Logo

Кешбеклар қандай қилиб фирибгарлар бизнесига айланди?

Bugun 13:5510 daqiqa

Ўзбекистонда солиқ кешбеки тизими яширин иқтисодиётни қисқартириш учун жорий этилганди. Бироқ сўнгги ойларда фош этилган йирик фирибгарликлар айрим гуруҳлар ушбу механизмни давлат бюджетидан миллиардлаб сўм маблағни ноқонуний ўзлаштириш воситасига айлантирганини кўрсатмоқда. Vaqt.uz сохта чеклар ортидаги схема қандай ишлагани, тизимдаги заиф нуқталар қаерда бўлгани ва бу каби фирибгарликларнинг такрорланмаслиги учун нималар ўзгариши кераклигини ўрганди.

Кешбеклар қандай қилиб фирибгарлар бизнесига айланди?

2021-йилда Ўзбекистонда ишга туширилган солиқ кешбеки тизими дастлаб яширин иқтисодиётга қарши самарали восита сифатида баҳоланган эди. Ҳукумат фуқароларни харид чекларини талаб қилишга рағбатлантириш орқали тадбиркорларни барча операцияларни расмийлаштиришга ундаш мақсадида жорий этганди.

Тизим оддий ишлайди, харидор дўкондан маҳсулот сотиб олади, фискал чекни иловага юклайди ва харид суммасининг бир қисмини қайтариб олади. Бироқ орадан беш йил ўтиб айнан шу тизим фирибгарлар учун миллиардлаб пулни «ювиш» воситасига айланди.

Сўнгги икки ой ичида Андижон, Фарғона, Навоий, Жиззах ва Тошкентда деярли бир хил усулда содир этилган жиноятлар фош этилди.

Бир хил сценарий, турли вилоятлар

Жиноят ишлари материалларини таҳлил қилганда деярли кўпчилик ҳолатларда айнан бир хил схема қўллангани кўринади.

Аввало, ишсиз ёки номига директор бўлишга рози бўлган фуқаролар номига ўнлаб МЧЖлар очилган. Кейин ушбу корхоналар бир-бирига юзлаб миллиард, ҳатто триллион сўмлик электрон ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирган. Ҳужжатларда ун, ёғ, шакар ёки гўшт каби маҳсулотлар сотилгани кўрсатилган бўлса-да, амалда ҳеч қандай маҳсулот мавжуд бўлмаган.

Қоғоздаги ана шу «харидлар» кейинги босқич учун асос бўлиб хизмат қилади. Корхоналар назорат-касса машиналари орқали минглаб фискал чеклар чиқаради. Тизим буларни ҳақиқий харид сифатида қабул қилади ва Солиқ иловаси орқали автоматик равишда кешбек ҳисоблай бошлайди.

Хусусан, Солиқ қўмитаси йирик миқдордаги кешбек маблағларини асоссиз қайтариб олишга қаратилган йирик схема аниқлангани ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, 2026-йил 16-май куни бир куннинг ўзида «VS» МЧЖ «ZSQ» МЧЖдан 585,7 миллиард сўмлик, «GWI» МЧЖ эса «ABB777» МЧЖдан 551,8 миллиард сўмлик ҳамда «ZSQ» МЧЖдан яна 2,7 миллиард сўмлик сариёғ маҳсулотларини қабул қилганини ҳужжатларда расмийлаштирган. Бироқ сайёр солиқ текшируви давомида қарийб 1,14 триллион сўмлик ушбу маҳсулотларнинг омборлар ёки савдо нуқталарида мавжуд эмаслиги аниқланган. Яъни ҳужжатларда мавжуд деб кўрсатилган товарлар амалда топилмаган.

