Хоразмда йил якунигача 81 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилади — Президентга янги режалар тақдим этилди
Олий таълим муассасалари талабаларининг 63 фоизи ўқиш жараёнида етарли амалий кўникмаларни эгалламаётгани айтилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти мисолида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича янги чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди. Йил якунига қадар вилоятда 18 мингта эҳтиёжманд оиладаги 81 минг нафар аҳолини камбағалликдан олиб чиқиш ва 39 минг кишини доимий иш билан таъминлаш мақсад қилинган.
Бу ҳақда давлат раҳбари иштирокида бўлиб ўтган тақдимот сўз борди.
Маълум қилинишича, ушбу мақсадларни амалга ошириш ва бандликни таъминлаш дастурлари учун жами 6,4 триллион сўм маблағ йўналтирилган.
«Булар оддий рақамлар эмас. Ҳар бир инсонга алоҳида ёндашиб, унинг имкониятларини яхши билишимиз, шундан келиб чиқиб, муносиб иш топиб беришимиз керак», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев тақдимот давомида.
Кадрлар етишмовчилиги ва таълимдаги тафовут
Вилоятда айни пайтда 50 мингдан зиёд бўш иш ўринлари (вакансиялар) мавжуд бўлса-да, зарур малакага эга кадрлар йўқлиги сабабли уларнинг бир қисми бўш қолмоқда. Ҳозирда ҳудудда 39 минг нафар ишсиз фуқаро рўйхатга олинган, яна 102 минг киши эса меҳнат миграциясида юрибди.
Давлат раҳбари касб-ҳунарга ўқитиш тизимини меҳнат бозори эҳтиёжлари билан узвий боғлаш зарурлигини алоҳида қайд этди. Ўтказилган сўровномаларга кўра, олий таълим муассасалари талабаларининг 63 фоизи ўқиш жараёнида етарли амалий кўникмаларни эгалламаётгани маълум бўлган. Шу муносабат билан, университетларда куннинг иккинчи ярмида талабаларнинг амалий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган машғулотларни ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Йил бошидан бери қандай ўзгаришлар бўлди?
Тақдимотда келтирилган статистикага кўра, жорий йилнинг ўтган даврида Хоразм вилоятида камбағаллик даражаси 6,7 фоиздан 3,9 фоизга пасайган.
Хусусан, йил бошидан буён «Ижтимоий реестр»га киритилган 29 мингта оиладаги 127 минг нафар аҳолининг моддий аҳволи яхшиланиб, улар камбағалликдан чиқарилган. 29 минг киши доимий ишга жойлаштирилган бўлса, 37 минг фуқаронинг норасмий бандлиги қонунийлаштирилган.
Келгусида Янгиариқ туманидаги Шихбоғи маҳалласи таянч ҳудуд сифатида ривожлантирилиб, хорижий мутахассислар иштирокида мастер-режа ишлаб чиқилади. Бу орқали 1,5 мингта барқарор иш ўрни яратиш ва ҳудудни ишсизликдан тўлиқ холи қилиш кўзда тутилган.
Тез орада мамлакат миқёсида камбағалликка қарши курашиш сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича таклифлар алоҳида видеоселектор йиғилишида муҳокама қилиниши режалаштирилмоқда.





