Россия ва Ғарб ўртасидаги иқтисодий уруш: учта афсона ва асл манзара
Москва ҳақиқатан ҳам санкциялар режимини енгиб ўтдими? Уйдирмалар эмас, далиллар билан гаплашадиган вақт келди.

Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганига тўрт йил тўлди. Бу давр мобайнида нафақат шаҳарлар ва инфратузилма, балки мамлакат иқтисодиёти ҳам мисли кўрилмаган даражада зарар кўрди. Бугунги кунда асосий иқтисодий қийинчиликлар Украина зиммасига тушмоқда. Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра, агар уруш ҳозироқ тўхтаса ҳам, вайроналарни тиклаш учун 588 миллиард доллар керак бўлади. Бу маблағ Украинанинг йиллик Ялпи ички маҳсулотидан (ЯИМ) қарийб уч баравар кўпдир.
Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар билан бир қаторда, Россия ва Ғарб ўртасидаги иқтисодий қарама-қаршилик ҳам кескин тус олмоқда. Эътиборлиси, ўтган йил давомида иқтисодий жабҳадаги вазият фронт чизиғидаги ўзгаришларга қараганда анча шиддатлироқ ривожланди. Ҳозирда жанг майдонида иккала томон бир-бирини ҳолдан тойдиришга ҳаракат қилаётган бўлса, иқтисодий майдондаги воқеалар ривожи бу можаронинг тақдирини ҳал қилувчи асосий омил бўлиши мумкин.
Бироқ, иқтисодий уруш жабҳасида аслида нималар бўлаётгани «уруш тутуни» ортида яширинган. Вазиятни янада мураккаблаштирадиган жиҳат шундаки, кўплаб иштирокчилар реал фактлардан кўра сиёсий ташвиқотларга асосланган маълумотларни тарқатишдан кўпроқ манфаатдор. Урушнинг асл йўналишини англаш учун Россия иқтисодиёти ва Ғарб имкониятлари ҳақидаги учта асосий афсонага чек қўйиш керак.
Биринчиси – Россия кўраётган иқтисодий зарарларни гўёки назорат қилса ва эпласа бўлади, деган қарашдир. Кремл хазинаси ва халқи қанча талофат кўрмасин, урушни давом эттиришга тайёрдек туюлиши мумкин, аммо бу жараён унинг иқтисодиётини вайрон қилмаяпти, дегани эмас.
2022 йилги босқин оқибатида Кремл ўзининг энг катта газ экспорт бозори — Европадан маҳрум бўлди. Урушдан аввал Россия Европа Иттифоқига йилига тахминан 150 миллиард куб метр газ сотар эди, ҳозир эса бу кўрсаткич 38 миллиард куб метрга тушиб қолди. Европа газ фючерсларининг сўнгги нархларидан келиб чиқилса, ҳар бир миллиард куб метр газнинг қиймати 300 миллион евродан (353 миллион доллар) ошади. Бу эса Россия йилига 34 миллиард евро (40 миллиард доллар) миқдорида даромаддан қуруқ қолаётганини англатади. Европа Иттифоқи давлатлари Россия гази импортидан бутунлай воз кечадиган келгуси йилда бу зарар миқдори янада ортади.
Шу билан бирга, бутун дунё бўйлаб Россиянинг қарийб 335 миллиард долларлик суверен активлари ҳамон музлатилган ҳолатда турибди. Гарчи Кремл Украинани қўллаб-қувватлаётган давлатларни бу маблағлардан мудофаа йўлида фойдаланиш фикридан қайтариш мақсадида санкцияларга қарши бир неча бор юридик даъволар қўзғатган бўлса-да, Россиянинг сўнгги музокаралардаги таклифлари мазмунидан шу нарса англашиладики, Москва бу маблағларнинг катта қисми ҳеч қачон қайтарилмаслигини пинҳона тан олиб бўлган.
Шунингдек, Кремл ўзининг сўнгги ички хазинаси — Миллий фаровонлик фонди ҳам қуриб бораётганини тан олди. Йил бошида маблағларнинг рекорд даражада тез сарфлангани ҳисобга олинса, нефт нархи барқарор ўсмаган тақдирда, фонд йил охирига бориб бутунлай тугаб битиши мумкин.
Иқтисодиётнинг барқарор ишлаётган ягона тармоғи бу — ҳарбий ва мудофаа саноатидир. Бироқ қарз олиш харажатларининг муттасил юқорилиги, шунингдек, фронтдаги йўқотишлар ва сафарбарлик оқибатида меҳнатга лаёқатли аҳолининг қисқариб бораётгани Россия иқтисодиёти ҳамон тинкаси қуриб бораётганидан далолат беради.
Барҳам берилиши керак бўлган иккинчи афсона — Америка Қўшма Штатларининг Россияга қарши иқтисодий уруш олиб боришга бўлган қизиқиши сўнган, деган қарашдир.
Президент Доналд Трамп ўт очишни тўхтатиш ва можарони ҳал этишга эришилган тақдирда Россия ва Америка ҳамкорлиги бўйича таклифлар бераётган бўлиши мумкин, бироқ у ҳамон санкцияларни ўз кучида қолдирмоқда.
Аслида эса, унинг маъмурияти томонидан қўлланилаётган иқтисодий жазо чоралари Кремлнинг ягона йирик экспорт бозори бўлиб қолаётган нефт соҳасида янада жиддийроқ зарар келтирмоқда.
