«Уйимиз қани, пулимиз қани?»: Izmir Art Stroy улушдорлари нега компания банкрот бўлишига қарши?
Тошкентдаги «Izmir Art Stroy» МЧЖнинг Жарқўрғон, Neom Tower ва Келажак уйлари лойиҳаларидан хонадон сотиб олган фуқаролар бир неча йилдан бери уйларини кутмоқда. Айрим харидорлар лойиҳа ва хонадон параметрлари ўзгарганини, қурилиш узоқ муддатга тўхтаганини айтмоқда. 2026-йил июнида компания фаолияти юзасидан фирибгарлик аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов маълумотларида дастлаб 430 нафар фуқаро жабрланувчи деб эътироф этилгани ва зарар 173 миллиард сўм атрофида баҳолангани айтилган.
8-сентябр куни эса Тошкент туманлараро иқтисодий судида Izmir Art Stroy бўйича кредиторлар йиғилиши ўтказилди. Компанияга нисбатан тўловга қобилиятсизлик иши 2026-йил 30-июлдаги ажрим билан қўзғатилган ва кузатув тартиби жорий этилган. Бу компания аллақачон банкрот деб топилганини англатмайди.
Харидорларни нима ишонтирган?
Vaqt.uz журналисти билан суҳбатлашган Сурайё Абдураҳимова 2025-йил февралида Жарқўрғондаги лойиҳадан хонадон олганини айтади. Унга рекламадаги 10 фоизлик бошланғич тўлов ва 40–48 ойлик бўлиб тўлаш имконияти маъқул келган. Абдураҳимованинг айтишича, офис менежери унга қурилаётган бинодаги хонадонини ҳам кўрсатган. У 44 квадрат метрлик хонадон учун дастлаб 80 миллион сўм тўлаганини билдиради. Кейинчалик у қурилишдаги сустликни кўриб, тўловларни тўхтатганини айтади. Унинг таъкидлашича, сотув офиси билан қурилиш учун масъул томонлар харидорларни бир-бирига йўналтирган.
Жаҳонгир Комилов эса 2023-йилда Жарқўрғондаги лойиҳадан хонадон олганини, дастлаб тахминан 150 миллион сўм нақд тўлаганини ва кейинчалик ойма-ой тўлов қилганини айтади. Унга кўра, охирги 3 миллион сўм қолганида қурилишдаги муаммони сезган. Комилов хонадон лойиҳаси харидорларни огоҳлантирмаган ҳолда ўзгарганини даъво қилади.
Лойиҳа ўзгарган, тўловлар эса давом этган
Марҳабо Суюнова 2022-йилда Жарқўрғондаги лойиҳадан 57,3 квадрат метрлик хонадон олганини айтади. Унинг сўзларига кўра, дастлаб 293 миллион сўм тўлаган, кейинчалик қолган тўловларни ҳам амалга оширган. Бироқ лойиҳа кейинчалик ўзгарган ва янги вариант бўйича қўшимча тўловлар таклиф қилинган. Суюнованинг ҳисобича, жами 449 миллион сўмдан ортиқ маблағ ўтказилган. У хонадонни охиригача қуриб беришни талаб қилмоқда.
Гулмира Бурхонова эса Жарқўрғон лойиҳасига 2023-йилда 17 400 доллар тўлаганини, тўлов жараёнида «Etaji» номли воситачи фирма ҳам қатнашганини айтади. У шартнома ва блоклар номлари кейинчалик ўзгарганини таъкидлайди.
Тергов: 430 жабрланувчи ва 173 млрд сўм зарар
Маълум бўлишича, компаниянинг учта лойиҳасида жами 2688 та хонадон қурилиши режалаштирилгани, уларнинг қарийб 90 фоизи сотилгани кўрсатилган. 2026-йил 25-июнида фирибгарлик моддаси билан жиноят иши қўзғатилгани ва дастлаб 430 фуқаро жабрланувчи деб эътироф этилгани қайд этилган. Терговнинг ўша босқичидаги ҳисоб-китобга кўра, зарар 173 миллиард сўм атрофида баҳоланган.
