
XV асрда сув остида қолган Ипак йўли шаҳри топилди
Қирғизистондаги Иссиқкўл тубидан археологлар бутунлай ғарқ бўлган, мусулмонлар қабристони, савдо нуқталарига эга йирик шаҳар қолдиқларини аниқлади.

Қирғизистондаги Иссиқкўлда илк марта Ўрта асрдаги савдо шаҳарининг қолдиқлари аниқланди. Ушбу ҳудуд бир пайтлар Ипак йўлидаги асосий нуқталардан бири бўлган ва XV асрдаги йирик зилзила натижасида бутунлай сув остида қолган. Топилмалар ушбу шаҳар ҳақидаги илк муҳим далиллардир.
Археологлар, асосан Россия ва Қирғизистон олимлари ҳамкорлигида, кўл тубида 1–4 метр чуқурликда жойлашган қадимий бинолар, масжид ёки мадрасага ўхшаш жамоат бинолари, тегирмонлар, камонсимон эшиклар ва ёпиқ ҳудудларни топди. Бинолар ёнидан пишиқ ғиштлар, тегирмон тошлари, ҳимоя деворларининг излари ҳам аниқланган.
Ушбу ботган шаҳар — Торў-Айғир XIII–XV асрларда фаол бўлган, мусулмон аҳоли яшаган ва савдо йўлларининг марказий нуқтаси ҳисобланган. Қабристонда топилган икки жасаднинг юзи Макка тарафга қаратиб дафн этилгани, бу ерда Ислом қонун-қоидаларига амал қилинганини кўрсатади. Археологлар бу ердаги дафнлар Олтин Ўрда даврига тегишли эканини тахмин қилмоқда.

Шаҳар Ислом кириб келганидан олдин ҳам маданиятлар кесишмасида жойлашган. Аҳоли орасида буддавий, насроний ва тангричи кишилар яшаган. Айни дамда тадқиқотчилар кўл тубидан сопол бўлаклари, сув идишлари ва ҳатто қабр тошларини ҳам чиқаришга тайёргарлик кўрмоқда.
Олимлар бу топилмани «Помпей» фожиасига тенглаштирмоқда. Сув остидан чиқариладиган янги археологик маълумотлар Ипак йўли тарихи, мусулмон маданияти ва Марказий Осиё шаҳарсозлиги борасида янги саҳифа очиши мумкин.





