add

Ўзбекистонда доллар курси қаерда ва қандай шаклланади?

26.01.2026 | 09:182 daqiqa

Доллар курси ҳафтанинг иш кунларида ҳар куни ўзгариб туради: нархлар юқорилайди ёки пастлайди. Ҳеч қизиқиб кўрганмисиз у қаерда ва қай тарзда шаклланади?

Ўзбекистонда доллар курси қаерда ва қандай шаклланади?

Ўзбекистон Республика валюта биржаси (ЎзРВБ) валюта савдосини ташкил қилади. Асосий иштирокчилар — банклар: улар валюта сотиб олади ва сотади, талаб-таклиф бир майдонда учрашади.

Бу ерда валюта курслари «қандайдир маъмурий бўйруқ» асосида шаклланмайди, асло. Импорт тўловлари кучайса, банклар кўпроқ харидга киради, экспорт тушумлари ёки таклиф ошса, нархга босим пасаяди. Савдо фаоллиги паст бўлса, нарх сигнали ҳам заифроқ кўринади ва секинроқ янгиланади.

Натижада, битимлар орқали бозорга яқин курс сигнали пайдо бўлади, ким кўпроқ харид қилаяпти, ким кўпроқ сотаяпти — шу ерда аниқланади.

«Марказий банк» эса савдолардан келиб чиқиб, расмий курсни эълон қилади, банк иловасидаги сотиб олиш ва сотиш курси эса хизмат харажати ва валюта риски баҳоси сабаб фарқ қилиши мумкин.

 

Биржанинг асосий ишлари

ЎзРВБʼнинг биринчи галдаги вазифаси — савдони бир хил қоидада олиб бориш. Савдо вақти, битим тартиби, кимлар иштирок этиши ва маълумот бериш талаблари аниқ белгиланади. Бу иштирокчилар учун «бир майдон, бир қоида» деган ишончни беради.

Иккинчи вазифаси — ҳисоб-китоб интизоми. Битим тузилгандан кейин пул ва валюта ўз вақтида ўтказилиши, кечикиш ва тушунмовчиликлар камайиши керак. Биржа шу жараёнда тартиб, техник ечим ва назоратни таъминлашга масъул.

Учинчи йўналиши — пул бозори. ЎзРВБʼда давлат қоғозлари ва репо битимлари ҳам учрайди. Банклар давлат қоғозини гаров қилиб қисқа муддатли пул олади, кейин келишилган куни қайта сотиб олади. Бу операциялар ликвидлик ва қисқа муддатли фоиз сигналига таъсир қилиб, валюта бозори кайфияти билан ҳам боғланиб туради.

 

Фонддан асосий фарқ

«Тошкент» фонд биржаси, одатда, компания капиталига хизмат қилади. Акция, корпоратив облигация, ошкоралик ва инвестор муносабати асосий ўринда туради. ЎзРВБ эса кунлик ҳисоб-китоб ва ликвидликка боғлиқ: валюта савдоси, банклар эҳтиёжи, пул бозори операциялари билан шуғулланади. «Товар-хом ашё биржаси» эса товарлар нархи шаклланадиган майдон ҳисобланади.

Шунинг учун ЎзРВБʼга фақат курс таблоси деб қарамаслик керак. У валюта савдоси учун тартиб ва маълумот манбаи ҳисобланиб, талаб-таклиф қай томонга оғса, курс сигнали шунга яқин ҳаракат қилади. Курсни тушуниш учун битта рақамга эмас, савдо фаоллиги ва ликвидлик белгиларига қараш кифоя.

Г.Бозорова тайёрлади.

Teglar

Mavzuga oid