
Олтин нархи тарихда биринчи марта 4 700 долларга чиқди
Инвесторлар Гренландияни сотиб олишга уриниш, Эрондаги нотинчликлар ва ФЗТ мустақиллигига таҳдид сабаб олтинни «хавфсиз бошпана» сифатида кўрмоқда. Бу эса талабни кучайтириб, нарх ўсишига олиб келяпти.

20 декабр куни олтиннинг глобал нархи илк марта тройя унсияси (31,1 г) учун 4 700 долларлик маррадан юқорига кўтарилди. Шу тариқа қимматбаҳо металнинг навбатдаги рекорд кўрсаткичи қайд этилди.
Йиллик ҳисобда олтин нархи 70 фоиздан кўпроқ ўсди. Бу тарихдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири. 20 декабрга нисбатан ойлик ўсиш 6 фоиздан ошди.
Сўнгги кунларда олтин қимматлашаётганига АҚШ президенти Доналд Трампнинг Данияга қарашли Гренландияни эгаллаб олиш ҳақидаги баёнотлари сабаб бўлмоқда.
Душанба куни эълон қилинган хабарларга кўра, Дания томони АҚШ Гренландия ороли устидан назорат қилиш учун куч ишлатишини истисно қилмаяпти. Шу туфайли, Дания оролдаги ҳарбий кучларни кўпайтирмоқда.
Доналд Трамп Гренландия АҚШга сотилмаса, 1 февралдан бошлаб Европанинг саккизта давлатига қўшимча 10 фоизлик импорт божлари жорий қилиниши билан таҳдид қилди. Орол ёзгача сотилмаса, божлар 25 фоизгача кўтарилиши мумкин.
Европа давлатлари ва Дания ҳукумати эса Гренландияни АҚШга бериб қўймоқчи эмас. Улар биргаликда АҚШ товарлари учун қўшимча 93 млрд долларлик божларни тайёрламоқда.
Йил бошида юз берган Венесуэла ва Эрондаги нотинчликлар ҳам олтиннинг «хавфсиз бошпана» сифатида инвесторлар учун жозибадорлигини оширмоқда. АҚШ Венесуэла президентни ҳибсга олган бўлса, Эрондаги оммавий норозиликлар фонида Доналд Трамп Эрон билан савдони давом эттирган давлатларга 25 фоизлик бож жорий қилиниши таъкидлади.
Сал аввал АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) раиси Жером Пауэлл унга нисбатан Трамп маъмурияти жиноий тергов бошлаганини маълум қилганди. Трамп узоқ вақтдан бери Fed’га фоизларни пасайтирмаётгани учун таҳдид қилиб келади.
ФЗТ раиси бунга жавоб қилиб, ўз лавозимида қолиши ва Америка халқига ҳалоллик билан хизмат қилишда давом этишини билдирди. Ҳодиса инвесторлар томонидан Fed мустақиллиги хавф остида дея баҳоланди.
Ўзбекистонда бугун, 20 январ учун 1 грамм олтин қуйма нархи 1 млн 848 минг сўмдан қилиб белгиланди. Рекорд кўрсаткич 1 млн 852 минг сўм бўлиб, кун давомида ёки эртага янгиланиши кутилмоқда.
2026 йилда нарх қандай бўлади?
Олтин нархи аксарият таҳлилчилар томонидан 2026 йилда ҳам ўсиши кутилмоқда. «JP Morgan» таҳлилчилари келаси йил охирида олтин 5200—5300 доллар атрофида бўлади деб кутмоқда. «Goldman Sachs» прогнози эса 4900 доллар атрофида.
Ушбу кутилмалар амалга ошадиган бўлса, 100 г кўринишидаги олтин қуйма нархи 2026 йилда 200 млн сўмдан ошади. Бу эса унга бўлган талабни янада кучайтириши кутилмоқда.
Марказий банк олтин нархи 2026 йилга келиб 4 000 доллар атрофида бўлишини прогноз қилганди. Вазириятга қараб нарх 5 500 долларгача чиқиши ёки 2 500 долларгача арзонлаши ҳам мумкин.
Сўнгги воқеалар фонида олтин нархи 2026 йилда ҳам барқарор равишда ўсишда давом этишини кутиш мумкин.
Аввалроқ, олтинга Ўзбекистон шароитида қандай қилиб инвестиция киритиш ҳақида маълумот берилганди.





