Ўзбекистонда газ қазиб олиш яна пасайишни бошлади

24.06.2025 14:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Икки ойлик барқарорликдан сўнг май ойида Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми яна қисқарди. Бу жараён сўнгги уч ярим йилдан буён узлуксиз давом этмоқда.

Gaz export

Май ойида Ўзбекистонда 3 353,5 млн.куб метр газ қазиб олинди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 244,9 млн.куб метрга камайган. Газ қазиб олишдаги умумий пасайиш 2025 йилнинг биринчи беш ойида 553,3 млн.куб метрга етди.

Газ билан бир қаторда нефт ва газ конденсати қазиб олиш ҳажми ҳам камаймоқда. Жорий йилнинг май ойида нефт қазиб олиш 56,5 минг тоннани ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,2 минг тоннага кам. Газ конденсати бўйича эса пасайиш 8,8 минг тоннани ташкил этди.

Ёқилғи ишлаб чиқариш соҳасида бензин ҳажми ҳам пасайишда давом этмоқда. Май ойида 98,2 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 7,4 минг тоннага кам. Шу билан бирга, дизел ёқилғиси ишлаб чиқаришда ўсиш қайд этилган. Унинг ҳажми 18,8 минг тоннага ошиб, 116,1 минг тоннага етди.

Энергетика соҳасида эса ижобий динамика кузатилмоқда. Май ойида Ўзбекистонда 6 599,1 млн.кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 200 млн.кВт.соатга кўп. Электр ишлаб чиқаришдаги бу ўсиш асосан янги ишга туширилган қувватлар ҳисобига юз берган.

Мутасаддилар маълумотига кўра, газ қазиб олишдаги узоқ давом этаётган пасайиш салоҳиятни тиклаш ва янги ресурсларни ўзлаштириш зарурлигини кўрсатмоқда.