Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йилнинг январ–июн ойларида мамлакатнинг ташқи савдо айланмаси 37 миллиард АҚШ долларига етди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,1 фоизга кўпдир.
Ташқи савдодаги асосий ҳамкорлар қаторида Хитой ($6,5 млрд), Россия ($6 млрд) ва Қозоғистон ($2,2 млрд) мустаҳкам ўрин эгаллаб турибди. Ушбу давлатлар нафақат Ўзбекистон маҳсулотларини импорт қилмоқда, балки унинг бозорларига ўз маҳсулотларини ҳам фаол равишда етказиб бермоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакат экспорти $16,8 миллиардни, импорти эса $20,1 миллиардни ташкил этди. Экспортда энг катта улуш олтинга тўғри келиб, 6,6 миллиард долларлик ушбу металл экспорт қилинган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 57,2 фоизга кўпдир. Шунингдек, саноат маҳсулотлари ($1,8 млрд) ва озиқ-овқат маҳсулотлари ($1,2 млрд) ҳам экспортда муҳим ўрин тутади.
Импорт таркибида эса асосий сарфлар машина ва транспорт ускуналари ($6,6 млрд), саноат товарлари ($3,2 млрд) ҳамда кимёвий моддалар ($2,6 млрд) ҳиссасига тўғри келди.