Аёллар ҳижоби, Ўзбекистоннинг «олтин» рекорди ва талабалар учун миллиард – 8 август дайжести
08.08.2025 | 22:007 daqiqa
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар, ҳодисалар ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистоннинг олтин захираси 38,68 млрд долларга етди — бу янги тарихий рекорд
Ўзбекистоннинг халқаро захиралари июль ойида яна ўсди. Бу ҳақда Марказий банк маълумотларига асосан хабар берилди. 1 август ҳолатига кўра, умумий захиралар миқдори 48,74 млрд долларни ташкил этди. Бу ўтган ойга нисбатан 193,7 млн доллар ёки 0,4 фоизга кўпроқдир.
Марказий банк олтин захирасининг қиймати 265 млн долларга ортиб, 38,68 млрд долларга етганини қайд этди. Бу кўрсаткич мамлакат тарихидаги энг юқори даража ҳисобланади. Олтин захирасининг умумий миқдори ўзгармаган — 11,7 млн трой унция. Шу боис ўсиш фақат нархлар ортиши ҳисобига рўй берди.
«Яланғочликни дунёвийлик деб қабул қилдик, энди ёпиниб юриш ҳуқуқига дахл қилмасликни ҳам ўрганайлик» – Алишер Қодиров
«Миллий тикланиш» ДП раиси жаҳон юлдузи Женнифер Лопеснинг Тошкентдаги концерти ва мамлакатда диний бағрикенглик масалалари ҳақида фикрларини билдирди.
«Ялонғоч намойишини дунёвийлик деб қабул қилдик, энди ёпиниб юриш ҳуқуқига ҳам дахл қилмаслик кераклигини қабул қилайлик. Лопесга қандай кийинишни ўргатмаганимиздек, эътиқодли аёлларимизга рўмолни қандай ўрашни ўргатишни, қолаверса, шу ёшга келиб эътиқоди талабига риоя қилган аёлларни паспортга рўмолини ечиб тушишга мажбурлашни ҳам тўхтатиш керак», – деб ёзди у.
Бир талабани мутахассис қилиб тайёрлаш учун давлат йилига қанча пул сарфлаётгани айтилди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида олийгоҳлар битирувчиларини ишга жойлаштириш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Суҳбатда охирги етти йилда олий таълим қамрови 42 фоизга етганига қарамай, кадрлар тайёрлаш тизими реал бозор эҳтиёжларига мос эмаслиги таъкидланди.
Президент ҳисоботлардаги камчиликларни танқид қилди. Бу йилги 231 минг битирувчидан 125 минги ишли деб қайд этилган бўлса-да, уларнинг 42 минги ўзини ўзи банд қилган. Ҳар бир талабани тайёрлаш учун давлат йилига 25–30 миллион сўм сарфлаётгани, аммо ярмидан кўпи паст малакали ишларда банд экани қайд этилди.
Энди ишсизлик нафақаси фақат меҳнат шартномаси бекор қилинган шахсларга тўланади
1 ноябрдан ишсизлик нафақаси олиш тартиби ва ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалар учун иш ўринлари захираси бўйича янги қоидалар кучга киради.
Президент фармонига мувофиқ, 2025 йил 1 ноябрдан ишсизлик нафақаси фақат меҳнат шартномаси бекор қилинган шахсларга тўланади. Янги тартиб сўнгги 5 йилда камида 18 ой ишлаган ва шартнома бекор қилинганидан сўнг 6 ой ичида мурожаат қилган фуқароларга татбиқ этилади.
Ҳокимликлар ходимларига ҳақ тўлашнинг янги тизими жорий этилади
7 август куни қабул қилинган ПФ–129-сонли Фармонга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туман (шаҳар) ҳокимликларининг бошқарув ходимлари учун меҳнатга ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш тизими янгиланади.
Фармонга кўра, ходимларнинг лавозим маоши ягона тамойил асосида меҳнатга ҳақ тўлашнинг янгиланган тариф сеткаси ҳамда кўп йиллик хизмати ва лавозимини инобатга олган ҳолда табақалашган тариф коэффициентлари асосида шакллантирилади. Рағбатлантириш тўловлари бошқарув ходимлари томонидан эришилган энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида ҳар ойлик устама, малака (мартаба) даражалари учун ва ҳисобот даври якунлари бўйича рағбатлантириш (бонус) тўловлари шаклида тўланади.





