Тарих ва ҳунармандчилик туташган макон: XVI асрга оид Бароқхон мадрасасидан фоторепортаж
«Хастимом» мажмуасида жойлашган Бароқхон мадрасаси бугун нафақат ўзининг салобатли меъморчилиги билан, балки миллий ҳунармандчилик анъаналарини ўзида жамлаган жонли маскан сифатида ҳам эътиборни тортади. Vaqt.uz фотомухбири Жавҳар Чоршанбиева асрлар синовидан ўтиб, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар билан гавжум бўлган ушбу тарихий ёдгорлик бўйлаб сайр қилиб, унинг бугунги нафасини кадрларга муҳрлади.

Тошкентнинг тарихий марказида қад ростлаган Бароқхон мадрасаси XVI асрнинг ўрталарида (1531–1532-йилларда бошланиб, аср ўрталарида якунланган) Шайбонийлар сулоласи вакили Наврўз Аҳмадхон — халқ орасида Бароқхон номи билан машҳур ҳукмдор томонидан бунёд этилган. Ўзида Мовароуннаҳр меъморчилигининг энг гўзал намуналарини, нилий гумбазлар ва сиркор кошинларни мужассам этган бу бино неча асрлик ижтимоий ўзгаришлар, вайронкор зилзилалар ва замонлар эврилишига қарамай, ўзининг асл қиёфаси ва салобатини сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Мадраса пештоқидаги мураккаб геометрик ва наботий нақшлар бугун ҳам ўтмишнинг юксак маданиятидан, ота-боболаримизнинг меъморий салоҳиятидан сўзлаб туради.
Бугунги кунда мадраса том маънода тарихий ва маданий меросимизни тирик ушлаб турган ўзига хос очиқ осмон остидаги санъат марказига айланган.



Вақтида толиби илмлар дарс қилган мўъжаз ҳужралар эндиликда моҳир ҳунармандларнинг устахоналарига айлантирилган. Бу ерда ёғоч ўймакорлари, наққошлар, хаттотлар ва миниатюра усталари ўзларининг кўз нурини бериб яратган ноёб асарларини бевосита жараён устида намойиш этишади. Қадимий деворлар орасида миллий эсдалик совғалари, сиркор идишлар ва ипакка туширилган тасвирлар савдоси қизғин давом этади. Бу муҳит қайсидир маънода бир неча аср орқага қайтиб, Қадимий Ипак йўлидаги гавжум ва қайноқ бозорни ёдга солади.




Айнан мана шу тарихий аура ва тирик ҳаракат уйғунлиги сабабли ҳам Бароқхон мадрасаси маҳаллий ва хорижий сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган гўшалардан биридир. Ўзбекистоннинг бой маданиятини ўз кўзи билан кўриш истагида келган хорижликлар усталар ишини ҳайрат билан кузатса, маҳаллий зиёратчилар мажмуанинг сокин файзидан баҳра олади.





Ҳар бир ҳужрадан таралаётган ёғоч иси, нақшларнинг ёрқин жилоси ва мажмуа бўйлаб турли тилларда янграётган суҳбатлар – бу ерда ўтмиш ва бугунни ягона бир бутунликка айлантиради. Объектив орқали кузатувчи учун эса бу, шубҳасиз, инсон ва тарих муносабатларини очиб берувчи бебаҳо визуал ҳикоядир.
















Teglar