Тошкент шаҳри прокурори вазифасини бажарувчи Анвар Ўрмоновнинг фуқаролар билан учрашувидаги маълумотига кўра, компания ҳисоб рақамида маблағ қолмаган, қурилиш тўхтаган. У компаниянинг расмий таъсисчиси сифатида Гулнора Ҳакимова кўрсатилганини, Акмал исмли шахс эса компания ортидаги асосий шахс сифатида тилга олинганини билдирган. Прокурор Акмал исмли шахсни дарҳол қамоққа олиш зарарни ундириш ва қурилишни давом эттириш имкониятларини қисқартириши мумкинлигини айтган. Прокурор яна Izmir house лойиҳасига берилган қурилиш рухсатномаси темирйўл линияси ҳисобга олинмагани сабаб бекор қилинганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, ушбу рухсатни тиклаш учун суд қарори устидан протест масаласи кўриб чиқилади.
Банкротлик масаласи муҳокамада
8-сентябрь куни бўлиб ўтган кредиторлар йиғилишида суд бошқарувчиси Омонов кузатув жараёни бўйича ҳисобот берди. Унинг айтишича, «Central Beton»нинг аризасига асосан банкротлик иши бошланган. «Central Beton» билан «Izmir art stroy» ўртасида 550 миллион сўмлик бетон маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартнома тузилган, мажбурият бажарилмагач, масала судга олиб чиқилган.
Суд бошқарувчиси кадастр, ЙҲХХ, божхона ва бошқа идоралардан маълумот олинганини, ҳозирча компания номида аниқланган мол-мулк йўқлигини билдирди. Банк маълумотига кўра, компаниянинг 13 миллиард 347 миллион сўмлик қарздорлиги мавжуд.
Йиғилишда улушдорлар вакиллари эса банкротликнинг ўзи муаммони ҳал қилмаслиги мумкинлигини таъкидлади. Улушдор Алишер Хотамов компания ҳисобида тахминан 10 миллион сўм маблағ борлиги, кредиторлар талаблари эса миллиардлаб сўмга етишини айтиб, активларни чуқурроқ аниқлаш кераклигини билдирди.
Хотамов Neom Tower лойиҳаси мисолида ернинг бошқа юридик шахсга тегишли эканини, Izmir Art Stroy эса бош пудрат шартномаси асосида қурилиш ишларини бажарганини таъкидлади. Унинг фикрича, сотилмаган нотурар жойлар ва парковка каби объектлар ҳам компаниянинг мажбуриятларини қоплаш имкониятини баҳолашда ўрганилиши керак.
Кредиторлар сони кам, улушдорлар эса кўп
Йиғилиш материалларида тўққиз нафар кредитор ҳақида сўз юритилган. Уларнинг уч нафари юридик шахс, қолганлари эса жисмоний шахслар сифатида қайд этилган. Шу билан бирга, учта асосий лойиҳа бўйича улушдорлар сони мингдан ортиқ экани, айрим иштирокчилар эса 1500 нафар фуқаро билан шартномалар мавжудлигини айтган.
Ҳали якуний қарор йўқ
«Izmir art stroy» бўйича икки жараён параллел давом этмоқда: жиноят иши доирасидаги тергов ва иқтисодий суддаги тўловга қобилиятсизлик жараёни. 30-июлдаги ажрим билан кузатув жорий этилгани компания аллақачон банкрот деб топилганини англатмайди. Кейинги босқичда суд банкротлик, санация ёки ташқи бошқарув масаласини ҳал қилади.
Фуқаролар учун эса асосий савол ўзгармаган: йиллар давомида тўланган маблағ эвазига хонадонлар қуриб бериладими ёки пул қайтариладими? Бу саволга жавоб тергов, суд ва қурилиш объектларининг ҳуқуқий-молиявий ҳолати бўйича кейинги қарорларга боғлиқ.
Бахтиёр Тўхтаев, журналист
Оператор ва монтажчи: Мироқил Хайруллаев
Teglar






