
Марказий банк асосий ставкаси: бугунги қарор олдидан иқтисодчилар фикри
Марказий банк бугун, 28 январ куни асосий ставкани эълон қилади. Vaqt.uz бир неча иқтисодчиларнинг ушбу масала юзасидан билдирган фикр ва мулоҳазаларини жамлади.

Марказий банк бугун, 28 январ куни асосий ставка бўйича навбатдаги қарорини эълон қилади. Охирги марта 2025 йил 11 декабрда инфляциянинг пасайиб бориши ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларда сақланиб қолаётгани эҳтимоли инобатга олиниб, асосий ставка 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилган эди.
Маълумот учун, асосий ставка охирги марта 2025 йил 20 март куни 0,5 фоиз бандга оширилган. Шундан буён ставкада ҳеч қандай ўзгариш кузатилмади.
Vaqt.uz бир қатор иқтисодчиларнинг эртанги қарор бўйича прогноз ва таҳлилларини жамлади.
«Баҳоргача ставкани ўзгартирмаслик мақбул» — Отабек Бакиров
Иқтисодчи Отабек Бакиров асосий ставка ўзгаришсиз қолишини кутмоқда. Унинг таъкидлашича, декабр ойида инфляцион кутилмалар ҳамда сезилган инфляция кўрсаткичлари ёмонлашган.
Бакировга кўра, январ ойидаги энергия таъминоти билан боғлиқ беқарорлик, энергия товарлари дефицити ва қимматчилиги қатор товар ва хизматлар нархининг ўсишига таъсир кўрсатмоқда.
«Қатор монополиялар тарифларининг кескин ошиши, инфляция ҳисоб-китобида атайлаб инобатга олинмаётган олигархик хизматлар қийматининг каррасига ўсиши, рақобатга акс таъсир кўрсатувчи қарор ва ҳаракатлар ҳали ҳам тўхтагани йўқ», — деди иқтисодчи Vaqt.uz’га берган изоҳида.
Шунингдек, унинг фикрича, асосий ставкани баҳоргача ўзгартирмасдан туриш ҳозирги шароитда истеъмолчилар манфаати нуқтаи назаридан мақбул қарор ҳисобланади.
«Ставкани пасайтириш кутилмаларнинг ёмонлашишига олиб келиши мумкин» — Миркомил Холбоев
Иқтисодчи Миркомил Холбоевга кўра, асосий ставка инфляция ва ставка ўртасидаги фарқ кенгаяётган, шу билан бирга глобал ноаниқликлар кучайган бир шароитда кўриб чиқилмоқда.

Манба: Миркомил Xолбоев
Унинг таъкидлашича, декабр ойида асосий ставка билан умумий инфляция ўртасидаги фарқ 6,7 фоизни, базавий инфляция билан фарқ эса 8,3 фоизни ташкил этган. Таққослаш учун, 2025 йил бошида бу кўрсаткич 3,6 фоиз даражасида эди.
Базавий инфляция декабр ойида 5,7 фоизни ташкил этиб, Марказий банкнинг ўрта муддатли 5 фоизлик мақсадидан бироз юқори шаклланди. Шу билан бирга, йилликка тенглаштирилган 6 ойлик инфляция 6,1 фоизни ташкил этган.
Холбоевнинг қайд этишича, умумий ва базавий инфляция билан ставка ўртасидаги фарқнинг кенгайиши ставкани пасайтириш учун муайян асос борлигини кўрсатади. Бироқ инфляцион кутилмалар билан ставка ўртасидаги фарқ декабр ойида 2,5 фоиз бўлиб, ноябр ойига нисбатан ўзгармаган. Яъни инфляция пасаяётган бўлса-да, бу ҳали аҳолининг инфляция кутилмаларида намоён бўлиб улгурмади. Шунингдек, ставкани пасайтириш кутилмарнинг ёмонлашишига олиб келиши мумкин.
Иқтисодчи, шунингдек, 2025 йилда иқтисодий ўсиш 7,7 фоизни ташкил этганини эслатиб, бу иқтисодиётнинг потенциал ўсиш даражасидан юқори эканини таъкидлайди. Унинг фикрича, асосий ставка пасайтирилса, талаб инфляцияси янада кучайиши мумкин.
Шу билан бирга, глобал ноаниқликлар фонида олтин нархининг ўсишига сабаб бўлмоқда, олтин эса ўз навбатида асосий экспорт товаримиз ҳисобланади. Олтин нархининг ўсиши 2025 йил май ойидан буён кузатилаётган реал валюта курсининг мустаҳкамланиши давом этишига замин яратиши мумкин. Реал курснинг мустаҳкамланиши импорт инфляциясини секинлаштириш эвазига умумий инфляцияни пасайтирувчи омил бўлиб хизмат қилади.
Бундан ташқари, декабр ойида жаҳон озиқ-овқат нархлари индекси 0,6 фоизга пасайган. Озиқ-овқат нархлари индексининг пасайиши кетма-кет тўрт ойдан буён давом этмоқда. Бу омил ҳам инфляцион босимларнинг камайишига хизмат қилмоқда.
