MobiUz’ни сотиб олишга 15 компания қизиқиш билдирди

15:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон мобил алоқа оператори MobiUz’нинг 100 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш жараёнида 15 халқаро ва миллий компания иштирок этмоқда.

Mobi.uz

Агентликка кўра, MobiUz устав капиталидаги давлат улушини сотиш ҳақидаги эълон 2025 йил 9 июнда берилган. Стратегик ва молиявий маслаҳатчи сифатида халқаро инвестиция банки Rothschild & Co ҳамда молиявий маслаҳатчи KPMG 100 дан ортиқ эҳтимолий инвесторлар билан музокаралар ўтказди.

1 августга қадар АҚШ, Европа, араб давлатлари, Яқин Шарқ, Закавказ, Шарқий ва Марказий Осиёдан 15 компаниядан қизиқиш билдирувчи аризалар келиб тушди. Барча аризалар молиявий имкониятлар, ҳуқуқий тўсиқлар йўқлиги, қонунчиликка риоя этиш ва санкция рўйхатларида мавжуд эмаслиги каби мезонлар асосида баҳоланди.

Таҳлил натижасида барча 15 компания навбатдаги босқич — мажбурий бўлмаган таклифлар (NBO) тақдим этиш жараёнига тавсия этилди. Агентлик рақобатни ошириш мақсадида NBO якунлангунга қадар қўшимча инвесторларни жалб қилиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Ушбу босқичда томонлар махфийлик тўғрисида келишув имзолайди ва MobiUz’нинг молиявий ҳамда операциявий маълумотлари билан танишиш имконига эга бўлади.

Таклифларни қабул қилиш 2025 йил 15 октябр, соат 23:59да якунланади.

Ўзбекистон MobiUz хусусийлашувидан тахминан 300 млн доллар жалб қилишни режалаштирган. Fitch Solutions маълумотича, 2024 йил якунида мамлакатда 35,6 млн мобил абонент бўлган, MobiUz мижозлари сони эса 8 млн нафардан ошган. Асосий рақобатчилар — Uztelecom, Coscom (Ucell) ва Unitel (Beeline).

2024 йилда MobiUz даромади 164 млн доллар, EBITDA кўрсаткичи эса 41 млн долларни ташкил қилди. Компания 2014 йилда ташкил этилган бўлиб, 2019 йилда UMS бренди MobiUz’га алмаштирилган. Президент қарорига биноан, 2025 йил апрелда аниқ хусусийлаштириш муддатлари белгиланди.