Тадбиркорларга асоссиз жарима қўллаганлар ҳам жазоланади
Бизнес-омбудсман бу борада қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганини маълум қилди. Шунингдек, у назорат органи ўтказган расмий текширувлар сони ва қўлланилган маъмурий жазолар ўртасида катта фарқ борлигини ҳам айтди.

Тадбиркорга нотўғри жарима қўллаганлик учун мансабдорларга амалдаги тартибда жавобгарлик чораси белгиланмаган. Ҳозирда қонунчиликка шундай жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман Абдуманноп Бўриев маълум қилди.
«Нотўғри молиявий жарима қўллаганлиги учун жавобгарлик масаласи йўқ. Биз ҳуқуқини тиклаб беришимиз мумкин, холос. Нари борса тақдимнома киритамиз, ўзининг раҳбари интизомий жазо қўллаш ва қўлламаслик масаласини ҳал қилади. Аксарият ҳолатда қўлламайди. Шу сабабли ҳам биз қонунчиликка ўзгартириш киритяпмиз. Яъни тадбиркорлик субъектига нотўғри, ноқонуний молиявий жарима қўлладими, албатта, у (ўша назорат қилувчи орган) ҳам тегишли жазосини олсин», – дейди у.
Бизнес-омбудсманнинг билдиришича, бу бўйича яхлит қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унда реестр юритириш талаби қўйилмоқда.
«Реестр юритилиши нима беради? Биз қачонки тадбиркорлик субъектида текшириш бўлгандагина била оляпмиз, яъни тизимга киритса. Бошқа ҳолатда била олмаймиз. Таҳлил қилиб кўрдик бу масалани ҳам. Яъни молиявий жарима қўллаган, умуман маъмурий жазо қўллаганлик ҳолати бўйича ҳудудлардаги айрим бир беш-олтита назорат қилувчи орган мисолида таҳлил қилиб кўрганимизда, ҳолат жуда ҳам бир мақтайдиган даражада эмас», – дея вазиятни тушунтиради Бўриев.
Агросаноат мажмуаси устидан назорат қилиш инспекцияси 859 та текширувни рўйхатдан ўтказиб, тизимга киритган, аммо улар очган маъмурий 3616 тани ташкил этмоқда. Шунга ўхшаш ҳолат бошқа органларда ҳам кузатилмоқда. Масалан, Давлат ветеринария қўмитаси 2 та текширувни рўйхатдан ўтказган, 81 та маъмурий иш очган. Кадастр агентлигида бу рақамлар мос равишда 0 ва 6243 бўлса, Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги субъектлари хавфсизлигини, сувда ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясида 1058 ва 1918, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигида 37 ва 594.
«Тадбиркорлик субъектини фуқаро сифатида расмийлаштириш ҳолатлари ҳам бор-да. Ўзи тадбиркорга боряпти, тадбиркорни маъмурий қиляпти. Лекин эртага тадбиркорни маъмурий қиладиган бўлса, тизимга киритиши керак, Бизнес-омбудсман кўради, эртага унга муносабат билдиради, деяпти-да, фуқаро сифатида маъмурий қилиш ҳолатлари ҳам афсуски, учраб турибди. Буни ҳам биз кўтаряпмиз ҳозир. Нечта тадбиркорлик субъекти раҳбарини агар фуқаро сифатида маъмурий қилган бўлса, бу бўйича ҳам биз ўзимизнинг муносабатимизни билдирамиз ва бу ҳаракатга йўл қўйганлар, албатта, жазосини олмасдан қолмайди», – деди Бизнес-омбудсман.
Фарғонадаги ҳолат
Масалан, Фарғона вилоятида фаолият кўрсатувчи «О.Б.А» ва «А.Ҳ.Т» МЧЖлар сув таъминоти корхонаси мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди. Аниқланишича, сув таъминоти корхонаси ходимлари томонидан мазкур жамиятлар ичимлик ва оқава сув тармоқларидан тегишли шартнома тузмасдан ҳамда сув ҳисоблагичсиз фойдаланиб келаётганлиги рўкач қилиниб, уларга жами 551,7 млн сўм миқдорида зарар ҳисобланган.
Қонунчиликк кўра, сувни ҳисобга олиш асбоби билан таъминланмаган истеъмолчилар томонидан сарфланган ичимлик сув миқдори суткасига тегишли формула бўйича ҳисобланади.
Бизнес-омбудсман девони сўровига асосан, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси томонидан ўрганиш ўтказилган. Натижада, сув таъминоти корхонаси ходимлари зарарни 27 кун ўрнига 1 йил учун ҳисоблаганликлари аниқланиб, ҳақиқий зарар суммаси аслида 7,1 млн сўмни ташкил этиши маълум бўлган. Шу тариқа, асоссиз ҳисобланган 544,6 млн сўмлик қарздорлик бекор қилинган. Шу билан бирга, объектларга сув ҳисоблагичлар ўрнатилиши таъминланган.


