Охири кўринмаяпти. Жаҳон давлат қарзи нима учун шиддат билан ўсиб бормоқда?

24.10.2025 | 23:005 daqiqa

2029 йилга келиб, жаҳон давлат қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 100 фоизидан ошиб кетади. Бу сўнгги 77 йил ичидаги энг юқори кўрсаткич бўлади. Асосий муаммога ривожланган иқтисодиётлар дуч келмоқда — уларнинг кўпчилиги мажбуриятларини бажаришга етарли имкониятга эга эмас.

Охири кўринмаяпти. Жаҳон давлат қарзи нима учун шиддат билан ўсиб бормоқда?

Қарзга ботиб кетиш

Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) октябрь ойидаги ҳисоботида коронавирус пандемиясидан олдин жаҳон давлат қарзи ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 85 фоизини ташкил этгани қайд этилган. 2020 йилга келиб эса бу кўрсаткич ЯИМнинг 98,7 фоизигача кўтарилди. Бу ҳақда ТРТ ёзмоқда.

Қайд этилишича, бу ҳайратланарли эмас. Ўша пайтда мамлакатлар кетма-кет локдаунларни жорий этди. Шу билан бирга иқтисодий фаоллик сусайиб, солиқ тушумлари камайиб борди. COVID-19 пандемияси глобал соғлиқни сақлаш тизимига оғир юк бўлди. Изоляция эса жаҳон иқтисодиётига жиддий зарар етказди.

Бундай шароитда ҳукуматларга янада кўпроқ қарз олишдан бошқа илож қолмади. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилга келиб глобал давлат қарзи 92 триллион долларга етди.

Мутахассислар пандемиядан сўнг мамлакатлар қарз ботқоғидан чиқиб кетишига умид қилишганди. Аммо бундай бўлмади. Аксинча, мажбуриятлар қор кўчкиси каби ортиб бормоқда. ХВЖ таҳлилчиларининг башоратларига кўра, жорий йилда жаҳон давлат қарзи 94,7 фоизга етади.

Фонд огоҳлантиришича, бу бошланиши, холос. Геосиёсий кескинлик фонида қарз олишга бўлган талаб янада ортиб боради.

«Бу эса давлатлар бюджетига янги босимни англатади. Мудофаа, энергетика хавфсизлиги, иқлим ўзгаришига қарши кураш ва соғлиқни сақлаш харажатлари доимий тақчилликни келтириб чиқармоқда. Хазинадаги камомадни қарз олиш билан қоплашга тўғри келади. Шу билан бирга, арзон пуллар даври ўтмишда қолди - фоиз ставкалари сезиларли даражада кўтарилди. Қарзга хизмат кўрсатиш тобора қимматлашиб бормоқда», - деяди АМаркетс’нинг етакчи таҳлилчиси Игор Расторгуев ТРТ билан суҳбатда.

Халқаро валюта жамғармаси ҳисоб-китобларига кўра, 2029 йилга келиб жаҳон давлат қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 101,1 фоизига етади. Бу 1948 йилдан буён энг юқори кўрсаткич бўлади. «Ўта салбий» сценарийдаги бу кўрсаткич 124 фоизгача ўсиши мумкин.

Антирекордлар янгиланди

Халқаро валюта жамғармаси ҳисоботида таъкидланишича, ҳозирнинг ўзида дунёнинг кўплаб йирик иқтисодиётларида давлат қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 100 фоизидан ошиб кетган. High Yield Economics асосчиси Дениэл Алтман ҳатто Канада, Франция, Япония, Испания, Италия, Буюк Британия ва АҚШни ўз ичига олган янги «D7 - Катта қарзли еттилик» атамасини таклиф қилди.

ХВЖ таҳлилчиларининг баҳолашича, бу йил давлат қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 125 фоизи даражасида бўлиши кутилаётган Қўшма Штатлар антирекордчи ҳисобланади. Келаси йил бу кўрсаткич 128,7 фоизгача кўтарилади. 2027 йилда —132,7 фоизгача, 2028 йилда — 136,6 фоизгача етади. 2029 йилда эса 140 фоиздан ошиб кетади.

Айтганча, БМТ маълумотларига кўра, ўтган йили ҳар бир америкаликка тўғри келадиган давлат қарзи 103,7 минг долларни ташкил этган. Мутахассисларнинг тушунтиришича, АҚШ бундай аҳволга тузилмавий сабаблар туфайли тушиб қолган.

«Бу сурункали бюджет тақчиллигини келтириб чиқарадиган омиллардир. Уларнинг энг муҳими — аҳолининг кексайиши. Кекса фуқаролар улушининг ортиши ижтимоий таъминот ва тиббий ёрдам харажатларининг кўпайишига олиб келади. Ушбу дастурлар федерал харажатларнинг 50 фоиздан ортиғини ташкил этади ва уларнинг улуши доимий равишда ўсиб бормоқда», - деб изоҳ беради WhiteBird биржа савдоси департаменти бошлиғи ўринбосари Ян Пинчук.

