АҚШ–Эрон можаросининг 47-куни
АҚШ президенти Доналд Трамп яқин кунларда Эрон билан музокараларнинг иккинчи раунди ўтказилиши мумкинлигига ишора қилди.
© ReutersАҚШ президенти Доналд Трамп Вашингтонда Исроил ва Ливан ўртасида камдан-кам кузатиладиган тўғридан-тўғри музокаралар бўлиб ўтаётган бир пайтда, Эронга қарши уруш «якунланиш арафасида» эканини маълум қилди. Вашингтон Ҳўрмуз бўғозидаги денгиз қамалини давом эттираётганига қарамай, Трамп яқин кунларда Эрон билан музокараларнинг иккинчи раунди ўтказилиши мумкинлигини билдирди.
Шу билан бирга, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) вазиятнинг ҳар қандай кейинги эскалацияси глобал иқтисодиётни рецессия гирдобига улоқтириши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Эрондаги вазият
Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамиятлари федерацияси уруш бошлангандан бери илк бор Эронга тиббий буюмлар ва инсонпарварлик ёрдами юкланган карвон кириб борганини маълум қилди.
АҚШ Эрон нефти учун имтиёзни тугатади: АҚШ Молия вазирлиги денгизда қолиб кетган Эрон нефтини сотишга имкон берувчи вақтинчалик санкциялардан озод қилиш тартибини узайтирмаслигини билдирди. Ушбу имтиёз муддати яқин кунларда тугайди.
Теҳрон ичидаги кескинлик: Пойтахтда содир бўлган кичик портлашлар чекланган вайронагарчилик ва жароҳатларга сабаб бўлди. Бу Теҳронда беқарорлик давом этаётганидан далолат беради.
Иқтисодий зарар ортиб бормоқда: Эрон уруш туфайли кўрилган зарарни 270 миллиард доллар деб баҳоламоқда ва товон пули талаб қилишни режалаштирмоқда.
Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) бош директори Рафаэл Гроссининг «Reuters» агентлигига маълум қилишича, АҚШ билан бўлажак келишув доирасида Эрон амал қилиши керак бўлган уранни бойитиш бўйича мораторий муддатини белгилаш — бу фақат сиёсий қарордир.
Уруш дипломатияси
АҚШ воситачилигидаги музокаралар: Ливан ва Исроил элчилари Вашингтонда тўғридан-тўғри учрашди. Байрут ўт очишни тўхтатишга интилаётган бир пайтда, Исроил «Ҳизбуллоҳ»ни қуролсизлантириш талабини илгари сурмоқда.
Эрон-АҚШ музокаралари тикланиши мумкин: Трамп Эрон билан музокаралар «бир неча кун ичида» Покистонда қайта бошланиши мумкинлигини айтди. Бироқ уранни бойитиш масаласи ҳали ҳам асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда: АҚШ мазкур жараённи 20 йилга музлатишни талаб қилаётган бўлса, Эрон 5 йиллик муддатни илгари сурмоқда. Ҳўрмуз бўғози бўйича баҳслар ҳам давом этмоқда.
АҚШдаги вазият
АҚШ қамали Трампга бўлган босимни оширмоқда: АҚШ мудофаа вазирлигининг собиқ мулозими Дэвид Седнининг фикрича, Эрон Трампнинг «пўписасига эътибор бермаган». Унинг таъкидлашича, Ҳўрмуз бўғозидаги қамал Вашингтон учун акс таъсир кўрсатмоқда, чунки глобал ҳамкорлар катта зарар кўрмоқда, АҚШ ичида эса урушни қўллаб-қувватлаш сусаймоқда.
АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) раҳбари адмирал Брэд Купер Эрон портларини қамал қилиш тўлиқ амалга оширилганини ва АҚШ кучлари Яқин Шарқда денгиз устунлигини сақлаб қолаётганини маълум қилди.
АҚШ президенти ўзининг энг яқин иттифоқчиларидан бири — Италия бош вазири Жоржия Мелонини АҚШнинг Эронга ҳужумига қўшилмагани учун «журъатсизлик»да айблаб, кескин танқид қилди. «Мен ундан ҳайратдаман. Уни жасур деб ўйлагандим, лекин адашган эканман», — деди АҚШ президенти Италиянинг «Corriere della Sera» газетасига берган интервюсида.
АҚШ молия вазири Скотт Бессент Вашингтон Ҳўрмуз бўғозида Эрон нефтини ташиётган Хитой танкерларини тўсиб қўйишини билдирди. «Улар ўз нефтини ололмайди. Бошқа нефтни олишлари мумкин, лекин Эрон нефтини эмас», — деди Бессент.
