Марказий банк раҳбари исломий молияни ривожлантиришнинг кейинги босқичи нималарни ўз ичига олишини айтди
Vaqt.uz мухбирининг хабар беришича, Самарқанддаги форумда асосий эътибор исломий молия стандартларига мувофиқ корпоратив бошқарувни ташкил этиш, банкларнинг барқарор фаолияти учун зарур ликвидликни бошқариш воситаларини жорий этиш, соҳа учун малакали кадрларни тайёрлаш, исломий молия саводхонлигини ошириш масалаларига қаратилди.
© vaqt.uzИсломий молияни ривожлантиришнинг учинчи босқичи исломий қимматли қоғозлар, хусусан сукук инструменти учун зарур ҳуқуқий асосни яратишдан иборат. Бу ҳақда Марказий банк раиси Тимур Ишметов Самарқанддаги исломий молияга бағишланган форумда маълум қилди, дея хабар бермоқда Vaqt.uz мухбири.
У ана шу мақсадда ҳукумат томонидан Ўзбекистонда капитал бозори тўғрисидаги янги қонун лойиҳаси тайёрланганини айтиб ўтди. Ишметов айтиб ўтган қонун лойиҳаси таъминланган облигациялар, ҳосила молиявий инструментлар (деривативлар), секюритизацияланган облигациялар, сукук, барқарор ривожланиш облигациялари, субординацияланган облигациялар ва хорижий валютада ифодаланган облигациялар учун ҳуқуқий асос яратади.
Регулятор раҳбари исломий молияни ривожлантириш бир мамлакат ёки бир ташкилотнинг саъй-ҳаракатлари билан амалга ошмаслигини урғулаб, ушбу жараёнда халқаро тажриба, институционал ҳамкорлик, инвестициялар ва малакали мутахассисларнинг қўшма ҳамкорлиги ниҳоятда муҳимлигини айтди. Ишметов шу боис Ўзбекистон Ислом тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, олимлар ва кўплаб экспертлар билан амалий ечимларни ишлаб чиқиш, кадрларни тайёрлаш, янги молиявий инструментларни жорий этишда амалий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди.
Исломий молияни ривожлантиришнинг амалий йўналишлари муҳокама қилинди
2026-йил 27–28-октябр кунлари Самарқанд шаҳрида Самарқанд исломий молия форуми бўлиб ўтмоқда. Унда регуляторлар, халқаро молия институтлари, хорижий ва маҳаллий тижорат банклари вакиллари, соҳа мутахассислари ва экспертлар, олий таълим муассасалари профессор ва талабалари иштирок этмоқда.
Форумда асосий эътибор исломий молия учун Марказий Осиёда қўллаб-қувватловчи экотизимни шакллантиришга оид мавзуларга қаратилиб, унда минтақа ҳамкорлик йўналишларини белгилаш, исломий молия стандартларига мувофиқ корпоратив бошқарувни ташкил этиш, банкларнинг барқарор фаолияти учун зарур ликвидликни бошқариш воситаларини жорий этиш, соҳа учун малакали кадрларни тайёрлаш, исломий молия саводхонлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Икки кун давом этган форум доирасида еттита панел муҳокамалари бўлиб ўтади. Илк панел муҳокамаларида Марказий Осиёда исломий молиянинг жорий ҳолати, ҳудуднинг потенциали ва тизимли муаммолар таҳлил этилди. Шунингдек, исломий молия соҳасини барқарор ривожланишини таъминлаш йўллари кўриб чиқилди.
Алоҳида эътибор исломий молия муассасаларида исломий молия стандартларига мувофиқлик, корпоратив бошқарув ва ички назорат масалаларига қаратилди. Бунда исломий молия ташкилоти фаолиятининг белгиланган талабларга мувофиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш ҳамда таваккалчиликларни бошқариш механизмлари муҳокама қилинди.
Исломий капитал бозорини шакллантириш ва ликвидликни бошқариш воситаларини жорий этиш ҳам форумнинг муҳим мавзуларидан бири бўлди. Хусусан, ушбу воситалар банклар учун мажбуриятларини ўз вақтида бажариши учун аҳамиятли экани айтилди. Муҳокамаларда бундай воситаларни ривожлантиришга хизмат қиладиган бозор инфратузилмаси ва уни шакллантириш бўйича амалий ҳаракатлар кўриб чиқилди.
Форумда кадрлар тайёрлаш ва аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш соҳа ривожининг ўзаро боғлиқ йўналишлари сифатида муҳокама қилинди. Профессионал таълим, малака ошириш ҳамда аҳолига содда ва аниқ ахборот етказиш масалаларига эътибор қаратилди. Кадрлар тайёрлаш ва аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш исломий молия индустрияси экотизимининг муҳим элементлари эканлиги алоҳида эътироф этилди. Мутахассисларнинг билим ва кўникмалари хизматлар сифатига таъсир қилса, мижозларнинг маҳсулот шартларини тушуниши тўғри танлов қилишига ёрдам беради. Шу боис форум сўнгги икки панели давомида профессионал таълим, малака ошириш ҳамда аҳолига содда ва аниқ ахборот етказиш масалалари муҳокама қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда исломий банк фаолияти учун илк лицензия берилганди.