Бундан ташқари, «ZSQ» МЧЖда Сурхондарё вилояти солиқ бошқармаси 2026-йил 9-июль куни ўтказган сайёр солиқ текширувида 1,82 триллион сўмлик, «ABB777» МЧЖда эса Навоий вилояти солиқ бошқармаси 1-июль куни ўтказган солиқ аудитида 1,83 триллион сўмлик кирим қилинмаган товарлар сотилгани аниқланган. Бошқача айтганда, корхоналар ҳисобига олинмаган маҳсулотларни реализация қилган.

Қўмита хабарига кўра, барча текширув ҳужжатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилиб, айни вақтда текширувлар давом этмоқда.

Энг қизиқ томони шундаки, кўплаб ҳолатларда бу чеклар ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган фуқаролар номига бириктирилган. Чунки айрим озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича бундай фуқароларга 12 фоизгача ижтимоий кешбек қайтарилади. Фирибгарлар айнан шу механизмдан фойдаланиб, давлат маблағларини ўзлаштирган.

Деярли ҳар ҳафтада янги жиноят

Сўнгги икки ойда деярли ҳар ҳафта турли ҳудудларда айнан бир хил жиноят аниқланаётгани фирибгарлик ҳолати аллақачон авж олганини кўрсатади.

Энг йирик ҳолатлардан бири Андижонда қайд этилди. Олти нафар фуқаро уч кишининг номига тўққизта корхона ташкил қилиб, 1,1 триллион сўмлик сохта электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштирган. Натижада 100 мингдан ортиқ фуқаро номига 35,1 миллиард сўм кешбек ҳисобланган.

Орадан кўп ўтмай Фарғонада яна бир схема фош этилди. Икки корхона 1,2 триллион сўмлик сохта маҳсулот айланмаси яратиб, 125,4 миллиард сўм сунъий ҚҚС шакллантиришга уринган. Бу ҳолатда маблағ тўлаб юборилишидан олдин схема тўхтатилган.

Навоийда эса 13 та корхона 4,5 триллион сўмлик сохта электрон ҳисоб-фактуралар орқали 34,8 миллиард сўм кешбек олган. Андижонда аниқланган иккинчи ҳолатда яна бешта корхона 38,3 миллиард сўмни ўзлаштиргани маълум бўлди.

Жорий ҳафтада ҳам бу каби фирибгарлик ҳолати ҳақида баёнотлар кўпайган. Хусусан, 20-июль куни Бош прокуратура ҳузуридаги департамент Жиззах вилоятида 1,9 миллиард сўм бюджет маблағлари кешбек сифатида талон-торож қилингани ҳақида маълумот берди.

Текширувда фуқаролар Р.А., Т.Ш. ҳамда «Б.Р.» ва «А.А.» МЧЖ масъул шахслари ўзаро тил бириктириб, гўёки 16,6 миллиард сўмлик маҳсулотлар етказиб берилгани ҳақида сохта маълумотлар расмийлаштириб, фуқароларга сотилгани ҳақида 3 106 дона харид чекларини чиқарган. Сўнг ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган фуқароларга Soliq Mobile иловаси орқали кешбек сифатида тўлаб бериб, 1,9 миллиард сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.

21-июль куни эса Департамент бу каби ҳолат Тошкент шаҳрида ҳам юз бергани ҳақида хабар қилди.

Қайд этилишича, «Е.П.», «М.М.» ва «Е.С.» МЧЖлар масъул шахслари ўзаро тил бириктириб, гўёки 322,4 миллиард сўмлик маҳсулотлар етказиб берилгани ҳақида сохта маълумотлар расмийлаштириб, савдодан тушган пулларни назорат касса машиналари орқали кирим қилиб, фуқароларга сотгани ҳақида 3 363 дона харид чекларини чиқарган.

Ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Фирибгарлар тизимдан бир қадам олдинда

Кешбек фирибгарлигининг муваффақиятли ишлашига имкон берган энг муҳим омиллардан бири — «назорат ва тўлов жараёнлари ўртасидаги вақт тафовути» бўлди.