Таъкидланишича, умумий инфляцияда энергия нархларининг юқори базаси мавжуд. Масалан, энергия нархларисиз ҳисобланган умумий инфляция декабр ойида 6,1 фоизни ташкил этган. Май ойидан бошлаб ушбу базавий таъсирнинг чиқиб кетиши, энергия нархлари оширилмаган ёки паст суръатларда оширилган тақдирда, умумий инфляциянинг сезиларли даражада секинлашишига олиб келиши мумкин.
Умуман олганда, Миркомил Холбоевнинг фикрича, мавжуд шарт-шароитларнинг сақланиб қолиши жорий йилда асосий ставканинг пасайтирилиши учун замин яратиши мумкин. Бироқ пасайишнинг қачон бошланиши, неча марта ва қанча фоиз бандга пасайтирилиши ҳақида ҳозирча аниқ хулоса қилиш қийин.
«Йиғилишда эса ҳам ставкани ҳозирги даражада сақлаб қолиш, ҳам уни пасайтириш учун етарлича асослар мавжуд. Менимча, иқтисодий шароитларнинг давомийлиги ва йўналиши бўйича янада аниқроқ маълумот ва ишонч пайдо бўлгунча асосий ставкани ҳозирги даражада сақлаб туриш мақсадга мувофиқ. Агар Марказий банк эртага ставкани 0,5 ёки 1 фоиз бандга пасайтирса ҳам, бу нотўғри қарор бўлмайди», — деб ёзмоқда иқтисодчи Холбоев ўз блогида.
«Инфляция пасаймаса асосий ставкани тушириб бўлмайди» — Тўлқин Бобоқулов
Иқтисод фанлари доктори Тўлқин Бобоқуловнинг Vaqt.uz’га маълум қилишича, инфляция даражаси пасаймас экан, асосий ставкани тушириш мумкин эмас.
Унинг таъкидлашича, ҳозирги шароитда инфляцион босим юқори бўлиб қолмоқда ва шу сабабли Марказий банк ставкани пасайтирмаслиги эҳтимоли катта.
«Менимча, асосий ставка пасайтирилса яхши бўларди. Кредитлар ҳеч бўлмаса бироз арзонлашади», — дейди иқтисодчи.
Инфляция пасайса, ставка ҳам тушадими?
Аввалроқ Миркомил Холбоев инфляциянинг пасайиш трендидан келиб чиқиб, агар сўнгги ойлардаги тенденция сақланиб қолса, 2026 йилда Марказий банк асосий ставкани пасайтириш фазасига ўтиши мумкинлигини ёзган эди.
«Бунинг учун мақбул шарт-шароитлар сақлаб қолиши ҳамда инфляцион кутилмалар секинлашишда давом этиши керак. Aммо ташқи шарт-шароитларнинг кескин ўзгарувчанлиги ҳамда проциклик фискал сиёсат инфляция учун келаси йилда асосий хатар бўлиши мумкин», – деди Миркомил Холбоев.
Бунга қўшимча сифатида эса иқтисодчи Отабек Бакиров тўхтамай давом этаётган имтиёзли ва директив кредитлаш билан боғлиқ хатарларни ҳам инобатга олиш кераклигини маълум қилган.
«Регуляторнинг баҳолашларига кўра, директив кредитлар улуши кредит портфелида 30 фоиз атрофида, эҳтимолки бу рақамларга маҳаллий ҳокимиятлар босими билан ажратилаётган маъмурий кредитлар киритилмаган. Шунингдек, ҳажми ва мезони турлича баҳоланадиган имтиёзли кредитларнинг улкан улуши бор (бу фақат оилавий тадбиркорлик дастурлари эмас, давлат ипотекасини ҳам ўз ичига олиши керак аслида)», — деб ёзган Отабек Бакиров.
Бундай шароитда асосий ставканинг туширилиши фоиз ставкаларнинг эркин шаклланишига янада кўпроқ тўсқинлик қилади, ўзи самарасиз ишлаётган кредит канали сигналларни умуман қабул қилмай қўяди.
«Имтиёзли ва директив кредитларни ҳисобга олмаган ҳолдаги ставкаларнинг динамикаси ҳақида очиқ маълумотлар йўқ. Регулятор тақдим этаётган кўринишдаги ставкалар динамикаси реал картинани суваб кўрсатади. Шунингдек, банклар активларида тобора ўсиб бораётган зараркунанда улушлар ва айниқса ҳукумат топшириқлари асосида кўчмас мулк қуришга инвестициялари ҳам вазиятни тўғри тасаввур этмасликка ҳисса қўшмоқда», — деди Бакиров ўз блогида.
Иқтисодчининг фикрича, идеал ҳолатда олти йил аввал қабул қилинган, бироқ амалда ижросиз қолиб кетган фармонда белгиланган норма ишга туширилиши энг мақбул қадам бўлар эди. Яъни 2021 йил 1 январдан бошлаб барча кредитлар тижорат банклари томонидан бозор тамойиллари асосида мустақил равишда белгиланадиган ставкаларда берилиши керак эди.





