Янги қуролланиш пойгаси: Европа ядро қуроли ҳақида гапира бошлади

Ядровий тийиб туриш яна Европа сиёсатининг бир қисмига айланмоқда. Полша атом бомбаси сўраяпти, Германия ва Франция эса махфий музокаралар олиб бормоқда. Дунёдаги 12 мингта ядровий каллак кимга қаратилган? «Ядровий соябон» остида кечаётган махфий ўйинлар ва Европанинг янги мудофаа стратегияси ҳақида энг сўнгги тафсилотлар.

Янги қуролланиш пойгаси: Европа ядро қуроли ҳақида гапира бошлади © Foto: trtrussian.com

Европа пойтахтларида илгари оммавий сиёсатда деярли тақиқланган мавзу — ядровий тийиб туриш масаласи тобора тез-тез кўтарилмоқда. Бу муҳокамалар қурол-яроғ назорати архитектурасининг емирилиши, ядровий арсеналларнинг ортиши, йирик давлатлар томонидан кучларнинг модернизация қилиниши ва трансатлантик хавфсизлик тизимидаги ноаниқликлар фонида кечмоқда.

Дипломатик механизмларга бўлаётган мисли кўрилмаган босим шароитида, таҳлил марказлари ва халқаро институтлар янги ядровий пойга белгиларини қайд этмоқда.

Полша атом бомбаси илинжида

Полша президенти Карол Навроцкий «Polsat News» телеканалига берган интервюсида мамлакат хавфсизлигини «ҳатто ядровий салоҳият асосида бўлса ҳам» мустаҳкамлаш тарафдори эканини билдирди.

«Барча халқаро меъёрларга ҳурмат сақлаган ҳолда, биз айнан шу йўлдан боришимиз керак... Ишга киришишимиз учун ушбу йўналишда ҳаракат қилиш зарур. Биз қуролли низо ҳудудига бевосита яқин жойлашган давлатмиз. Тажовузкор империячи Россия Федерациясининг Полшага муносабати қандай экани ҳаммага маълум», — деди Навроцкий.

Унинг ўтмишдоши Анджей Дуда 2025 йил март ойида Доналд Трампни эҳтимолий Россия тажовузидан тийиб турувчи омил сифатида Полшада ядро қуролини жойлаштиришга чақирган эди.

«НАТО чегаралари 1999 йилда шарққа силжиган эди. Шу сабабли, орадан 26 йил ўтиб, НАТО инфратузилмаси ҳам шарққа қараб кўчиши керак. Мен бунинг вақти келди деб ҳисоблабгина қолмайман, балки бу қурол аллақачон шу ерда бўлганида хавфсизроқ бўлар эди, деб ўйлайман», — деган эди ўшанда Полша етакчиси Британиянинг «Financial Times» газетасига.

Ядровий тийиб туриш кўламини кенгайтириш масаласини кўтарган илк Европа етакчиларидан бири Полша бош вазири Доналд Туск бўлган эди (2024 йилда). У кучайиб бораётган хавфсизлик таҳдидлари фонида Европанинг мудофаа имкониятларини кескин мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлаган.

«Европа яқин ўн ой ичида ва кейинги беш йил давомида дунёдаги ҳеч бир қудратли давлат унга қўл кўтаришга журъат этолмайдиган вазиятга тайёр туриши лозим», — деган эди ўшанда Доналд Туск.

Американинг RAND таҳлил маркази шарҳида айтилишича, Полша ядровий тийиб туриш салоҳиятини кучайтиришнинг учта эҳтимолий вариантини кўриб чиқмоқда: ўз ядро қуролини яратиш, ўз ҳудудида НАТО ядро қуролини жойлаштириш ёки Франция ва Буюк Британия ядровий кучлари ҳимоясига эришиш.

Шу билан бирга, Полшанинг ўз ядро қуролини яратишга уриниши Ғарбни беқарорлаштириши ва ядро қуролини тарқатмаслик режимини издан чиқариши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Муаллифлар иттифоқчиларнинг «ядровий соябони»ни кучайтиришни ҳаққонийроқ муқобил вариант сифатида қайд этганлар, чунки бу халқаро мажбуриятларни бузмаган ҳолда тийиб туриш салоҳиятини мустаҳкамлашга имкон беради. Шунингдек, материалда Польшанинг ядровий имкониятлари муҳокамаси хавфсизликка таҳдидларнинг ўсиши ва АҚШнинг Европадаги кенгайтирилган ядровий тийиб туриш сиёсати ишончлилиги борасидаги баҳслар фонида кечаётгани айтилади.

Болтиқбўйи давлатлари ҳам жараёнга қўшилган

Болтиқбўйи мамлакатларида ҳам ядровий тийиб туриш масаласи очиқ муҳокама майдонига кўчди.

Латвия бош вазири Эвика Силиня Рига бундай музокараларга қўшилишга тайёр эканини маълум қилиб, ядровий тийиб туриш «янги имкониятлар яратиши мумкин»лигини, бироқ бунда халқаро мажбуриятларга риоя қилиш шартлигини таъкидлади. Эстония мудофаа вазири ўринбосари Туули Дунетон ҳам мамлакати Европа ядровий тийиб туриш сиёсати бўйича «дастлабки музокараларда қатнашишни истисно этмаслиги»ни билдирди.