Тизимда кешбек маблағлари қисқа муддат ичида ҳисоблаб берилади. Аммо корхонанинг ҳақиқатан ҳам маҳсулот сотгани, электрон ҳисоб-фактураларда кўрсатилган товарлар мавжудлиги ёки улар бўйича пул ўтказмалари амалга оширилганини текшириш кўпинча кейинроқ — режа асосидаги солиқ текширувлари давомида аниқланади.

Фирибгарлар эса айнан шу «форточка»дан фойдаланган.

Аввал бир неча корхона рўйхатдан ўтказилади. Сўнг улар ўзаро юзлаб миллиард, ҳатто триллион сўмлик сохта электрон ҳисоб-фактураларни расмийлаштиради. Кейинги босқичда назорат-касса машиналари орқали минглаб фискал чеклар яратилади ва улар асосида Солиқ иловасида кешбек ҳисобланади. Маблағлар банк карталарига ўтказилиб, нақдлаштирилгач ёки бошқа ҳисоб рақамларига чиқарилгач, корхоналар фаолияти амалда тўхтатилади ёки ташлаб кетилади.

Натижада назорат органлари текширувни бошлаган пайтда пул аллақачон тизимдан чиқиб кетган бўлади.

Халқаро амалиётда бундай ҳолат «audit lag», яъни назоратнинг молиявий операциялардан ортда қолиши деб аталади. Ўзбекистонда ҳам айнан шу вақт тафовути фирибгарлар учун энг катта устунликка айланган. Тизим ноқонуний операцияни содир бўлишидан олдин эмас, аксарият ҳолларда маблағ бюджетдан чиқиб кетганидан кейингина аниқлай олган.

Солиқ қўмитасидан муносабат

Солиқ қўмитаси 7-июль куни сохта ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган фискал чекларни расмийлаштириш орқали асоссиз равишда ҚҚС суммаларини қайтариб олишга уриниш ҳолатларига муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Республика бўйича май ойининг ўзида 389 та корхоналардан сохта чеклар орқали ҚҚСни қайтариб олмоқчи бўлган «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»даги 248,5 минг нафар (122,1 минг нафари апрель ойида) шахслар шубҳали харидорлар реестрига киритилиб, 83,1 миллиард сўм (апрель ойида 102,5 миллиард сўм) кешбек суммаларини тўлаш вақтинча тўхтатилган.

2026-йил апрель—май ойларида Навоий вилоятида 13 та МЧЖга тегишли ОНКМ чеклари орқали 105 524 нафар фуқаро томонидан рўйхатдан ўтказилган 34,8 миллиард сўм кешбек суммаси тўлиқ ушлаб қолинган ва фуқароларга тўлаб берилмаган.

Фарғона вилоятида 5 та МЧЖга тегишли ОНКМ чеклари орқали 95 минг нафар фуқаро томонидан рўйхатдан ўтказилган 38,3 миллиард сўм кешбек суммасидан 3,9 миллиард сўм тўловга тасдиқланган ва 34,4 миллиард сўм кешбек суммаси ушлаб қолинган ва фуқароларга тўлаб берилмаган.

Андижон вилоятида 100 458 нафар фуқаро томонидан рўйхатдан ўтказилган 34,1 миллиард сўм кешбек суммасидан 5,8 миллиард сўм тўловга тасдиқланган ва 23,8 миллиард сўм кешбек суммаси ушлаб қолинган ва фуқароларга тўлаб берилмаган.

«Шуни таъкидлаш жоизки, давлат томонидан жорий этилган кешбек тизимини бекор қилиш ёки унинг амал қилишини чеклаш мақсади кўзланмаган. Аксинча, мазкур механизм аҳолининг харид маданиятини ошириш, фискал интизомни мустаҳкамлаш, нақд пулсиз ҳисоб-китобларни рағбатлантириш ҳамда яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга хизмат қилаётган муҳим воситалардан бири ҳисобланади», дейилади қўмита муносабатида.

