Украинада 13 нафар Ўзбекистон фуқароси қулдай ишлатилди

20:07 | 4 дақиқада ўқилади.

Улар ҳатто ҳожатхонага ҳам жадвал асосида борган. Жабрланувчиларнинг меҳнат ва яшаш шароитлари «ниҳоятда таҳқирловчи» бўлиб, уларнинг ҳаракатланиши қаттиқ назорат остида чекланган.

Ukr

Украинанинг Киев областида 13 нафар Ўзбекистон фуқаросини қул сифатида ишлатган жиноий гуруҳ фош этилди. Украинанинг Киев области прокуратураси хабар беришича, Хитой Халқ Республикаси фуқароси бошчилигидаги жиноий гуруҳ уларни алдаш йўли билан Украинага олиб кириб, мажбурий меҳнатга жалб этган.

Амалиёт асосида икки нафар Хитой фуқароси, бир нафар Ўзбекистон ва бир нафар Украина фуқароси қўлга олинган. Уларга Украина Жиноят кодексининг 149-моддаси 2-қисми («Олдиндан тил бириктирган ҳолда одам савдоси билан шуғулланиш») бўйича айб қўйилган.

Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчилар уй-жойи ва иши йўқ, оғир моддий аҳволдаги ижтимоий жиҳатдан заиф шахсларни алдаш ҳамда мажбурлаш орқали жалб қилган.

Қурбонлар четдан Киев областига олиб келинган ва фойда топиш мақсадида қул сифатида ишлатилган.

Жиноятчилар қурбонларни назорат қилиш учун уларнинг эркин ҳаракатланишини чеклаган, доимий мажбурлаш ва таҳдидлар орқали уларни эксплуатация қилган. Ҳатто ҳожатхонага бориш ҳам белгиланган жадвал асосида амалга оширилган, энг кичик қоидабузарлик учун эса жазолар қўлланилган.

Жиноий гуруҳ 2 ёшдан 42 ёшгача бўлган 13 нафар Ўзбекистон фуқаросини топиб, уларга юқори иш ҳақи ваъда қилишган. Украинага келганларидан сўнг, уларнинг паспортлари тортиб олинган ва Киев областидаги икки қишлоқ хўжалиги корхонасида мажбурий меҳнатга жалб қилиниб, ноқонуний ушлаб турилган. Хабарда таъкидланишича, жабрланувчиларнинг меҳнат ва яшаш шароитлари «ниҳоятда таҳқирловчи» бўлиб, уларнинг ҳаракатланиши қаттиқ назорат остида чекланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар одам савдоси моддасига асосан жиноий иш қўзғатишди. Ушбу жиноят учун энг оғир жазо 12 йилгача озодликдан маҳрум этишни назарда тутади. Тинтувлар давомида ушланган шахслардан қарийб 3 миллион гривна миқдоридаги пул маблағлари, бешта автомобил, банк карталари ва Ўзбекистон фуқароларининг паспортлари мусодара қилинди.

«Қўлга олинган тўрт нафар шахсга оғир жиноят бўйича расман айб эълон қилинди. Уларга нисбатан қамоқда сақлаш чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилмоқда», — дейилади хабарда.