Май ойида Тошкентда жамоат транспортидан фойдаланувчилар сони қисқарди
Амалга оширилган транзакциялар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан автобусларда 9 фоизга, метрополитенда 3 фоизга камайган.
© Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva2026 йил май ойида АТТО тизими орқали республика бўйича 67,4 млн транзаксия амалга оширилди. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 10 фоизга юқори кўрсаткичдир. Ўтган йил майида ушбу рақам 61,3 миллионни ташкил этганди.
Тошкент шаҳрида автобус транспорти орқали амалга оширилган тўловлар икки ойдан буён камаймоқда. Май ойида автобусларда 33,3 миллион транзаксия қайд этилди. Бу 2025 йилнинг шу давридаги 36,5 миллион транзаксияга нисбатан 9 фоизга кам. Апрель ойида эса йиллик пасайиш 2 фоизни ташкил этган эди.
Метрополитенда амалга оширилган транзаксиялар ҳам қисқарди. Май ойида метро орқали 16,8 миллион тўлов амалга оширилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 фоизга кам. Таққослаш учун, 2025 йил май ойида метрода 17,4 миллион транзаксия қайд этилган.
Пасайиш фақат йиллик ҳисобда эмас, ойлик динамикада ҳам яққол кўринмоқда. Апрель ойида метро орқали 18,9 миллион тўлов амалга оширилган бўлса, май ойида бу кўрсаткич 16,8 миллионгача қисқарди.
Натижада, май ойида Тошкентдаги ҳар икки асосий жамоат транспорти тури — автобус ва метрополитенда тўловлар сони камайди. Бу эса шаҳар аҳолисининг жамоат транспортидан фойдаланиш фаоллиги сусайганини кўрсатмоқда.
Ҳудудлардаги кўрсаткичлар
Энг юқори транзаксия ҳажми Самарқанд шаҳрида қайд этилди. Бу ерда операциялар сони 2,2 миллиондан 4,3 миллионгача кўпайган. Кейинги ўринларда Фарғона (1,0 миллиондан 1,6 миллионга), Наманган (1,1 миллиондан 1,6 миллионга) ва Қарши (905 мингдан 1,6 миллионга) шаҳарлари жойлашди.
Шунингдек, Урганч, Андижон ва Бухоро шаҳарларида ҳам юқори ўсиш қайд этилди. Урганчда транзаксиялар сони 891 мингдан 1,2 миллионга, Андижонда 306 мингдан 1,2 миллионга, Бухорода эса 95 мингдан 1,1 миллионга етган.
Нисбатан юқори ўсиш суръатлари Жиззах, Навоий, Гулистон, Термиз ва Олмалиқ шаҳарларида ҳам кузатилди. Айрим янги йўналишларда эса ўсиш янада жадал бўлиб, Нурафшон ва Шаҳрисабз шаҳарларида ўтган йилда транзаксиялар қайд этилмаган бўлса, жорий йилда мос равишда 100 минг ва 291 минг операция амалга оширилди.
Фақатгина икки ҳудудда жамоат транспортидан фойдаланувчилар сони: Зарафшонда 3,2 мингдан 573 тага, Чирчиқда эса 14,5 мингдан 3,4 мингтага камайди.
Рақамли тўловлар кенгаймоқда
Банк карталари орқали амалга оширилган транзаксиялар сони бир йил ичида 42 фоизга ошиб, 46,7 миллионтага етди. Аксинча, транспорт карталари орқали тўловлар 30 фоизга камайиб, 13,8 миллионтани ташкил қилди.
Энг катта ўзгариш метро тўловларида кузатилди. ҚР-чипталардан фойдаланиш бир йил ичида 75 фоизга қисқарган бўлса, мобил ҚР-код орқали тўловлар сони 22 фоизга ошди. Автобусларда ҳам рақамли тўловларга қизиқиш ортиб, мобил ҚР-коддан фойдаланувчилар сони 10 фоизга кўпайди.
Шу билан бирга, АТТО виртуал карталари орқали амалга оширилган транзаксиялар 10 фоизга камайиб, 488 мингтани ташкил қилди.




