Россияда бюджет тақчиллиги кучаймоқда: нефт нархининг ошиши ҳам вазиятни ўнглай олмаяпти
Россия иқтисодиёти «мукаммал бўрон» ичида қолди. Мамлакат федерал бюджетида рекорд даражадаги тақчиллик кузатилиб, ҳукумат харажатларни мажбурий қисқартириш чораларини кўрмоқда.

2026-йил эндигина бошланган бўлса-да, Россия ҳукумати бюджет харажатларини қисқартириш чораларини кўра бошлади. Дастлаб бу маълумотлар шунчаки миш-миш бўлиб турган эди, бироқ кейинчалик Россия Молия вазирлиги ушбу хабарни тасдиқлади ва айрим тафсилотларни очиқлади. Кутилганидек, Украинадаги уруш билан боғлиқ харажатларни қисқартирмасликка қарор қилинган.
Нима сабабдан солиқларнинг навбатдаги оширилиши ва Яқин Шарқдаги уруш туфайли юзага келган нефт нархининг кўтарилишига қарамай, Россия бюджетида камомад юзага келмоқда?
2026-йилги Россия бюджети
2026-йилнинг дастлабки икки ойида федерал бюджет тақчиллиги 3,45 триллион рублни (ЯИМнинг 1,5 фоизи) ташкил этди. Бу йиллик режадаги 3,79 триллион рублнинг (ЯИМнинг 1,6 фоизи) катта қисми бўлиб, йил боши учун рекорд даражадаги кўрсаткичдир.
Нефт ва газ даромадлари 826 миллиард рублни ташкил этиб, кутилган даражадан 300 миллиард рублга кам бўлди. Бу кўрсаткич 2025-йилнинг мос даврига нисбатан деярли 50 фоизга камайган.
Бюджет прогнозлари нотўғри бўлиб чиқди. Ҳукумат ҳисоб-китобларига кўра, «Urals» нефтининг бир баррели ўртача 59 доллар бўлиши керак эди. Бироқ солиқларни ҳисоблаш учун январ ойида нарх 41 доллар (2025-йил декабр ойидаги ўртача нарх), феврал ойида эса 44,6 доллар деб олинди. Бундан ташқари, рубл курси кутилганидан анча мустаҳкам бўлди: бюджет бир доллар учун 92 рубл курси асосида тузилган бўлса, амалда бу кўрсаткич январда 77,6 рублни, февралда эса 76,9 рублни ташкил қилди.
Нефт ва газга боғлиқ бўлмаган тушумлар ортмоқда. Даромадларни кўпайтириш учун ҳукумат солиқларни, хусусан, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ставкасини яна бир бор оширди. Бироқ ҳозирча ўсиш даражаси паст — атиги 4,1 фоиз (3,94 триллион рубл). Гайдар институти экспертларининг фикрича, агар жараён тезлашмаса, 31,4 триллион рубллик йиллик режани бажариш мушкул бўлади. Бир томондан, ҚҚС оширилиши даромадларда фақат иккинчи чоракдан сезила бошлайди — ҳозирда тушумлар эски ставка бўйича амалга оширилмоқда. Иккинчи томондан, иқтисодиётнинг секинлашиши ва рецессия хавфи туфайли солиқ йиғимлари режадагига етмаслиги мумкин.
Харажатлар эса йил бошида белгиланган жадвалдан сезиларли даражада илгарилаб кетди. Дастлабки икки ой ичида харажатлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,8 фоизга ошган бўлса-да, ҳукумат режасига кўра бу ўсиш атиги 2,9 фоизни ташкил этиши лозим эди.
Юқори нефт нархлари Россия бюджетини нега қутқара олмаяпти?
АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши Россия иқтисодий раҳбарияти учун кутилмаган туҳфа бўлди. Форс кўрфази мамлакатлари жаҳон бозорига нефт экспорт қиладиган тор денгиз йўлаги — Ҳўрмуз бўғозининг тўсиб қўйилиш хавфи туфайли нефт нархи кескин кўтарилди.
«Brent» маркали нефтнинг бир баррели 70 доллардан 100 долларгача кўтарилди. Хусусиятлари бўйича Яқин Шарқ нефтига яқин бўлган Россиянинг «Urals» нефти нархи эса урушнинг иккинчи ҳафтаси охирига келиб 80 долларга яқинлашди. Айрим келишувлар ҳатто 100 доллар атрофида имзоланди.
Шунга қарамай, март ойида Россия бюджетининг нефт-газ секторидан оладиган даромадлари ҳамон паст даражада қолмоқда. Бунга солиқларнинг февралдаги паст нархлар (баррел учун 44,6 доллар) асосида ҳисобланиши сабаб бўлди. «Reuters» агентлиги таҳлилларига кўра, агар март ойи якунигача нархлар ҳозирги даражада сақланиб қолса, апрел ойида Россия бюджетига тахминан 590 миллиард рубл маблағ келиб тушиши мумкин. Кейинчалик нима бўлиши эса номаълум.
«Йил бошида санкцияларнинг кучайиши ва экспорт ҳажмига таъсир этувчи логистик чекловлар туфайли Россиянинг энергия ресурсларидан оладиган даромадлари кескин камайди. Шу боис, ҳатто нефт нархи ҳозиргидек юқори бўлганда ҳам, январ ва феврал ойларидаги йўқотишларни қоплаш учун бир неча ой давомида барқарор юқори нархлар талаб этилади», — дейди CREA эксперти Исаак Леви DW билан суҳбатда.
Ҳукумат айрим харажатларни қисқартирмасликка ҳаракат қилади
Россия Молия вазирлиги ҳозирча фақат харажатларнинг келгусида қисқартирилиши фактини тасдиқлаган. «Reuters» ва «Ведомости» нашрларига кўра, Молия вазирлиги дастлаб барча соҳалардаги харажатларни чеклаш имкониятини кўриб чиққан, бироқ кейинчалик фақат «ностратегик» харажатларни 10 фоизга қисқартириш муҳокама марказига чиққан.
Эҳтимол, қисқартиришлар «ҳимояланган» деб аталувчи секторларга дахл қилмайди, деб ёзади иқтисодчи Дмитрий Полевой ўз «Telegram» каналида. Буларга мудофаа (13 триллион рубл), миллий хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти (4 триллион), ижтимоий сиёсат (7 триллион) ҳамда давлат қарзига хизмат кўрсатиш (3,9 триллион) харажатлари киради.
Бундан ташқари, иқтисодчининг фикрича, тахминан 1,5 триллион рубл миқдоридаги оммавий норматив мажбуриятлар (хусусан, пенсия ва нафақалар), шунингдек, 9 триллион рубл миқдоридаги бюджетлараро трансфертлар (федерал бюджетдан ҳудудларга ўтказиладиган маблағлар) ҳам қисқартирилмайди.
Юқорида қайд этилган барча йўналишларнинг жами ҳажми тахминан 38 триллион рублни ташкил этади. Ҳукумат 2026-йилда умумий ҳисобда 44 триллион рублдан сал кўпроқ маблағ сарфлашни режалаштирган эди. Демак, қолган тахминан 6 триллион рубллик харажатлар қисқартиришлар доирасига тушиши мумкин. Иқтисодчи Полевойнинг хулосасига кўра, агар ушбу маблағларга нисбатан ҳақиқатан ҳам 10 фоизлик чеклов қўлланилса, ҳукумат 600 миллиард рубл атрофида маблағни иқтисод қилиши мумкин.





