Ўзбекистондаги хонандалар қанча даромад топмоқда?
Ўзбекистонда 1 100 нафар лицензияли хонанданинг даромад декларациялари таҳлил қилиниб, қанча тўлаётгани маълум қилинди.

Ўзбекистонда 2025 йил бошидан 2026 йил 1 майигача 1 100 нафар лицензияли хонанда ўз даромадларини декларация қилди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2026 йилнинг 3 ойида санъаткорлар жами 6 млрд 478 млн сўм даромад кўрсатган.
Шундан 5,1 млрд сўм солиққа тортиладиган даромад сифатида қайд этилган бўлиб, умумий ҳисобда 599,7 млн сўм даромад солиғи ҳисобланган. Бу рақамлар мамлакатдаги ижодкорларнинг расмий даромадлари ҳали ҳам нисбатан паст эканини кўрсатади.
Хонандалар даромад ҳажмига қараб уч гуруҳга ажратилган. Энг юқори гуруҳдаги 47 нафар санъаткор 1,5 млрд сўм даромад кўрсатган. Иккинчи гуруҳдаги 100 нафар ижодкор 901,4 млн сўм, учинчи гуруҳдаги 953 нафар эса 4,1 млрд сўм даромад қайд этган.
Тафсилотлар шуни кўрсатадики, кўпчилик хонандаларнинг йиллик даромади жуда кам. Масалан, 375 нафар ижодкор йилига 1 млн сўмгача даромад кўрсатган. Яна 576 нафар хонанда 10 млн сўмгача, 102 нафар эса 20 млн сўмгача даромад топганини билдирган.
Юқори даромадли хонандалар сони эса анча кам. Фақат 7 нафар санъаткор йилига 152 млн сўмгача даромад топганини кўрсатган. Ушбу тоифадаги ижодкорлар ўртача 10,7 млн сўм солиқ тўлаши қайд этилган.
Солиқ қўмитаси маълумотига кўра, декларация топширган хонандалар 2026 йил 1 июнга қадар ҳисобланган солиқларни тўлаб беришлари шарт.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Адлия вазирлиги Концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахсларни солиққа тортиш ва ҳисобини юритиш тизимини соддалаштириш тўғрисидаги қарор лойиҳаси эълон қилинганди. Ҳужжатга кўра, жорий йилнинг 1-сентабридан бошлаб ижодий фаолият билан боғлиқ барча хизматлар солиқ органларининг махсус иловасида рўйхатдан ўтказилиши шарт бўлади.





