Бу маблағ ҳисобидан углерод савдосининг ҳуқуқий асослари, қоида ва йўриқномалари ишлаб чиқилади, соҳа мутахассисларини тайёрловчи ўқув маркази ташкил этилади ҳамда қишлоқ хўжалиги, энергетика ва сув хўжалигида иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга қаратилган тажриба лойиҳалари амалга оширилади.
Ўзбекистон Корея халқаро ҳамкорлик агентлигидан (KOICA) иқлим бўйича мажбуриятларни амалга ошириш ҳамда Жанубий Корея билан углерод савдосини ривожлантириш учун 8,5 миллион доллар грант маблағи олди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига таяниб «Trend» агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, тегишли келишувга 25 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда эришилган. Унда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидхаджаев, KOICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Ким Мёнг Жин, Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) вакили Синён Стелла Ли ҳамда икки ташкилот мутахассислари иштирок этган.
Лойиҳа Ўзбекистоннинг Париж келишувини амалга ошириши ва мазкур келишувнинг 6-моддаси доирасида Жанубий Корея билан ҳамкорликдаги ҳаракатларга қаратилган. У KOICA техник кўмагида GGGI томонидан амалга оширилади.
Лойиҳа доирасида Жанубий Корея билан углерод савдоси учун меъёрий-ҳуқуқий ва институционал асос яратилади, қоидалар ва йўриқномалар ишлаб чиқилади ҳамда қўшма ҳаракатлар режаси тайёрланади.
Шунингдек, углерод лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва бошқариш бўйича мутахассисларни тайёрлайдиган ўқув маркази ташкил этилади. Қишлоқ хўжалиги, энергетика ва сув хўжалиги соҳаларида иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартиришга қаратилган тажриба лойиҳалари ҳам амалга оширилади.
Янги лойиҳа 2025 йилда KOICA маблағлари ҳисобидан амалга оширилган Оролбўйи ҳудудини яшил тиклаш бўйича инвестиция лойиҳасининг давоми бўлади. Қайд этилишича, Ўзбекистон сўнгги йилларда «яшил» иқтисодиётга ўтиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича халқаро ҳамкорликни изчил кенгайтирмоқда.