Аҳолининг қариши, ўз навбатида, меҳнат унумдорлиги ва ялпи ички маҳсулот ўсишини секинлаштиради. Иқтисодиётни рағбатлантириш зарур. Бунинг учун ҳокимият пул босишни бошлайди. Бироқ эмиссия хазинани тўлдиришнинг энг яхши усули эмас. У пулнинг қадрсизланишига олиб келади.

Ҳарбий-саноат мажмуаси — бюджетнинг яна бир асосий моддаси ҳисобланади. «АҚШ мудофаага йилига 1 триллион доллардан ортиқ маблағ сарфлайди, жумладан, иттифоқчиларни қўллаб-қувватлаш, глобал ҳарбий мавжудлик ва бошқалар», - дея сўзини давом эттиради мутахассис.

Шу билан бирга, АҚШ давлат қарзи кўпайишининг тузилмавий сабабларидан ташқари, маҳаллий сабаблар ҳам мавжуд.

«Булар Оқ уй ва Конгресс қарорларига боғлиқ. Сўнгги 25 йил шуни кўрсатдики, ҳеч ким сайловдан олдин харажатларни қисқартиришни ёки солиқларни оширишни хоҳламайди. Бунинг ўрнига молиявий дастурлар ва турли солиқ имтиёзлари кенгайтирилмоқда. Фоиз ставкалари ошмоқда. Шу сабабли қарзга хизмат кўрсатиш бюджет учун янада оғирлашмоқда», - дейди Ян Пинчук.

Хўш, чиқиш йўли борми?

АҚШдан кейин анти-етакчилар рейтингида Хитой жойлашган. ХВЖ башоратига кўра, бу йил Хитой давлат қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 96,3 фоизини ташкил этади. Кейинги йилда эса бу кўрсаткич 102,3 фоизга етади. Агар тенденциялар сақланиб қолса, 2030 йилга келиб 116 фоиздан ошади.

Агар илгари ХВЖ мамлакатлар давлат қарзи даражасини пасайтириши ёки ҳеч бўлмаганда барқарорлаштириши мумкинлигига умид қилган бўлса, ҳозир бу умид жуда кам.

Ташкилот ҳокимиятни муаммога жиддийроқ ёндашишга чақирмоқда. "Давлат қарзи билан боғлиқ хатарлар кенг тарқалган бўлиб, қарзнинг янада тезроқ тўпланишига олиб келиши мумкин. Сиёсатчилар уни назорат остида сақлаш ва қарз хатарларини жиловлаш учун дарҳол ҳаракат қилишлари зарур," - деди ХВЖ бюджет-солиқ муносабатлари департаменти бошлиғи Витор Гаспар.

Жаҳон иқтисодиётидаги кутилаётган муаммолар ҳақида Дениэл Олтман ҳам огоҳлантирмоқда. Унинг фикрича, ҳозирги вазият Осиё ва Россиядаги 1990 йиллардаги молиявий инқирозларни эслатади. Бироқ, ҳозир у анча катта кўламга эга. "Глобал валюта инқирозига олиб келадиган занжирли реакцияни бошлаш учун битта "домино тошлари" етарли," дейди Олтман.

Мутахассислар дунёда ўсиб бораётган қарз юкининг асосий хавфи — келажакдаги ўсиш учун имкониятларнинг камайиши эканлигини таъкидламоқда.

«Қарзга хизмат кўрсатиш харажатларининг юқорилиги ресурсларни инфратузилма, таълим ва соғлиқни сақлашга йўналтирилиши лозим бўлган муҳим инвестициялардан чалғитади», - дейди Игор Расторгуев.

Ривожланаётган иқтисодиётга эга мамлакатлар учун бу ҳар қандай янги зарбалар олдида заифликнинг ошишини ҳам англатади. Бунга қўшимча равишда, халқаро бозорларда қарз олиш қиймати ҳам ошади. Агар воқеалар салбий йўналишда ривожланса, мамлакатлар мисли кўрилмаган миқёсдаги қарз инқирозига дуч келади. Бу эса, шубҳасиз, аҳоли фаровонлигига салбий таъсир кўрсатади.

Шу сабабли, Халқаро валюта жамғармаси ҳақли равишда ҳар бир мамлакат «ўз молиявий уйида тартиб ўрнатиши» зарурлигини таъкидлайди. Бу харажатларни кескин қисқартиришни эмас, балки ўрта муддатли бюджет режалари доирасида ресурсларни оқилона қайта тақсимлашни назарда тутади. Бундан ташқари, солиқ тизимларининг самарадорлигини ва қарзни бошқариш шаффофлигини ошириш мақсадга мувофиқдир.

Teglar

Mavzuga oid