Тошкентнинг қайси манзилларида жамоат ҳожатхонаси қурилади? (Рўйхат)
Аввалроқ пойтахтнинг марказий ва туризм кўчалари, хиёбонлар ҳамда аҳоли ва меҳмонлар ташриф буюрадиган обектлар атрофида 100 та санитария-гигиена шохобчаси ташкил этилиши маълум қилинганди.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaТошкент шаҳрининг 12 та туманида давлат-хусусий шериклик асосида жами 100 та санитария-гигиена шохобчаси ташкил этилади. Бу ҳақда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 23-октябрдаги қарорида белгиланганди.
Мазкур шохобчалар асосан метро бекатлари, истироҳат боғлари, деҳқон бозорлари ва поликлиникалар яқинидаги серқатнов ҳудудларга жойлаштирилади.
Жумладан, марказий локациялар қаторидан «Янги Ўзбекистон боғи» автотураргоҳи, Қўйлиқ, Турон ва Машинасозлар метро бекатлари атрофи, Олой бозори ёни ҳамда Хотира майдони ўрин олган.
Қарорга кўра, санитария-гигиена шохобчалари соддалаштирилган тартибда, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилади. Лойиҳаларни амалга ошириш даври 10 йилгача деб белгиланган бўлиб, ҳудудлар ягона лот ёки алоҳида лотларга ажратилган ҳолда ижарага берилиши таъкидланди.
Ер участкаларининг аниқ чегаралари кадастр ҳужжатлари ёки ҳудуд учун тайёрланган махсус чизмаларда кўрсатилади. Шунингдек, шаҳар ҳокимлиги заруратга қараб ушбу рўйхатга ўзгартириш киритиш бўйича таклиф бериш ҳуқуқига эга.
Туманлар кесимида тасдиқланган манзиллар рўйхати
Энг кўп санитария-гигиена шохобчалари пойтахтнинг Шайхонтоҳур, Юнусобод ва Янгиҳаёт туманларида барпо этилади (ҳар бирида 12 тадан). Туманлар бўйича шохобчаларнинг тўлиқ тақсимоти қуйидагича кўриниш олди:
— Шайхонтоҳур тумани (12 та): Лабзак, Жанггоҳ, Чорсу ва Қоратош мавзеларида; Тахтапул, Матлубот, Алишер Навоий, Ислом Каримов, Генерал Узоқов ва Кичик ҳалқа йўли кўчаларида; Кўктош тор кўчасида.
— Юнусобод тумани (12 та): Олой бозори ёнидаги «Эвос» орқасида; «Ўзекспомарказ»га сув бўйидан кириш қисмида; Хотира майдонида; «Қурилиш маркази» орқасида; «Хоразм» кафеси ва Тошкент фарматсевтика институти қаршисида; «Кулол нур» ресторани ёнида; «Семашко» шифохонаси олдида; Алфраганус университетига кириш қисмида; Юнусота ва Янги Юнусобод кўчалари кесишмасида ҳамда Янги шаҳар кўчасининг икки ҳудудида.
— Янгиҳаёт тумани (12 та): Қипчоқ шоҳкўчасидаги Турон метро бекати олдида; Қўрғонтепа кўчасидаги 66- ва 1-сонли поликлиникалар олдида; Чоштепа, Ўзар, Меҳригиё ва Катта ҳалқа йўли кўчаларида; Қипчоқ ва Хонободтепа шоҳкўчаларида ҳамда «Янгиҳаёт» маҳалласида.
— Миробод тумани (10 та): Афросиёб, Шаҳрисабз, Тарас Шевченко, Саййид Барака ва Сайхун кўчаларида; Меҳржон кўчасидаги 4-туғуруқхона олдида; Қўйлиқ-1 ва Қўйлиқ-4 мавзеларида ҳамда Қўйлиқота-1 тор кўчасида.
— Учтепа тумани (10 та): 12-, 15-, 23-, 24- ва Г9 мавзеларида; Лутфий ва Ватан ҳамда Изза ва Пойгоҳ кўчалари кесишмаларида; Катта Қаъни айланаси олдида; Заргарлик кўчасидаги «Элегант» автомобил ювиш шохобчаси олдида.
— Яшнобод тумани (10 та): Машинасозлар метро бекати ва 28-оилавий поликлиника атрофида; Яккатол кўчасидаги Халқ банки олдида; Тўёна, Толариқ, Тўйтепа ва Оҳанрабо кўчаларида; Мирзо Улуғбек ва Махтумқули ҳамда Оҳанрабо ва Хонободтепа кўчалари кесишмаларида.
— Олмазор тумани (9 та): «Шифокорлар» маҳалласидаги Тошкент ҳалқа йўли кўчасининг икки ҳудудида; Университет кўчасининг икки ҳудудида; Қорасарой, Сағбон ва Усташирин кўчаларида; Қорақамиш-1/3 даҳасидаги Қичқириқ канали бўйида ҳамда Кичик ҳалқа автомобил йўли ва Талабалар кўчаси кесишмасида.
— Мирзо Улуғбек тумани (8 та): Паркент кўчасидаги 131-уй олдида; «Янги Ўзбекистон боғи» автотураргоҳининг 1- ва 2-ҳудудларида; «Феруза боғи» олдида; Темур Малик ва Мирзо Улуғбек кўчалари кесишмасида; Мирзо Улуғбек кўчасидаги 24-уй олдида; Истиқлол кўчасидаги маҳалла фонди биноси ҳамда Яҳё Ғуломов кўчасидаги 1-уй олдида.
— Чилонзор тумани (6 та): Қатортол кўчасидаги 40-уй олдида ва 12-уй орқасида; Заргарлик кўчасидаги 4-уй олдида ва 40–41-уйлар орқасида; Ал-Хоразмий кўчасидаги 8-уй ҳамда Чўпонота кўчасидаги 6-уй орқасида.
— Сергели тумани (5 та): Янги Сергели, Меҳригиё, Мирза Турсунзода ва Янги Қўйлиқ кўчаларида; Қурувчилар кўчасидаги бозорча олдида.
— Яккасарой тумани (4 та): Бобур кўчасидаги 71-уй; Қушбеги ва Бошлиқ кўчаларидаги 6-уйлар олдида; Шота Руставели кўчасидаги 83-уй орқасида.
— Бектемир тумани (2 та): Қўйлиқ метро бекати орқасида ва «Компас» савдо маркази автотураргоҳи олдида.
Маълумот учун, 100 та санитария-гигиена шохобчасини жойлаштириш учун топографик ишлар билан боғлиқ харажатларга 140,4 млн сўм ажратиш режалаштирилган. Маблағ Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан ажратилади.
Маблағни «Қурилишда муҳандислик қидирувлари, геоахборот, шаҳарсозлик кадастри лойиҳа илмий-текшириш институти» МЧЖга ажратиш бўйича «Тошкент Инвест компанияси» АЖ кузатув кенгашига таклиф киритилади.
Ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланишини «Тошкент Инвест компанияси» АЖ таъминлайди. Молиялаштириш чораларини Тошкент шаҳар Ғазначилик хизмати бошқармаси кўради.
Маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан назорат Давлат молиявий назорати инспекциясининг Тошкент шаҳар бошқармасига юкланган. Ажратилган маблағлар ижроси бўйича халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига ҳисобот киритилади.
Қарор ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари А. Шавкатов зиммасига юкланган.





