
Трамп сиёсати Россияни дефолт ёқасига етакламоқда
Нефт нархларини пасайтиришга қаратилган АҚШ сиёсати Россиянинг нефт ва газ секторини 1990-йиллардан буён энг кучли инқирозга дучор қилиши мумкин.

Россия иқтисодиёти, айниқса нефт-газ сектори, сўнгги ўн йилликлардаги энг оғир босқични бошдан кечирмоқда. «The Times» нашри таҳлилига кўра, бу инқирозга фақат санкциялар эмас, балки АҚШ президенти Доналд Трамп юритаётган нефт нархларини пасайтриш сиёсати ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Газетага кўра, мазкур омиллар Россияни молиявий барқарорликдан маҳрум қилиб, дефолт хавфини кучайтирмоқда.
Россиянинг Украинадаги урушни молиялаштириш имконияти тўғридан тўғри нефт-газ экспорт тушумларига боғлиқ. Бироқ сўнгги ойларда бу даромадлар қисқариб бормоқда. Сабаб сифатида «тешик» деб баҳоланаётган санкциялардан ташқари, жаҳон бозорида углеводородлар нархининг пасайиши кўрсатилмоқда. Бу жараён эса айнан Трамп маъмуриятининг устувор мақсадларидан бири ҳисобланади.
«The Times»нинг таъкидлашича, Трамп учун асосий сиёсий хавф — АҚШда ҳаёт қимматлашуви. Шунинг учун бензин нархларини пасайтириш Оқ уй учун ижтимоий босимни юмшатувчи восита сифатида қаралмоқда. Нефт нархларини глобал миқёсда тушириш АҚШ истеъмолчилари учун фойда келтирса-да, хомашё экспортига қарам иқтисодиётларни, хусусан Россияни оғир оқибатларга етакламоқда.
Газета маълумотига кўра, Трампнинг Венесуэла бўйича фаоллиги ҳам айнан шу мақсадга хизмат қилмоқда. Яқинда у АҚШ ва Европа нефт компаниялари раҳбарлари билан учрашиб, Венесуэлада қазиб олишни кенгайтириш учун ўнлаб миллиард доллар сармоя киритишга чақирган. Бу эса бозорда нефт таклифини ошириб, нархларни янада босим остига қўйиши мумкин.
Мутахассисларнинг фикрича, бу ҳолат Россия иқтисодиётидаги ички муаммоларни янада чуқурлаштиради. «The Times» таҳлилчи Крейг Кеннедига таяниб, Россия нефт-газ сектори 1990-йиллардан бери энг ёмон аҳволга тушганини қайд этади. Шу билан бирга, банк тизимидаги муаммолар бутун молиявий тизим дефолти хавфини ошираётгани таъкидланади.
Натижада, Кремл учун энг катта хатар санкциялар эмас, балки глобал нефт бозоридаги янги реаллик бўлиб чиқмоқда. Трамп сиёсати билвосита Россия иқтисодиётини заифлаштириб, уни узоқ муддатли молиявий инқироз сари етаклаши мумкин.





