Европада авиачипталар нархи ёнилғи шоки туфайли кескин ошди

Бугун 11:252 дақиқа

Яқин Шарқдаги уруш сабабли авиакеросин тоннаси 1800 долларга чиқди. Европа ва Осиё авиакомпаниялари рейсларни қисқартирмоқда ва чипталарни қимматлаштирмоқда.

Европада авиачипталар нархи ёнилғи шоки туфайли кескин ошди

Европа авиакомпаниялари авиация ёнилғиси нархи кескин кўтарилгани сабабли чипталар нархини оширишни бошладилар. «Politico» нашрининг хабар беришича, бу ҳолат Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашуви ва энергия ресурслари етказиб беришдаги хавфлар билан боғлиқ. Ҳозир Европада авиакеросин нархи бир тоннаси учун 1700-1800 долларга яқинлашди, бу Эрон атрофидаги ҳарбий ҳаракатлар бошлангунга қадар бўлган даражадан икки баробар кўпдир.

«Lufthansa» раҳбари Карстен Шпорнинг таъкидлашича, соҳа бундай улкан харажатларни мустақил равишда қоплай олмайди. Авиакомпаниянинг бир йўловчидан оладиган ўртача фойдаси қарийб 10 еврони ташкил этгани сабабли, ёнилғи учун қўшимча харажатлар тўғридан тўғри чипта нархига таъсир қилмоқда. Натижада, Скандинавиянинг «SAS» авиакомпанияси аллақачон мингга яқин рейсларини бекор қилганини эълон қилди. Бутун дунё бўйлаб авиаёнилғи таъминотининг 40 фоизи айнан блокланган Ҳўрмуз бўғози орқали ўтиши вазиятни янада оғирлаштирмоқда.

Осиё мамлакатларида ҳам аҳвол жиддий: Жанубий Корея, Филиппин ва Виетнам авиаташувчилари ёнилғи тақчиллиги сабабли рейсларни қисқартирмоқда ва стратегик захиралардан фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Европада эса «Ryanair» ва «Lufthansa» каби гигантлар нархлар ҳаддан ташқари юқорилиги сабабли ёнилғи нархини ҳежлаш (суғурталаш) бўйича янги шартномалар тузишни тўхтатиб қўйдилар.

Осиёда тежамкорлик тартиби

Жанубий Корея ҳукумати экспорт қилинадиган авиаёнилғини ички бозорга йўналтиришни муҳокама қилмоқда. Мамлакат молия вазирлигининг маълум қилишича, мавжуд захиралар фақат 208 кунга етиши мумкин. Филиппин ва Виетнамда эса апрел ойи бошидан ёнилғи квоталари жорий этилиши ва рейслар сони янада камайиши кутилмоқда.

Авиация расмийларининг фикрича, ёнилғи таъминотидаги узилишлар жаҳон иқтисодиёти учун янги «транспорт қамали»ни келтириб чиқариши мумкин. Хитойнинг экспортни тўхтатиши эса Осиё бозоридаги танқисликни янада кучайтирди.

Ҳежлаш стратегиясининг инқирози

Европа авиакомпаниялари жорий йилги харажатларининг 80 фоизини «инқирозгача бўлган нархларда» фиксация қилишга улгурган бўлса-да, янги шартномалар тузиш имконсиз бўлиб қолди. «Ryanair» раҳбари Майкл ОʼЛири ҳозирги ставкаларда ёнилғи сотиб олиш иқтисодий жиҳатдан мантиқсиз эканини билдирди. «EasyJet» раҳбарияти эса нархлар ёзгача 1000 долларга тушишини кутмоқда, бироқ бу ҳам аввалги 700 долларлик кўрсаткичдан анча юқори.

Агар вазият апрел ойида барқарорлашмаса, ёзги таътил мавсумида авиачипталар нархи рекорд даражаларга чиқиши мумкин. Экспертларнинг фикрича, авиация соҳаси геосиёсий беқарорликка энг таъсирчан тармоқ бўлиб, ёнилғи нархининг ҳар 10 фоизга ошиши чипталарнинг камида 3-5 фоизга қимматлашига олиб келади.

Теглар

Мавзуга оид