
Янги Наманганда $750 млнлик «China Town» мажмуаси қурилиши бошланди
66 гектар ҳудудда қуриладиган йирик турар-жой ва бизнес мажмуаси Фарғона водийси иқтисодиётига янги сармоя ва иш ўринлари олиб келиши кутилмоқда.

Наманган вилоятининг Давлатобод туманида жойлашган Янги Наманган шаҳарчасида «China Town» компанияси томонидан амалга ошириладиган йирик қурилиш лойиҳасига расман старт берилди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Ҳокимлик маълумотига кўра, 4 декабр куни бўлиб ўтган маросимда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ҳамда Жянсу провинциясининг Кенгаш аъзоси, Jiangsu Tonke Real Estate Cо., Ltd президенти Ян Бо иштирок этган. Тадбирда рамзий лента кесилиб, мажмуанинг тамал тоши қўйилган.
Умумий қиймати 750 миллион долларга тенг бўлган «China Town Namangan» мажмуаси «Марказий Осиёдаги ягона йирик лойиҳа» сифатида тақдим этилмоқда. Лойиҳа нафақат Наманган вилояти, балки бутун Фарғона водийси иқтисодиётида янги инвестицион муҳит ва имкониятлар яратиши кутилмоқда. Мажмуа 66 гектар майдонда барпо этилади.
Қурилиш режасига кўра, замонавий турар-жойлар, бизнес маркази, беш юлдузли меҳмонхона, савдо мажмуалари ва дам олиш масканлари барпо этилади. Бу инфратузилмавий ўзгаришлар шаҳарнинг инвестицион жозибадорлигини ошириши ва янги хизматлар сегментини ривожлантириши мумкин.
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида минглаб янги иш ўринлари яратилиши, шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий сармоялар кириб келиши кутилмоқда. «China Town» компанияси ва «Jiangsu Tonke Real Estate Cо. Ltd» ўртасидаги ҳамкорлик Наманганда замонавий шаҳар қурилишида халқаро тажриба ва технологиялардан фойдаланиш имконини беради.
Йил бошида ушбу компания томонидан Янги Наманганда турар-жой мажмуаси қурилиши режалаштирилаётгани маълум қилинган эди. Ўшанда лойиҳа ҳудуди 66 гектарни ташкил этиши айтилган, ҳозир эса қурилиш босқичлари амалий фазага ўтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг CITIC Construction компанияси Фарғона водийсидаги энг оғир йўл участкалардан бири — Пунғон—Наманган йўлини 246 миллион долларга реконструкция қилаётганлиги ҳақида хабар берилган эди.





