Logo

«Бир уруш етарли эмас». Россия Евроосиё иқтисодий иттифоқи ичида савдо низоларини кучайтирмоқда

Bugun 15:513 daqiqa

Остона Россия сиёсатига жавоб қайтармоқда.

«Бир уруш етарли эмас». Россия Евроосиё иқтисодий иттифоқи ичида савдо низоларини кучайтирмоқда © gov.ru

Россия армияси Украинадаги урушда босим остида қолаётган бир пайтда, Кремл Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги (ЕОИИ) бошқа аъзо давлатлар билан савдо можароларига киришмоқда. Аслида ЕОИИ беш аъзо давлат ўртасида эркин савдони ривожлантириши керак. Аммо амалда бу ҳар доим ҳам шундай бўлмаган.

Россия сиёсий жиҳатдан ўзига қулай бўлган вазиятларда ташкилотнинг асосий мақсадлари ва тамойилларини четлаб ўтишга моил бўлиб келган. Бунинг энг яққол мисолларидан бири — 2026-йилда Москванинг Арманистон маҳсулотларига турли савдо тақиқлари ва чекловларини жорий қилганидир. Бу чоралар Ереваннинг Европа Иттифоқига яқинлашиш борасидаги ҳаракатларига жавоб сифатида кўрилмоқда.

Иқтисодий босим Арманистон иқтисодиётининг муҳим соҳаларига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Масалан, Россия давлат назоратидаги табиий газ етказиб берувчи «Gazprom Armenia» компанияси яқинда газ етказиб беришни кутилмаганда 10 кунга тўхтатди. 17-сентябрькуни эса Россия Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу Арманистон ҳукуматини мамлакатдаги Россия бизнесларини амалда ўз тасарруфига олишга уринишда айблади ва Москва томонидан келгусида ҳам жазоловчи чоралар кўрилиши мумкинлигига ишора қилди.

ТАСС ахборот агентлиги Шойгунинг сўзларини келтириб, шундай ёзди:

«Россия Арманистоннинг Европа интеграциясини молиялаштиришга тайёр эмас ва бундай йўналишдаги ҳар бир қадамнинг объектив оқибатлари бўлади».

Сўнгги пайтларда Қозоғистон ва Россия ўртасида автомобиллар савдоси бўйича ҳам келишмовчилик юзага келаётгани ҳақида хабарлар тарқала бошлади. Қозоғистон 2026-йилнинг биринчи ярмида Россиядан 9,8 миллион долларлик автомобиль импорт қилган. Қозоғистон Миллий статистика бюроси эълон қилган маълумотларга кўра, шундан кейин Россиядан автомобил импорти деярли нолга тушиб кетган.

Қозоғистон расмийларига кўра, импортнинг кескин камайишига Россиянинг 2024-йилда хориждан олиб кириладиган автомобиллар учун «утилизация йиғими»ни қайта кўриб чиқиши сабаб бўлган. Янги беш йиллик жадвал асосида йиғимларнинг босқичма-босқич оширилиши Россия автомобил саноатини ҳимоя қилишга қаратилган яширин бож сифатида кенг талқин қилинмоқда. Россия президенти Владимир Путин 2025-йил охирида бу ҳақда гапирган ва юқори утилизация йиғимлари «технологик ривожланиш учун қўшимча даромад келтиргани ва билвосита маҳаллий автомобил саноатини қўллаб-қувватлагани»ни билдирган.

Ўтган йилнинг декабр ойида Россия томонидан утилизация йиғимининг оширилиши Қозоғистондан олиб кириладиган автомобилларнинг умумий нархини тахминан 7 фоизга оширган. Қозоғистон саноат вазири ЕрСайин Нагаспаев март ойида Россия йиғимлар жадвалини қайта кўриб чиқмаса, Остона бунга жавоб қайтаришини билдирган эди. Қозоғистон расмийлари май ойида бу ваъдани амалда қўллади ва Россия ҳамда Беларусдан олиб кириладиган автомобилларга нисбатан худди шундай утилизация йиғими тизимини жорий қилди.

Евроосиё иқтисодий иттифоқининг иқтисодий интеграция воситаси сифатидаги тизими қанчалик муаммоли эканини кўрсатадиган яна бир сўнгги мисол — Қозоғистоннинг хорижий давлатлардан, жумладан, ЕОИИ аъзоларидан олма импортини тақиқлаганидир. Бу қарор маҳаллий олма етиштирувчиларини ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинган. Қозоғистон расмийлари тақиқни асослаш учун ЕОИИ шартномасининг 29-моддасига мурожаат қилган. Бу ҳолат ноодатий ва баҳсли қарор сифатида кўрилмоқда.

ЕОИИ шартномасининг 29-моддаси аъзо давлатларга айрим ҳолатларда импортни тақиқлаш имконини беради. Жумладан, бундай чоралар инсон ҳаёти, жамоат ахлоқи ва жамоат тартибини ҳимоя қилиш, экологик талабларни таъминлаш, ҳайвон ва ўсимлик турларини ҳамда маданий қадриятларни муҳофаза қилиш, халқаро мажбуриятларни бажариш ёки аъзо давлатнинг миллий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қўлланиши мумкин. Шу билан бирга, шартномада бундай тақиқ «асоссиз дискриминация ёки савдони яширин чеклаш воситасига айланмаслиги» кераклиги аниқ кўрсатилган.

Teglar

Mavzuga oid