатув кенгаши кейинги қадамлар сифатида учта қарор қабул қилинганини эълон қилди:

8.     Бошқарувдаги ўзгариш: Рустам Раҳматов ижрочи бошқарувни тажрибали мутахассисларга топширади ва ўз фаолиятини Кузатув кенгаши аъзоси сифатида давом эттиради. Кузатув кенгаши раиси ва аъзолари таркиби яқин кунларда эълон қилинади.

9.     Ташқи шаръий ва молиявий аудит: Компанияда 3 олимдан иборат Шаръий кенгаш тузиш ҳақида қарор қабул қилинди. Бундан ташқари, «Usmani’s» халқаро аудиторлик компанияси билан шартнома имзоланиб, ташқи шаръий аудит бошланган, шунингдек, халқаро мустақил молиявий аудиторларни жалб қилиш устида иш олиб борилмоқда. Аудит якунлангач, натижалар тўлиқ очиқланади.

10. Инвесторлар рўйхати: Холдингдаги акциядорлар ва «SAFE» шартномалари асосида кирган инвесторлар таркибини 1 ой ичида тўлиқ рўйхатдан ўтказиш белгиланди.

Теглар

Мавзуга оид