Ўзбекистон олтин валюта захиралари қарийб 55 млрд долларга етди

19:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Сентябрь ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари ҳажми қарийб 55 млрд долларни ташкил этди ва янги рекорд ўрнатди. Бу ҳақда Марказий банк маълумот берди.

Oltin zaxiralar

Ўзбекистон расмий захира активларининг умумий қиймати сентябрда ўтган ойга нисбатан 4,9 млрд долларга ёки 9,8 фоизга ортди ва кетма-кет иккинчи ой рекордни янгилади. Августда активлар ҳажми биринчи марта 50 млрд доллардан ошганди. Йил бошига нисбатан Ўзбекистон олтин захираси 12,204 млрд долларга, жами захиралари 13,812,6 млрд долларга кўпайди.

Гарчи сентябрда захира активлардаги олтиннинг физик ҳажми 200 минг трой унцияга камайган бўлса-да, унинг қиймати 44,24 млрд долларга етди.

Сентябрь ойи давомида олтин нархининг 3407,50 доллардан 3806,55 долларгача ошишининг таъсири +4,6 млрд долларни ташкил этди, дея изоҳ берди Марказий банк.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг хорижий валютадаги захиралари ҳам сезиларли даражада ошиб, (+735,7 млн доллар) 10,18 млрд доллардан ортиқни ташкил этди. Нақд валюта ва депозитларнинг жами миқдори қарийб 9,2 млрд долларга етди (+732,3 млн доллар).

Шунингдек, Марказий банк томонидан сотиб олинган қимматли қоғозлар қиймати 3,5 млн долларга ошиб, қарийб 1,02 млрд долларга етди.

Хорижий валютадаги бошқа активлар ҳажми 22,1 млн долларга камайди. Бунда расмий захира активларга киритилмаган депозитлар 33 млн долларга камайган бўлса, расмий захира активларга киритилмаган олтин ҳажми 10,6 млн долларга ошди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ташқи қарзи 72 млрд доллардан ошгани ҳақида хабар
берган эдик.