Европа ва Марказий Осиёнинг ривожланаётган давлатларида иқтисодий ўсиш пасаяди — Жаҳон банки

Яқин Шарқдаги можаро ва нефт нархларининг ошиши иқтисодий фаолликка босим ўтказмоқда.

Европа ва Марказий Осиёнинг ривожланаётган давлатларида иқтисодий ўсиш пасаяди — Жаҳон банки

Европа ва Марказий Осиёнинг ривожланаётган мамлакатлари жорий йилда иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайишига дуч келиши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон банки 8 апрел куни эълон қилган ҳисоботида маълум қилди.

Геосиёсий босим ва энергия нархлари

Қайд этилишича, мазкур ҳолат асосан Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинлик ва энергия нархларининг ўсиши билан боғлиқ.

Хусусан, Эрон атрофидаги можаро глобал нефт таъминотига салбий таъсир кўрсатиб, нархларнинг кескин ошишига олиб келди. Бу эса компаниялар харажатларини кўпайтириб, аҳоли учун ёқилғи нархининг қимматлашишига сабаб бўлди.

Айни пайтда, вазиятни юмшатиш мақсадида Теҳрон ва Вашингтон ўртасида икки ҳафталик сулҳга келишилган.

Ўсиш прогнозлари пасайтирилди

Жаҳон банки маълумотларига кўра, минтақада иқтисодий ўсиш 2025 йилдаги 2,6 фоиздан 2026 йилда 2,1 фоизгача пасайиши кутилмоқда. Россия ҳисобга олинмаган ҳолда эса ушбу кўрсаткич 2,9 фоизни ташкил этиши мумкин.

Минтақа таркибига Марказий Осиёдаги Қозоғистон ва Ўзбекистондан тортиб, Европа Иттифоқи аъзолари бўлган Полша ва Руминия, Болқондаги Албания ва Сербия, шунингдек, Россия, Туркия ва Украина каби йигирмага яқин давлат киради.

Импортчи давлатлар босим остида

Ҳисоботда таъкидланишича, энергия экспорт қилувчилар хомашё нархи ошишидан вақтинчалик фойда кўриши мумкин бўлса-да, ушбу мамлакатларнинг аксарияти энергия импорт қилувчилар ҳисобланади ва улар бюджет ҳамда жорий ҳисоблар бўйича кучли босимга дуч келиши эҳтимоли юқори.

Банкнинг асосий сценарийсига кўра, жорий йилда «Брент» маркали нефтнинг ўртача нархи бир баррел учун 88–100 доллар атрофида бўлиши, шунингдек, газ ва ўғитлар нархи ҳам юқорилигича қолиши кутилмоқда.

Россия ва Украина иқтисодиёти

Ҳисоботда Россия иқтисодиёти ўсиши 2025 йилдаги 1,0 фоиздан 0,8 фоизгача пасайиши қайд этилган. Бу, асосан, 2022 йилдаги Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан жорий этилган санкциялар билан боғлиқ.

Шу билан бирга, Украина иқтисодиёти ўсиши ҳам секинлашиши кутилмоқда. Уруш узоқ давом этаётгани сабабли, 2025 йилдаги 1,8 фоизлик ўсиш 2026 йилда 1,2 фоизга тушиши прогноз қилинган.

Teglar

Mavzuga oid