Logo

Эҳтиёжманд аҳолини «Ижтимоий реестр»га киритиш тизими қайта кўриб чиқилади

Келаси йилдан реестрга кирган оила фарзандларининг давлат ва хусусий боғча бадали, ўқув маркази тўлови, йўлкираси ҳамда олийгоҳдаги ётоқхона харажати ваучер орқали қоплаб берилади.

Эҳтиёжманд аҳолини «Ижтимоий реестр»га киритиш тизими қайта кўриб чиқилади © Ijtimoiy tarmoqlar

Президент Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан видеоселектор йиғилишида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига йил якунига қадар эҳтиёжманд аҳолини «Ижтимоий реестр»га киритиш тизимини қайта кўриб чиқишни топширди.

Бунда аҳоли даромади билан бирга сурункали касаллик, ногиронлик, кўп болалилик ва оила аъзосининг хорижда ишлаётгани каби омилларни қамраб оладиган кўп ўлчовли баҳолаш тизимига ўтилади. Президент матбуот котибининг ёзишича, республикада камбағаллик даражаси 3,9 фоизга тушган бўлса-да, 3 ёшгача фарзанди бор оилаларда мазкур кўрсаткич ўртача 6,5 фоизни ташкил этмоқда.

«Бола парваришлаётган ота-оналарни уйида ёки маҳаллада ишли ва даромадли қиладиган тизимни йўлга қўямиз», — деди президент.

Ишлайдиган оналарга фарзанди бир ёшга тўлгунига қадар Ижтимоий суғурта жамғармасидан нафақа тўланади. Қайд этилишича, меҳнатга лаёқатсиз эҳтиёжманд оилаларга пассив даромад келтирадиган ижтимоий пакет учун жорий йил 300 миллиард сўм ажратилган. Бундай ёрдам олган 11 минг оиланинг ярмида даромад сезиларли ошгани айтилди. Бир ҳафтада ушбу тизимни давом эттириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

«Келаси йилдан реестрга кирган оила фарзандларининг давлат ва хусусий боғча бадали, ўқув маркази тўлови, йўлкираси ҳамда олийгоҳдаги ётоқхона харажати ваучер орқали қоплаб берилади», — деди давлат раҳбари.

Ваучер 12 ой муддатга берилади ва эҳтиёжманд оила «Ижтимоий реестр»дан чиқарилганидан кейин ҳам амал қилади.

Эслатиб ўтамиз, Vaqt.uz аввалроқ «Ижтимоий реестр»га қандай кириш мумкинлиги ва у қандай имтиёзлар бериши ҳақида ёзган эди.

Teglar

Mavzuga oid