Исроилдаги вазият
· Исроил Ливанда узоқ муддатли иштирокни таклиф қилмоқда: Исроил оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, «Ҳизбуллоҳ» буткул йўқ қилингунига қадар Исроил қўшинларини Ливан жанубида — мамлакат ичкарисига 8 километргача бўлган ҳудудда узоқ муддатга жойлаштириш таклиф этилмоқда.
Давом этаётган ҳарбий тажовуз: Исроил Ливан жанубига ҳаво зарбалари беришни давом эттирмоқда. Хусусан, рамзий ва стратегик аҳамиятга эга бўлган Бинт-Жбайл шаҳарчасини қуршовга олишга асосий эътибор қаратилган.
Эрон масаласида АҚШ билан устуворликларнинг фарқланиши: АҚШ давлат котибининг собиқ ёрдамчиси Жеффри Фелтман Эрон уруши бўйича АҚШ ва Исроил ўртасидаги тафовут ортиб бораётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Исроил Эроннинг баллистик ракета дастуридан АҚШга қараганда анча кўпроқ хавотирда, бу эса стратегик қарашларда бўлинишни келтириб чиқармоқда.
Италия билан муносабатлардаги инқироз: Италия бош вазири Жоржия Мелони Италия фуқаролик жамиятининг кучли босими остида Исроил билан узоқ йиллик мудофаа келишувини автоматик равишда узайтиришни тўхтатиб қўйди. Исроил оппозицияси етакчиси Яир Лапид бош вазир Бинямин Нетаняху ва Ташқи ишлар вазири Гидеон Саарни ушбу муваффақиятсизлик учун кескин танқид қилиб, буни Исроилнинг иттифоқчилари билан манфаатларини ҳимоя қилишдаги навбатдаги «шармандали мағлубият» деб атади.
Ливандаги вазият
· Исроил ҳужумлари давом этмоқда: Ливаннинг расмий Миллий ахборот агентлиги (NNA) хабарига кўра, мамлакат жанубидаги Қадмус ҳудудида Исроил ҳужумларидан сўнг фуқаролик мудофааси гуруҳлари ва тиббиёт ходимлари тўрт кишининг жасадини олиб чиқишган. Шунингдек, Ливан жанубидаги Ансория шаҳарчасида содир бўлган Исроил ҳаво ҳужуми оқибатида беш киши ҳалок бўлган.
· «Ҳизбуллоҳ» ракеталар отмоқда: Исроилнинг «Channel 12» телеканали хабарига кўра, 15 апрел куни эрталаб Ливандан Исроил шимолидаги Жалила ҳудудига 20 та ракета учирилган.
· Ливанда турлича муносабатлар: Исроил–Ливан музокараларига нисбатан жамоатчилик фикри бир хил эмас: баъзилар тинчликдан умид қилаётган бўлса, бошқалар 2100 дан ортиқ киши ҳалок бўлганидан кейин Исроил билан ҳар қандай мулоқотни кескин рад этмоқда. «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи музокараларда иштирок этишдан бош тортган.
· Ливан қишлоқлари худди Ғазодагидек вайрон қилинмоқда: Исроил аскарлари «Haaretz» газетасига берган интервюсида Исроил армияси Ливан жанубидаги қишлоқларни «Ғазо секторида қўлланилган усулларга ўхшаш тарзда» ер билан яксон қилаётганини маълум қилган.
· Фуқаролик инфратузилмаси нишонга олинмоқда: Ҳаво зарбалари уй-жойлар, экин майдонлари ва муҳим инфратузилма объектларига, жумладан, Тебниндаги охирги ишлаб турган шифохонага ҳам зарар етказган. Қурбонлар сони ортиб бораётган бир пайтда, тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш тизими ўта оғир босим остида қолмоқда.
Глобал иқтисодиёт
· ХВЖ глобал рецессиядан огоҳлантирмоқда: Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Эрон билан урушнинг янада авж олиши ва нефт бозорларидаги давомли узилишлар дунёни рецессия ёқасига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
· ХВЖ минтақа бўйича прогнозларни пасайтирди: Жамғарма Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатлари учун 2026 йилги иқтисодий ўсиш прогнозини аввалги 3,9 фоиздан 1,1 фоизгача туширди. Бунга Форс кўрфазидаги нефт ва газ экспортида уруш туфайли юзага келган узилишлар асосий сабаб қилиб кўрсатилган.
· Биржаларда кўтарилиш, нефт нархида пасайиш: 14 апрел куни Яқин Шарқдаги урушни тугатиш ва Ҳўрмуз бўғозини қайта очиш бўйича келишувга эришиш умидлари қайта уйғонгани фонида фонд бозорларида жонланиш кузатилди, нефт нархлари эса бироз пасайди.