Сохта чеклар орқали бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида фуқаролардан Soliq Mobile иловасида фақат ўзлари амалга оширган харидлари учун берилган чекларни рўйхатдан ўтказиш, бошқа шахслар томонидан тақдим этилган чекларни рўйхатдан ўтказмаслик сўралди.

Сохта чекларни сотиш ёки харид қилиш ҳолатларига дуч келганлар Солиқ органларининг комплаенс ва коррупцияга қарши назорат бўлинмаларига мурожаат қилиши мумкин.

Қандай ечимлар таклиф қилинмоқда?

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, фискал таҳлиллар институти харид чекларини Солиқ иловасида рўйхатдан ўтказганлик учун бериладиган 1 фоизлик кешбек амалиётини тўхтатиш ҳақидаги ташаббус билан чиқди.

«Мазкур механизмнинг амал қилиши давлат бюджети ҳисобидан доимий молиялаштиришни талаб этади. Рўйхатдан ўтказилган фискал чеклар сони ортиши билан бир қаторда, давлат бюджети харажатлари ҳам муттасил кўпайиб боради», — дейилади ИМВ ҳузуридаги институт эълон қилган мақолада.

Институт маълумотларига кўра, 2022 йилда кешбек тўловлари ҳажми 820 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич 1,8 триллион сўмга етиши прогноз қилинмоқда. Шу билан бирга, айланмадан олинадиган солиқ тушумларининг ўсиш суръати кешбек жорий этилган дастлабки йилларга нисбатан секинлашган.

Таҳлилларга кўра, тўланаётган кешбекнинг салмоқли қисми иқтисодиётнинг расмий секторида, яъни кешбексиз ҳам шаффоф ишлайдиган йирик савдо тармоқларида амалга оширилган харидларга тўғри келмоқда.

Хусусан, 2026 йил май ойида тўланган 146,6 миллиард сўмлик кешбекнинг 10,7 фоизи (15,7 млрд сўм) Top-10 савдо тармоғи улушига тўғри келган. Шунингдек, товарлар реализация қилинмаса-да, сохта чекларни шакллантириш орқали ноқонуний кешбек олиш ҳолатлари кузатилмоқда.

«Айрим ҳолатларда товарлар амалда реализация қилинмаган бўлса-да, давлат бюджети ҳисобидан кешбек олиш мақсадида фақатгина сохта ҳисоб-китоб операцияларини расмийлаштириш орқали фискал чекларни шакллантириш схемалари кузатилмоқда», — дея таъкидланади таҳлилда.

Лотереялар тизими ва янги ёндашув

Оммавий кешбек ўрнига, тушумларни яшириш эҳтимоли юқори бўлган соҳаларда (масалан, умумий овқатланиш корхоналари ва кичик чакана савдо объектлари) фискал чекларни рўйхатдан ўтказган харидорлар ўртасида давлат лотереяларини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Бундай лотереяларда автомобиллар, туристик йўлланмалар ва 5 миллион сўмдан юқори қийматдаги совринлар ўйналиши мумкин.

Бунинг учун йилига 100 триллион сўмгача маблағ йўналтириш етарли деб ҳисобланмоқда, бу эса давлат бюджети харажатларини қарийб 20 баробарга қисқартириш имконини беради. Ижтимоий реестрга киритилган шахсларга қўшилган қиймат солиғини қайтариш (ҚҚС кешбеки) амалиёти эса манзилли ижтимоий хусусиятга эга бўлгани учун сақлаб қолинади.

12 фоизлик кешбек сақланиб қолади

Қўшимча қилинишича, ижтимоий реестрга киритилган шахсларга ижтимоий аҳамиятга эга товарларни харид қилганда 12 фоизлик ҚҚСни қайтариш механизмини бекор қилиш назарда тутилмаяпти. Чунки бу механизм манзилли хусусиятга эга бўлиб, яширин иқтисодиётни қисқартиришга эмас, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари учун солиқ юкини камайтиришга қаратилган.

