Logo

Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқариш: ўсиш секинлашгани, статистикадаги тафовут ва ишламаётган заводлар

Bugun 16:203 daqiqa

2026-йилда цемент ишлаб чиқариш ўсиши деярли тўқтаб қолди. Ишлаб чиқариш аллақачон ички талабдан ошиб кетган. 42 та заводдан 17 таси ишламаяпти, соҳа корхоналарининг қарийб учдан икки қисми эса зарар билан ишламоқда. Бундан ташқари, 2025-йилда қанча цемент ишлаб чиқарилгани бўйича икки идоранинг маълумотлари бир-бирига мос келмайди.

Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқариш: ўсиш секинлашгани, статистикадаги тафовут ва ишламаётган заводлар © Statistika qo‘mitasi

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026-йилнинг январ–сентябр ойларида Ўзбекистонда йирик корхоналар томонидан 16,2 млн тонна цемент ишлаб чиқарилган. Қўмита ишлаб чиқариш ҳажмини ўтган йилнинг мос даври билан солиштирмаган.

Очиқ манбаларда 2025 йилнинг шу даврида 15,3 млн тонна портландцемент ишлаб чиқарилгани ҳақида маълумотлар бор. Бироқ портландцемент цементнинг фақат бир тури бўлгани учун бу рақам барча турдаги цемент ҳажмини акс эттирмайди ва жорий йилги кўрсаткич билан тўғридан-тўғри солиштириб бўлмайди.

2026 йилнинг бошқа даврлари бўйича маълумотлар ўсиш секинлашганини кўрсатмоқда. Январ–июн ойларида 10,1 млн тонна цемент ишлаб чиқарилган, бу 2025 йилнинг шу давридаги 9,9 млн тоннадан бор-йўғи 0,2 млн тонна кўп. Январ–июл ойларида бу кўрсаткич 12,1 млн тоннани ташкил этган, ўтган йили шу даврда 12 млн тонна ишлаб чиқарилганди.

Узоқ муддатда эса ўсиш катта бўлган. Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025-йилда республикада 24,1 млн тонна цемент ишлаб чиқарилган, бу 2015-йилдагидан (8,5 млн тонна) қарийб уч баравар кўп. Сўнгги ўн йилда ишлаб чиқариш 2016–2018-йилларда 8,6–9,1 млн тонна атрофида бўлган. 2019-йилда бу кўрсаткич 10,5 млн тоннага, 2021-йилда 13 млн тоннага, 2023-йилда 14,6 млн тоннага етган. 2024-йилда эса 17,6 млн тонна цемент ишлаб чиқарилган.

Цемент ишлаб чиқариш ўсиш суръати нега пасаймоқда?

2026-йилда ўсиш секинлашишининг сабабларидан бири бозорнинг тўйингани бўлиши мумкин. Ҳисоб палатаси август ойида эълон қилган ўрганиш натижаларига кўра, 2023-йилда ишлаб чиқариш ички талабнинг 92 фоизини, 2024-йилда 99 фоизини қоплаган бўлса, 2025-йилда 19,9 млн тонна талабга нисбатан 21,5 млн тонна цемент ишлаб чиқарилган. Яъни талабдан кўра 8 фоизга кўпроқ цемент ишлаб чиқарилган.

Бундан ташқари, 2025-йилнинг 9 ойида 72 минг тонна цемент импорт ҳам қилинганди. Кейинчалик Қозоғистоннинг «QazCem» ассоциацияси вакили Ўзбекистон 300 доллардан паст нархдаги цемент импортини тақиқлаганини айтиб чиққанди. Бироқ бу Ўзбекистон расмийлари томонидан тасдиқланмаган.

2026-йилдаги цемент импорти ва экспорти бўйича маълумотлар очиқ манбаларда учрамайди.

Цемент ишлаб чиқарувчи компанияларда аҳвол қандай?

2025-йилда соҳадаги кўплаб корхоналар молиявий қийинчиликка дуч келган. 2025-йил якуни бўйича молиявий ҳисобот топширган 64 та цемент ишлаб чиқарувчи ва хомашё қазиб олувчи корхонадан 24 таси фойда, 40 таси (63 фоиз) эса зарар билан ишлаган. 42 та цемент заводидан 17 таси, жумладан, ўз кони бўлган 8 таси фаолият юритмаяпти. 28 та корхонада 44 та инвестиция лойиҳаси доирасида 2,5 млрд доллар жалб қилинган бўлса-да, 223,2 млн долларлик инвестиция киритилган 9 та корхона молиявий ва бошқа муаммолар сабаб ишини тўхтатган.

Ҳисоб палатаси сўровида қатнашган корхоналарнинг 73 фоизи логистика ва транспорт муаммоларини, 50 фоизи талаб етишмаслиги сабаб қувватлар тўлиқ ишламаётганини, 23 фоизи эса таннархнинг юқорилигини асосий муаммо деб кўрсатган. 81 фоизи экспортни қўллаб-қувватлаш, яъни имтиёзли кредит ва солиқ енгилликлари зарурлигини билдирган.

Ички бозор тўйиниши билан импорт деярли тўхтаган, экспорт эса ошган. 2025-йилда импорт 2023-йилга нисбатан 44 баравар камайган, экспорт эса 182 баравар ошиб, 1,8 млн тоннага етган. Биржадаги ўртача нарх 2025-йилда 651 сўмни ташкил этиб, 2023-йилдаги 681,5 сўмдан 4 фоиз пасайган.

Статистикадаги тафовут

Ҳисоб палатаси ва Статистика қўмитасининг цемент ишлаб чиқариш бўйича маълумотлари бир-бирига мос келмайди. Ҳисоб палатасига кўра, 2023-йилда 15,5 млн тонна, 2024-йилда 17,9 млн тонна, 2025-йилда 21,5 млн тонна цемент ишлаб чиқарилган. Статистика қўмитаси эса бу йиллар учун мос равишда 14,6 млн тонна, 17,6 млн тонна ва 24,1 млн тонна деган рақамларни келтирган. Яъни 2023–2024-йилларда Ҳисоб палатасининг кўрсаткичлари юқорироқ бўлган бўлса, 2025-йилда Статистика қўмитаси маълумоти 2,6 млн тоннага кўпроқ кўрсатилган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида Ўзбекистон 4 та хорижий давлатга 44,4 млн АҚШ долларлик қарийб 1,1 млн тонна цемент экспорт қилганди.

Teglar

Mavzuga oid