Зоминда «Айдаркўл» дам олиш маскани 30 млн долларга сотувга қўйилди
Дам олиш масканига 100 фоизлик улуш билан «Миллий банк» эгалик қилади.
© Foto: e-auksion«NBU Invest Group» АЖ «Aydar-Arnasoy Resort Complex» МЧЖ устав фондидаг 100 фоизлик улуши хусусийлаштириш учун аукционга чиқарди.

Маълумот ўрнида, «NBU Invest Group» «Миллий банк» таъсисчилигида фаолият юритади. Банкнинг асосий акциядори эса давлат ҳисобланади.

E-auksion платформасида жойлаштирилган маълумотларга кўра, лот таркибига 23,86 гектар ер майдони ҳамда умумий майдони 13 835,38 квадрат метр бўлган бино киритилган. Объект Жиззах вилояти Фориш тумани Эгизбулоқ МФЙ Ҳудуди қишлоғи, 913-уйда жойлашган бўлиб, сув, электр энергияси, ва канализация тармоқлари билан таъминланган.

Активнинг бошланғич баҳоси 363 млрд сўм этиб белгиланган. Аукцион савдолари 29 июнь куни соат 10:00 да ўтказилиши режалаштирилган.

Шунингдек, ғолибларга савдо объекти қийматини 3 ой муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади. Бунда объект сотилиш баҳосининг камида 15 фоизи олди-сотди шартномаси имзоланган кундан бошлаб 1 ойдан кечиктирмасдан тўланиши лозим. Қолган маблағ эса шартнома имзоланган санадан бошлаб 3 ойдан ошмаган муддатда тўлиқ тўлаб берилади.