Латвия ташқи ишлар вазири Байба Браже 13–15 феврал кунлари Мюнхенда бўлиб ўтган хавфсизлик конференциясида ядровий тийиб туриш масаласини «муҳим мавзу» дея баҳолади. Европа расмийларининг сўзларига кўра, ЕИ давлатлари назарий жиҳатдан Франциянинг ядровий салоҳиятини, масалан, оддий ҳарбий воситалар тақдим этиш орқали қўллаб-қувватлаши мумкин. Шу билан бирга, Европа АҚШнинг стратегик ва ядровий кўмагига таянишда давом этаверади.

Айни пайтда Литва президенти Гитанас Науседа мамлакат ҳудудида ядро қуролини жойлаштириш масаласи кўриб чиқилмаётганини таъкидлади.

«Мамлакатимизда ҳеч ким ядро қуролини жойлаштириш ҳақида ўйлаётгани йўқ», — деди Гитанас Науседа ва Литва аллақачон НАТОнинг «ядровий соябони» остида эканини қўшимча қилди.

Германия ва Франция ўртасидаги махфий мулоқот

Ядровий хавфсизлик масаласи Ғарбий Европада ҳам жиддий муҳокама қилинмоқда. Трансатлантик ҳудудда хавфсизлик архитектураси қайта кўриб чиқилаётган бир пайтда, Германия Франция билан ядровий тийиб туришнинг европача ўлчовлари бўйича музокараларни бошлади.

Германия канцлери Фридрих Мерц Франция президенти билан Европа ядровий тийиб туриш тизими масаласида махфий музокаралар олиб бораётганини маълум қилди. Шу билан бирга, Германия ўзининг шахсий ядро қуролини яратишга интилмаётгани, музокаралар эса НАТОнинг амалдаги тийиб туриш тизими ва умумевропа хавфсизлиги доирасида кетаётгани алоҳида қайд этилди.

Франция Европа Иттифоқидаги ягона ядровий давлат сифатида ўз ядровий кучларини Европа хавфсизлик архитектурасининг ажралмас қисми деб билади ва унинг ролини шериклари, биринчи навбатда Германия билан муҳокама қилмоқда.

Таъкидланишича, Европа тарихан Американинг «ядровий соябони»га таяниб келган, бироқ ўзгариб бораётган халқаро вазиятда Европа давлатлари НАТОнинг мавжудлигини шубҳа остига қўймаган ҳолда, тийиб туриш тизимида ўз ролларини оширишни муҳокама қила бошлади.

Ядровий тийиб туриш масаласи ЕИ учун ўз мудофаасини кучайтириш борасидаги кенг кўламли стратегиянинг бир қисмига айланмоқда. Шу билан бирга, Европанинг хавотирларига қарамай, АҚШ ҳамон ядровий ҳимоя ва НАТО доирасидаги жамоавий мудофаа мажбуриятларини сақлаб қолмоқда. Европа давлатлари ҳарбий харажатларни ошириб, қурол-яроғ бўйича қўшма лойиҳаларни ривожлантирмоқда ва АҚШга қарамликни камайтиришга интилмоқда, аммо мудофаа ишлаб чиқариши ва хавфсизлик стратегияси бўйича ички келишмовчиликлар ҳамон мавжуд.

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг фикрича, асосий сиёсий қарорлар давом этаётган низо фонида юз бераётган технологик ўзгаришлар суръатига мос келиши керак.

Бироқ ЕИнинг ҳамма давлатлари ҳам бундай йўналишни ёқлаётгани йўқ — Испания бош вазири Педро Санчес ядровий қуролланишни хато йўл деб атади.

Шунингдек, ЕИ даражасида ядро қуролини тарқатмаслик режимига бўлаётган босим кучайгани қайд этилган.

«Ядровий тарқатмаслик ва қуролсизланиш режими мисли кўрилмаган босим остида қолмоқда», — дейилади ЕИнинг ядровий тарқатмаслик масалалари бўйича баёнотида. Унда барча таҳдидлар асосан Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари ва унинг Хитой билан кенгайиб бораётган ҳарбий ҳамкорлигига боғланган.

Россиянинг муносабати

Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида таъкидланишича, Москва стратегик барқарорлик ва ядровий тийиб туриш масалаларини халқаро хавфсизликнинг асосий унсури деб билади ҳамда вазиятнинг кескинлашувига йўл қўймасликка чақиради.

Россия томони қурол-яроғ назорати тизимининг емирилиши ва Россия атрофида ҳарбий фаолликнинг кучайиши глобал барқарорликка путур етказишини ҳамда қарама-қаршилик хавфини оширишини таъкидламоқда. ТИВ қайд этишича, хавфсизликни бошқа давлатлар хавфсизлигини заифлаштириш ҳисобига таъминлаб бўлмайди ва у стратегик барқарорлик масалаларида тенг ҳамда бўлинмас ёндашувни талаб қилади.

