add

Музқаймоқ импорти ошмоқда: муаммо импортдамас, энергетикадами?

Ўзбекистонда 30 фоизлик божларга қарамасдан музқаймоқ импорти ошди. Иқтисодчи бунга сабаб сифатида энергетикадаги қиммат ва нобарқарор шароитларни кўрсатмоқда.

Музқаймоқ импорти ошмоқда: муаммо импортдамас, энергетикадами?

Савдо-саноат палатаси томонидан ўтказилаётган «Элчилар ва импортёр тадбиркорлар ўртасида очиқ мулоқот» доирасидаги учрашувда импорт масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, музқаймоқ импорти мисолида божхона тўсиқларига қарамасдан импорт ҳажми ошиб бораётгани қайд этилди.

Таъкидланишича, музқаймоққа 30 фоизлик божхона божи жорий этилган бўлиб, ҳар бир килограмм учун бож миқдори камида 0,5 АҚШ долларини ташкил этади. Шунга қарамасдан, импорт ҳажмларининг ўсиши давом этмоқда.

Божхона қўмитаси раҳбари маълумотига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонга 15 млн АҚШ доллари қийматида музқаймоқ импорт қилинган. Асосий етказиб берувчилар Россия, Қозоғистон ва Хитой бўлган. Шу билан бирга, 1,5 млн АҚШ доллари қийматида музқаймоқ экспорт қилинган бўлиб, унинг асосий қисми Қозоғистонга йўналтирилган.

«Минглаб километрдан келтирилган хориж музқаймоғи Ўзбекистонда рақобат қилаяптими, демак муаммо ўзимизда, аввало энергетикада. Қиммат ва нобарқарор энергетика бутун бошли секторларимизнинг рақобатбардошлигини ўлдирди ёки кескин пасайтирди», — деб ёзади иқтисодчи Отабек Бакиров ўз блогига.

Шу билан бирга, иқтисодчи Миркомил Холбоев сўнгги йилларда музқаймоқ импорти сезиларли ошганини, бироқ ички ишлаб чиқариш ҳам юқори суръатларда ўсиб бораётганини қайд этади.

xolboyev

Унинг таҳлилига кўра, 2024 йилда Ўзбекистон 2,5 минг тонна музқаймоқ импорт қилган. Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 41 фоизга, 2021 йилга нисбатан эса 2,7 баробарга ошган.

Шу билан бирга, Статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2024 йилда мамлакатда 25,1 минг тонна музқаймоқ ишлаб чиқарилган. Ишлаб чиқариш 2023 йилга нисбатан 54,9 фоизга, 2021 йилга нисбатан эса 2,3 баробарга ўсган.

Натижада, импорт ҳажмларининг ошиши ички ишлаб чиқариш қисқаришига олиб келмаган. Аксинча, 2024 йилда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг бозордаги улуши 0,6 фоиз пунктга ошиб, 91,6 фоизга етган.

Миркомил Холбоевнинг қайд этишича, ишлаб чиқарувчилар бозор улушини импортга кескин бой бераётган шароитда импортдан норозиликни тушуниш мумкин бўлар эди. Бироқ импорт улуши паст бўлиб қолаётган, ишлаб чиқариш эса фаол ўсиб бораётган ҳамда юқори божхона тўсиқлари сақланиб турган вазиятда импортга нисбатан кескин норозиликнинг юзага келишини изоҳлаш қийин.

Teglar

Mavzuga oid