Солиқ қўмитаси: кешбек тизимини бекор қилиш ёки уни чеклаш режалаштирилмаган

Солиқ қўмитаси эса мазкур рағбатлантириш механизми аҳолининг харид маданиятини ошириш, фискал интизомни мустаҳкамлаш, нақд пулсиз ҳисоб-китобларни рағбатлантириш ҳамда яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга хизмат қилаётган муҳим воситалардан бири эканини таъкидлади.

«Аниқланган ҳолатлар кешбек тизимининг ўзига эмас, балки ундан ноқонуний манфаат кўришга уринган айрим шахслар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳаракатларига тегишлидир. Мақсад – кешбек тизимини тўхтатиш эмас, балки унинг адолатли ва манзилли ишлашини таъминлашдан иборат», — дейилади хабарда.

Фирибгарлар сабаб тизимдан ҳамма жабр кўрмаслиги керак

Солиқ иловасидаги кешбек кўпчилик учун оддий рағбат эмас, балки кундалик харидларнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Ойига бир неча ўн минг ёки юз минглаб сўм қайтиши оилавий бюджетга кичик ёрдам бўла олади.

Албатта, давлат бюджетидан ноқонуний равишда миллиардлаб сўм маблағни ўзлаштиришга уринган гуруҳларга қарши қатъий чоралар кўрилиши шарт. Аммо бу фирибгарликлар сабаб тизимдан ҳалол фойдаланаётган миллионлаб фуқаролар рағбатдан маҳрум бўлиши қанчалик адолатли?!

Кўриниб турибдики, муаммо кешбекнинг ўзида эмас. Муаммо — уни суиистеъмол қилганларда ва бундай схемаларни вақтида аниқлай олмаган назорат механизмларида. Аслида юқоридаги фирибгарлик ҳолатлари рақамлаштиришнинг ўзи фирибгарликни тўхтатмаслигининг исботи бўла олади. Тизим сунъий интеллект ва маълумотлар таҳлилига таяниб, реал вақт режимида хавфларни аниқлаши, фирибгарликни пул бюджетдан чиқишидан олдин тўхтата олиши керак.

Яна бир жиҳат бор. Ўзбекистонда рағбатлантириш тизимлари аввал ҳам турли сабабларга кўра ўзгарган ёки тўхтатилган. Масалан, бир вақтлар катта қизиқиш уйғотган «10 минг қадам» лойиҳасида дастлаб фуқароларга ҳар куни 10 минг қадам юргани учун пул тўлаб берилган, кейинчалик лойиҳа молиялаштириш ва механизмларни такомиллаштириш важлари билан тўхтатилганди. Орадан бир неча йил ўтиб лойиҳа бошқа форматда қайта тикланиши белгиланди, бироқ уни амалда ишга тушириш ҳам техник муаммолар сабаб чўзилмоқда.

Хусусан, 25-март куни имзоланган ““Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорида “Соғлом турмуш тарзи” платформаси учун ҳар йили Махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан 10 миллиард сўм ажратилиши белгиланган.

Шунингдек, қарорда ССВ, Рақамли технологиялар вазирлиги ва Спорт вазирлигига платформада рағбатлантириш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилган.

Бироқ лойиҳа май ойида ишга туширилмаган, Экология қўмитасининг расмий изоҳида техник ишлар ҳануз тугатилмагани келтирилиб, қўшимча маълумот берилиши айтилган. Шунга қарамай, июль ойида ҳам ушбу лойиҳанинг ишга туширилиши масаласида бирор хабар берилмади.

Шу боис айрим кузатувчилар кешбек тизими билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз беришидан хавотирда. Дастлаб фирибгарликлар сабаб айрим чекловлар жорий этилиши, кейинчалик эса оммавий кешбек механизми босқичма-босқич қисқариб бориши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Teglar

null null

MaftunaMaqolalar soni: 74

Barchasi

Mavzuga oid

Кешбеклар қандай қилиб фирибгарлар бизнесига айланди? | Vaqt.uz