Вазирлик, шунингдек, Россия қурол-яроғ назорати механизмларини сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш, ядровий эскалациянинг олдини олиш ҳамда ядровий давлатлар ўртасидаги мулоқотни давом эттириш тарафдори эканини урғулади.

Москва ядро урушига йўл қўйиб бўлмаслик тамойилига ва кескинликнинг янада кучайишига тўсқинлик қилиш зарурлигига содиқлигини билдириб, хавфсизлик борасидаги ўзаро манфаатларни ҳисобга олишга ҳамда стратегик мувозанатни издан чиқариши мумкин бўлган қадамлардан тийилишга чақирмоқда.

Аввалроқ Кремл Европа давлатларининг ҳаракатларини «ўта зиддиятли» ёндашув ва Франциянинг Европада ядровий етакчи бўлишга уриниши деб атаб, буни «ядровий шантаж» сифатида баҳолаган эди.

Янги қуролланиш пойгаси

Халқаро институтлар янги қуролланиш пойгаси бошланганидан далолат берувчи аломатларни қайд этмоқда.

Стокголм халқаро тинчлик муаммоларини тадқиқ қилиш институти (SIPRI) 2025 йилги баёнотида қурол-яроғ назорати режимлари сезиларли даражада заифлашган бир шароитда хавфли янги ядровий пойга шаклланаётганини таъкидлайди. Ядровий қуролга эга деярли барча тўққизта давлат 2024 йилда мавжуд тизимларни янгилаб ва янги модификацияларни қўшган ҳолда, ядровий арсеналларни модернизация қилиш бўйича жадал дастурларни давом эттирган.

Совуқ уруш тугаганидан бери глобал ядровий қурол захираларининг босқичма-босқич қисқариши секинлаша бошлади, айрим ҳолларда эса, қуролларни йўқ қилиш суръати пасайиб, янги тизимларнинг жойлаштирилиши натижасида акс жараён кузатилмоқда.

Мюнхен хавфсизлик конференцияси қошидаги Европа ядровий хавфсизлик гуруҳининг феврал ойидаги баёнотида айтилишича, Европа бугунги кунда мутлақо янги стратегик вазиятга дуч келмоқда. Бу вазиятда ядровий тийиб туриш борасидаги аввалги модел энди тўлиқ ишончли ҳисобланмаяпти.

Ҳужжатда таъкидланишича, қитъа кучлар мувозанатининг ўзгаришига, ядровий хавфларнинг ортишига ва узоқ муддатли хавфсизлик кафолатлари атрофидаги ноаниқликларга мослашиши керак. Баёнотда қайд этилишича, «Европа янги ядровий воқеликни зудлик билан англаб етиши лозим».

Европа сиёсати маркази (Брюссел) ҳозирги даврни «стратегик қурол-яроғ назоратидан кейинги давр»нинг бошланиши деб таърифлаб, аввалги келишувларнинг барбод бўлганини ва мавҳумлик кучайганини айтмоқда.

Марказ таҳлилчиси Юрай Майницнинг қайд этишича, 4 феврал куни ядровий пойгани жиловлаб турган ягона келишув — СНВ-3 (Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш бўйича шартнома) амал қилишдан тўхтаганидан сўнг, тийиб туришнинг «асосий мувозанати қисқа муддатли истиқболда ҳали сақланиб қолиши мумкин».

Бироқ тадқиқотчи ҳатто шартнома амал қилган даврда ҳам ядровий мувозанатни издан чиқарувчи омилларга эътибор қаратмоқда: бу фақат жанговар каллаклар сони эмас, балки шаффофлик ва назоратнинг йўқолиши, шунингдек, Россиянинг анъанавий назоратдан ташқарига чиқувчи янги ядровий етказиб бериш тизимларини ишлаб чиқишидир.

Ядровий статистика

Глобал статистика ҳам ядровий мувозанатдаги таркибий ўзгаришлардан далолат бермоқда.

SIPRI’га кўра, 2025 йилнинг январ ҳолатига кўра, дунёда тахминан 12 512 та ядровий жанговар каллак мавжуд бўлиб, улардан 9 614 таси ҳарбий захираларда сақланмоқда, 3 912 таси тезкор жойлаштирилган ва қарийб 2 100 таси юқори жанговар шайлик ҳолатида турибди. SIPRI, шунингдек, Хитой ядровий арсеналининг «600 та жанговар каллаккача» кўпайганини қайд этмоқда.

Америка олимлари федерацияси (FAS) дунёдаги жами ядровий арсеналнинг қарийб 86 фоизи АҚШ ва Россия ҳиссасига тўғри келишини таъкидлайди.

Халқаро атом энергияси агентлиги Эронда бойитилган уран захиралари ортиб бораётганини кузатмоқда. Агентлик ҳисоботида айтилишича, «бойитилган ураннинг умумий захираси тахминан 9 247,6 кг ни ташкил этади». БМТ маълумотларига кўра, «Эрон ихтиёрида 60 фоизгача бойитилган 440 кг дан ортиқ уран мавжуд».

Теглар

Мавзуга оид