add

Радарлар учун қатъий рўйхат, PayPal ва Apple Pay келиши ҳамда маъқулланган исломий банк фаолияти — 5 феврал дайжести

Kecha 23:004 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Радарлар учун қатъий рўйхат, PayPal ва Apple Pay келиши ҳамда маъқулланган исломий банк фаолияти — 5 феврал дайжести

15 млн кишининг маълумотлари Darknet’га сотилдими? Депутат вазирлардан изоҳ сўради

Адолат» СДП депутати Муҳаммаджон Валиев 15 миллион фуқаронинг шахсий маълумотлари Darknet тармоғида сотувга чиқарилгани ҳақидаги хабарлар юзасидан Рақамли технологиялар, Ички ишлар вазирлари ҳамда Статистика агентлиги раҳбарига расмий сўров юборди. Депутат «my.gov.uz» портали ва ҳукумат аутентификация тизими («OAuth» сервери) қай даражада ҳимоялангани, ушбу маълумотларнинг сизиб чиқишига қайси омиллар сабаб бўлгани ва фуқароларнинг молиявий хавфсизлигини таъминлаш чоралари ҳақида аниқ изоҳ сўрамоқда.

Сўровда Ички ишлар вазирлигидан киберҳужумни содир этганларни аниқлаш бўйича тезкор чоралар, Статистика агентлигидан эса аҳолини рўйхатга олиш жараёнида тўпланган маълумотлар ҳимояси бўйича ҳисобот сўралган. Партия вазият фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигига таҳдид солаётганини таъкидлаб, соҳада қонунчиликни кучайтириш бўйича таклифлар кутмоқда.

Ўзбекистонда ҳар 1 000 аҳолидан 32 таси тадбиркор

Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектлари сони аҳоли жон бошига нисбатан барқарор ўсиш тенденциясини намоён этмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил 1 январ ҳолатига мамлакатда ҳар 1 000 нафар аҳолига ўртача 31,7 та тадбиркорлик субъекти тўғри келган.

Энг юқори кўрсаткич Жиззах вилоятида қайд этилган бўлиб, бу ерда ҳар 1 000 аҳолига 61,0 та тадбиркор тўғри келади.

Иккинчи ўринда Тошкент шаҳри жойлашган. Пойтахтда ушбу кўрсаткич 45,3 тани ташкил этган. Хоразм вилояти ҳам юқори фаоллик намоён этиб, 44,8 та натижа билан етакчи ҳудудлар қаторига кирган. Сирдарё, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида эса кўрсаткичлар 36–38 та атрофида шаклланган.

Ўртача даражадаги ҳудудлар қаторига Бухоро, Андижон ва Тошкент вилояти киради. Бу ерларда ҳар 1 000 аҳолига 29–35 та тадбиркор тўғри келмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида кўрсаткич 27,9 тани ташкил этган.

Сенат исломий банк фаолиятига оид қонунни маъқуллади

Сенат исломий банк фаолиятини жорий этишга оид қонунни маъқуллади. Унга кўра, мамлакатдаги 2 та кодекс ва 7 та қонунга ўзгартиришлар киритилиб, исломий молия хизматларининг ҳуқуқий асослари белгиланди. Эндиликда банклар тўлиқ исломий банк сифатида ёки анъанавий фаолият билан биргаликда «исломий дарча» шаклида хизмат кўрсатиши мумкин бўлади. Исломий молия тамойилларига риоя этилишини назорат қилиш учун Марказий банк ва тижорат банкларида алоҳида Исломий молия кенгашлари ташкил этилади.

Исломий молия операцияларининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиб, Солиқ кодексига янги боб киритилди. Унга кўра, мижозга сотиладиган товарлардаги устама ҚҚСдан озод қилинади ва олинган фойда солиқ мақсадларида фоизли даромадларга тенглаштирилади.

PayPal, Apple Pay ва Google Pay Ўзбекистонда расман ишга тушиши кутилмоқда

5 февраль куни Сенат «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришларни маъқуллади. Шу пайтгача халқаро тўлов гигантларининг Ўзбекистонга киришига тўсқинлик қилган асосий чеклов — маълумотларни фақат мамлакат ҳудудида сақлаш талаби юмшатилди. Янги тартибга кўра, фақат биометрик, генетик ва телекоммуникация маълумотларини Ўзбекистонда сақлаш мажбурий бўлиб қолади, бошқа маълумотлар учун эса халқаро серверлардан фойдаланиш имкони яратилади. Бу ислоҳот яқин келажакда Apple Pay, Google Pay ва PayPal тизимларининг мамлакатда расман иш бошлашига ҳуқуқий асос бўлади.

Сенаторлар ушбу ўзгаришлар электрон тижорат ривожига туртки бериши ва фуқаролар учун жаҳон платформаларидан фойдаланишни енгиллаштиришини таъкидламоқда. Бироқ, ушбу янгилик 15 миллион фуқаронинг шахсий маълумотлари Darknet тармоғига сизиб чиққани ҳақидаги шов-шувлар фонида юз бермоқда.

Фото ва видео орқали қайд этиладиган ҳуқуқбузарликлар рўйхати тасдиқланди

2026 йил 4 февралдаги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муҳим ўзгартиришлар киритилди. Эндиликда махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари (радарлар) орқали аниқланадиган ҳуқуқбузарликларнинг қатъий рўйхати белгиланди. Бунга хавфсизлик камарини тақмаслик, телефондан фойдаланиш, тезликни соатига 20 км гача ошириш ҳамда тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш каби ҳолатлар киритилди. Шунингдек, айрим кичик қоидабузарликлар учун жарима ўрнига расмий маъмурий огоҳлантириш бериш тизими жорий этилди.

Янги қонунчиликка кўра, агар йўл ҳаракати қоидабузарлиги фото ёки видео орқали қайд этилса, маъмурий жазо (жарима ёки огоҳлантириш) ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб бир ой ичида қўлланилиши шарт. Агар ушбу муддат ўтиб кетса, ҳайдовчи жавобгарликка тортилмайди. Бироқ, агар чиқарилган қарор устидан шикоят қилинса ва суд жараёни бошланса, бу муддат бир йилгача узайтирилиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid