Logo

Уч ҳудудда 6 млрд сўмлик энергия ўғирланди

Bugun 15:152 daqiqa

Қоидабузарликлар талабалар ётоқхонаси, икки новвойхона ва автомобилларни қувватлаш станциясида аниқланган.

Уч ҳудудда 6 млрд сўмлик энергия ўғирланди © O‘ZENERGOINSPEKSIYA

Самарқанд, Наманган ва Фарғона вилоятидаги бир нечта тадбиркорлик объектларида электр ва газ тармоқларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари қайд этилди.

Наманган шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўтказган назорат тадбирида фуқаро Г.А га тегишли, талабалар турар жойи сифатида фойдаланилаётган бинода электр ҳисоблагичдан ташқари тармоққа уланиш ҳолати аниқланган. Оқибатда электр таъминоти корхонасига 3 млрд 576 млн сўмлик зарар етказилган.

Самарқанд шаҳрининг Панжоб маҳалласида жойлашган фуқаро С.А.га тегишли новвойхонада эса табиий газдан ноқонуний фойдаланилган. Текширув давомида новвойхонага ер ости орқали резина шланг ёрдамида яширинча газ қувури улангани аниқланган. Қайта ҳисоб-китоб натижасида газ таъминоти корхонасига етказилган зарар 520 млн 344 минг сўмни ташкил этган.

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги Афғон маҳалласида жойлашган новвойхонада ҳам табиий газдан тижорат мақсадида ноқонуний фойдаланилган. Маълум бўлишича, объектдан Фурқат туманида яшовчи Т. У. фойдаланиб келган. Етказилган зарар 765 млн 604 минг сўмни ташкил этган.

Шунингдек, Учкўприк туманидаги «V. T. N.» МЧЖга қарашли автомобилларни қувватлаш станцияси электр тармоғига ҳисоблагичдан ташқари улангани маълум бўлган. Электр таъминоти корхонасига 1 млрд 197 млн сўмлик зарар етказилган.

Шу тариқа, тўртта объектдаги қоидабузарликлар оқибатида электр ва газ таъминоти корхоналарига жами 6 млрд 58 млн 948 минг сўм зарар етказилган.

Юқоридаги барча ҳолатларга оид ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода ҳам тадбиркор табиий газдан ноқонуний фойдаланиб, 262 млн сўмлик зарар етказганди.

Teglar

Mavzuga oid