Гўшт нархи ва даромадлар тафовути: ким учун гўшт «ҳашамат»га айланмоқда?
Гўшт нархлари кетма-кет бир неча ҳафтадан буён қимматлашмоқда. Аммо асосий муаммо нархнинг ўзи эмас: айрим ҳудудларда аҳоли бир ойлик даромадига пойтахтдагиларга нисбатан икки баробар камроқ гўшт сотиб олиши мумкин.

Ўзбекистонда гўшт нархлари кетма-кет бир неча ҳафтадан буён ўсишда давом этмоқда. “Narxtahlil” маълумотларига кўра, ўтган ҳафта мол гўшти нархи 0,6 фоизга қимматлашган бўлса, жорий ҳафтада ҳам ўсиш суръати сақланиб қолиб, яна 0,5 фоизга ошди.
Натижада мамлакат бўйича мол гўштининг ўртача нархи 122 минг 368 сўмга етди. Қўй гўшти нархи ҳам учинчи ҳафта кетма-кет кўтарилиб, 0,4 фоизга ошди ва 133 минг 396 сўмни ташкил этди.
Мутахассислар фикрича, гўшт бозоридаги нарх босими ҳануз юқорилигича қолмоқда. Ўтган ҳафта улгуржи бозорда қўй гўшти нархининг ошгани кузатилган бўлса, бу ҳафта чакана савдода ҳам қимматлашиш давом этди. Мол гўшти бозорида улгуржи сегмент нисбатан барқарор қолаётганига қарамай, чакана савдода нархлар аста-секин юқориламоқда. Бу эса улгуржи ва чакана бозорлар ўртасидаги тафовут сақланиб қолаётганини кўрсатади.
Бунга қарамай, гўшт нархининг ўсиши ички бозордаги таклиф муаммолари билан бир қаторда ташқи омиллар билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Аввалроқ гўшт импорти 47 фоизга ошгани, шу билан бирга хориждан қимматроқ нархларда маҳсулот харид қилинаётгани маълум қилинган эди. Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари орасида энг қиммат гўшт айнан Ўзбекистонда сотилаётгани ҳақидаги маълумотлар ҳам эълон қилинган.
Ҳудудлар ўртасидаги тафовут кескин
Hudud | Joriy narx | Avvalgi narx | O'zgarish (%) |
Toshkent shahri | 132 785 | 132 192 | 0.45 |
Jizzax viloyati | 132 759 | 131 381 | 1.05 |
Namangan viloyati | 127 072 | 128 799 | -1.34 |
Samarqand viloyati | 126 396 | 126 144 | 0.2 |
Surxondaryo viloyati | 125 114 | 123 599 | 1.23 |
Sirdaryo viloyati | 125 108 | 124 497 | 0.49 |
Andijon viloyati | 124 163 | 122 390 | 1.45 |
Farg'ona viloyati | 123 925 | 123 010 | 0.74 |
Toshkent viloyati | 123 298 | 123 335 | -0.03 |
Navoiy viloyati | 119 574 | 120 366 | -0.66 |
Qashqadaryo viloyati | 119 053 | 119 082 | -0.02 |
Buxoro viloyati | 117 249 | 115 736 | 1.31 |
Xorazm viloyati | 114 755 | 113 951 | 0.71 |
Qoraqalpog'iston Respublikasi | 107 505 | 106 491 | 0.95 |
3 июн ҳолатига кўра, мол гўшти нархлари ҳудудлар кесимида сезиларли даражада фарқланмоқда. Энг қиммат гўшт Тошкент шаҳри ва Жиззах вилоятида қайд этилган. Пойтахтда 1 килограмм мол гўштининг ўртача нархи 132 минг 785 сўмни, Жиззахда эса 132 минг 759 сўмни ташкил қилган.
Энг арзон мол гўшти эса Қорақалпоғистон Республикасида сотилмоқда. Бу ерда ўртача нарх 107 минг 505 сўмга тенг. Хоразм вилояти (114 минг 755 сўм) ва Бухоро вилояти (117 минг 249 сўм) ҳам мамлакат ўртача кўрсаткичидан анча паст нархлар билан ажралиб туради.
Ҳафталик ўзгаришлар бўйича энг катта ўсиш Андижон вилоятида қайд этилди. Бу ҳудудда бир ҳафта ичида нарх 1,45 фоизга ёки 1 минг 773 сўмга қимматлашган. Кейинги ўринларда Бухоро (1,31 фоиз) ва Сурхондарё (1,23 фоиз) вилоятлари жойлашган.
Аксинча, Наманган вилоятида нархлар 1,34 фоизга ёки 1 минг 727 сўмга пасайган. Навоий вилоятида ҳам 0,66 фоизлик арзонлашиш кузатилган.
Бугунги кунда энг қиммат ва энг арзон ҳудудлар ўртасидаги нарх фарқи 25 минг сўмдан ошмоқда. Бу эса мамлакат бўйича ягона бозор шаклланаётганига қарамай, ҳудудлар кесимида сезиларли тафовутлар сақланиб қолаётганини кўрсатади.
Номинал нарх ва ҳақиқий қимматлик ўртасидаги фарқ