Октабр ойида Вашингтон Россиянинг энг йирик икки нефт компанияси — «Роснефт» ва «Лукойл»га нисбатан кенг кўламли санкциялар жорий қилди. Илк натижалар шуни кўрсатмоқдаки, бу чекловлар Кремлнинг жаҳон бозорига нефт етказиб бериш салоҳиятига жиддий зарба бўлди ва унинг имкониятларини сезиларли даражада чекламоқда.
Ушбу чекловлар доирасида Россия хом ашё экспортининг катта қисмига масъул бўлган компаниялар қора рўйхатга киритилди ва бу ҳолат банклар, трейдерлар ҳамда қайта ишлаш заводларини, хусусан, Осиё бозоридаги шартномаларда иштирок этишдан чўчитиб қўйди.
Россиянинг «Соя флоти»га қарши санкциялар қўллашда Трамп маъмурияти Европадан ортда қолаётган бўлиши мумкин. Бироқ, Эрон кемаларига чекловлар қўйиш борасида АҚШ Европани сезиларли даражада ортда қолдирди. Бундай вазият жаҳон бозорида назорат қилиб бўлмайдиган «қора» нефт миқдори аввалгидан ҳам кўпайишига олиб келди.
Натижада харидор излаётган нефт захиралари ортиб бормоқда. Юклар тўпланиб қолди, қайта ишловчи корхоналар санкцияларга учрашдан чўчиётгани сабабли ўнлаб миллион баррел нефт аниқ манзилсиз омборларда ёки танкерларда қолиб кетмоқда. Юзага келаётган ҳолат шуни кўрсатмоқдаки, санкциялар экспортни бутунлай тўхтатиб қўяётгани йўқ, балки савдони секинлаштириб, мавҳумлаштирмоқда. Бунда Россия хом ашёси харидор излашга ва тобора каттароқ чегирмалар таклиф қилишга мажбур бўлмоқда.
Шу сабабли, Трампнинг Эронга зарба бериш таҳдиди ортидан юзага келган геосиёсий хавф туфайли «Брент» маркали нефтнинг эталон нархи бир баррел учун 70 доллардан ошган бир пайтда ҳам, Россия харидорларни жалб қилиш учун бир баррел учун 30 долларгача чегирма беришга мажбур бўлди.
Бу фақатгина Америка Қўшма Штатларига тегишли масала эмас. Ҳатто Вашингтон Россия нефти харидини камайтириш эвазига тарифлар бўйича очиқ музокаралар олиб борган Ҳиндистонда ҳам Европа санкциялари босимнинг ортишига ёрдам берди. Брюссел ўтган йил давомида «айланиб ўтишга қарши чораларини» сезиларли даражада кучайтирди ва ҳатто Хитой ҳамда Ҳиндистондаги нефтни қайта ишлаш заводларини ҳам нишонга олди.
Ҳиндистоннинг йириклиги бўйича иккинчи ўринда турувчи ва қисман «Роснефт» компаниясига тегишли бўлган «Вадинар» нефтни қайта ишлаш заводи ўтган йилнинг ўрталаридан бери қора рўйхатда турибди.
Европа Иттифоқи ҳозирда Россияга қарши 20-санкциялар пакетини тайёрламоқда. Бу галги чекловлар аввалгиларидан ҳам қаттиқроқ бўлиши кутиляпти — Брюссел Россия хом нефти савдосини қўллаб-қувватлашни бутунлай тақиқлашни таклиф қилди. Бироқ, бу жараён ҳамда Украина учун ажратилган 90 миллиард евролик (106 млрд доллар) муҳим кредит масаласи Европа Иттифоқи ичидаги келишмовчиликлар сабаб тўхтаб қолди. Бунга Венгриянинг уруш бошланган кун арафасида ўз вето ҳуқуқидан яна фойдалангани сабаб бўлди.
Давом этаётган иқтисодий уруш билан боғлиқ барҳам берилиши керак бўлган учинчи афсона ҳам айнан шунда: Европа Киевга ёрдам бериш учун ўз ғазнасидан пул тўлашга тайёр бўлиши шарт, деган қарашдир. Европа Иттифоқида бунинг мақбул муқобили бор: Россиянинг музлатилган активлари.
Аслида, 90 миллиард евролик кредит режасининг ўзи ҳам декабр ойида, иттифоқ ушбу активлардан фойдаланиш режаси бўйича бир тўхтамга кела олмаганидан сўнг, сўнгги лаҳзаларда шошилинч равишда ишлаб чиқилган эди. Бу активларнинг асосий қисми Европа Иттифоқи юрисдикцияси остида мустаҳкам турибди. Ўтган йили музокаралар муваффақиятсиз якунланди, аммо бу уларга қайта мурожаат қилиб бўлмайди, дегани эмас.
Россия, Америка Қўшма Штатлари ва Украина ўртасидаги дипломатик музокараларда ҳеч қандай кўзга кўринарли силжиш бўлмаётгани ҳамда ҳар икки томон жангларни бешинчи йил ҳам тўхтовсиз давом эттиришга ҳозирлик кўраётгани сабабли, иқтисодий уруш ҳам давом этиши аниқ.
Россия иқтисодиётини ҳақиқий инқирозга учратиш ва Москвани урушни тўхтатиш учун ён беришга мажбур қилиш мақсадида, Ғарб аввал кўрилмаган энг кескин чораларни қўллаши зарур. Акс ҳолда, вазият бундан-да ёмон тус олиши мумкин: Кремл шартлари асосида тинчлик ўрнатилиши Россияни келажакда янги босқинларга руҳлантиради.