Манба: Миркономика
Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг таъкидлашича, гўшт бозорини фақат номинал нархлар орқали баҳолаш тўлиқ тасаввур бермайди. Чунки маҳсулотнинг ҳақиқий қиммат ёки арзонлиги аҳолининг даромадига боғлиқ.
Масалан, номинал нарх бўйича энг қиммат ҳудуд Тошкент шаҳри ҳисобланади. Бироқ ўртача иш ҳақи билан солиштирилганда пойтахт аҳолиси гўштни энг арзон харид қилаётган ҳудудлардан бири бўлиб чиқади. Ҳисоб-китобларга кўра, ўртача тошкентлик ойлик даромади эвазига 88 килограмм мол гўшти сотиб олиши мумкин.
Таққослаш учун, Сурхондарё вилоятида ўртача маош ҳисобидан атиги 37,8 килограмм гўшт харид қилиш мумкин. Яъни сурхондарёликларнинг гўшт харид қилиш имконияти тошкентликларга нисбатан 2,3 баробар паст.
Харид қобилияти бўйича Навоий вилояти ҳам юқори натижа қайд этган бўлиб, бу ерда ўртача маош эвазига 70,7 килограмм гўшт харид қилиш мумкин. Тошкент вилоятида эса бу кўрсаткич 50 килограммни ташкил этади. Қорақалпоғистонда иш ҳақи нисбатан пастроқ бўлишига қарамай, гўшт нархларининг арзонлиги харид қобилиятини юқори сақлаб турибди.
Сурхондарё сингари Жиззах, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида ҳам гўштнинг харид қобилияти нуқтаи назаридан қимматлиги кузатилмоқда. Бу ҳудудларда аҳоли даромадлари гўшт нархлари билан таққослаганда анча паст даражада қолмоқда.
Энг қиммат ва энг арзон туманлар

Туманлар кесимида эса вазият янада қизиқроқ. Харид қобилияти бўйича энг қиммат ҳудуд Жиззах вилоятининг Фориш тумани бўлиб чиқди. Бу ерда ўртача ойлик маош ҳисобидан атиги 26 килограмм мол гўшти сотиб олиш мумкин. Шу билан бирга, туманда номинал нарх ҳам мамлакатдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлиб, 1 килограмм гўшт 140 минг 200 сўмдан сотилмоқда.

Аксинча, Миробод, Шайхонтоҳур, Юнусобод ва Учқудуқ туманлари харид қобилияти бўйича энг қулай ҳудудлар қаторига киради. Ушбу туманларда ўртача маош ҳисобидан 100 килограммдан ортиқ мол гўшти харид қилиш мумкин.
Эътиборлиси, гўшт харид қилиш энг қулай бўлган 20 та туманнинг 8 таси Тошкент шаҳрида жойлашган.
Гўшт бозоридаги асосий муаммо фақат нархларнинг ўзи эмас, балки аҳоли даромадлари билан боғлиқ тафовутдир. Статистикада энг қиммат гўшт Тошкентда сотилаётгандек кўринса-да, харид қобилияти нуқтаи назаридан энг оғир вазият Сурхондарё, Жиззах, Қашқадарё ва Наманган каби ҳудудларда шаклланган. Бу вилоятларда аҳоли бир ойлик маоши эвазига пойтахтдагиларга нисбатан икки баробаргача камроқ гўшт харид қила олади.
Гўшт импортининг 47 фоизга ошгани, нархларнинг кетма-кет бир неча ҳафта давомида кўтарилаётгани ва ҳудудлар ўртасидаги тафовутнинг 25 минг сўмдан ортиқ экани бозордаги номутаносибликлар сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Агар даромадлар ўсиши нархлар суръатидан ортда қолишда давом этса, гўшт айрим ҳудудлар аҳолиси учун тобора люкс маҳсулотга айланиши мумкин. Бу ҳолат эса муаммо гўшт нархининг ўзида эмас, балки аҳолининг реал харид қобилиятида эканини яна бир бор кўрсатади. Даромадлар ва имкониятлар ўртасидаги тафовут қисқармас экан, гўшт бозоридаги ҳудудий тенгсизлик ҳам сақланиб қолаверади.
Teglar






